Коррупционер мансабдорлар, афсуски, ҳанузгача учраб турибди

0
1163040

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судидан олинган маълумотлар коррупция гирдобига тушаётганлар орасида мансабдор шахсларнинг, оқни қорадан ажрата олган давлат хизматчилари ва зиёли инсонларнинг, ҳатто ўзи қонун ҳимояси бўлган ходимларнинг ҳам борлигини кўрсатмоқда. Оддийроқ қилиб айтганда, бу тоифадаги кимсалар ўзининг боши деворга урилмагунча, коррупциявий жиноятларни кўриб, эшитса ҳам, ҳатто ўзи гувоҳ бўлса ҳам, кўзини очмаяпти. Масалан, Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган Ш.Файзиматовадан тергов жараёнида қамаб қўймасликни терговчи билан гаплашиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1500 АҚШ доллари олган Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов, бола парвариши таътилидан ишга қайтмоқчи бўлган Н.Мамажоновадан 200 АҚШ долларини олаётганда ушланган Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Эътиборхон Исроилова ҳамда муассаса ошпази Асила Холқўзиева, Марғилон шаҳридаги “Чилонзор” МФЙда ўтказилган текширишда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбормаслик эвазига МФЙ котиби З.Усмоновдан 2,3 млн сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида олган Марғилон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари А.Мелибоев, Қўштепа туманидаги аёллар жиноятчилиги ошган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларини ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, сўнгра ўз вазифасида қолдириш эвазига жами 4.500.000 сўм нақд пулни пора тариқасида олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар кенгаши раиси вазифаси (айни лавозим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан тугатилган)да ишлаган Сожидахон Олимбоева Фарғона политехника институти талабаси К.Каримқуловани 3 минг АҚШ доллари эвазига иқтисодиёт йўналишига кўчиртириб беришни ваъда қилиб, 1500 АҚШ долларини олган вақтида ушланган олийгоҳнинг ўқув-услубий бўлими бошлиғи А.Мамажонов, Қўқон давлат педагогика институтининг табиий фанлар факультети талабаси М.Ваҳобованинг ўқишга келмаган кунлари ва баҳоларини тўғрилатиб бериш эвазига 300 АҚШ долларини олаётганда ушланган 4-босқич талабаси Н.Умаровалар шулар жумласидандир.

* * *

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шу маънода айтганда, юқоридаги ҳолатлар бўйича айбдорлар суд ҳукмига биноан қонуний жазога маҳкум этилган. Лекин ўзи қонун ҳимоячиси бўлган Д.Абдуллажонов, туман ҳокими ўринбосари С.Олимбоева,  ёш авлодга таълим тарбия берадиган Э.Исроилова, А.Мамажоновларнинг хатти-ҳаракатини қандай тушуниш мумкин? Уларнинг қилмишлари ҳамюртларимизнинг амалдаги қонунларимизга ва давлат идораларига бўлган ишончини сўндирмаслигига ёхуд фуқароларимиз қалбида ўчмас салбий из қолдирмаслигига ким кафолат беради? Ишонган тоғда кийик ётмас, деб балки шунга айтишса керак-да.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш барчамиздан бирдек масъулият талаб этишини унутмаслик шарт. Зеро, нафс гирдоби касбу лавозим танламайди.

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири