ТаҳлилДунё коррупцияга қарши: комплеанс назорат нима?

Дунё коррупцияга қарши: комплеанс назорат нима?

Коррупцияга қарши ўз вақтида курашилмаса, давлатчиликни инқироз ёқасига олиб келади. Шу сабабли коррупцияга қарши курашишда барча воситаларни жалб қилиш доимо барча давлатлар эътиборида турган жиддий масала ҳисобланади.

Ҳозирда, ушбу иллатга қарши курашиш учун энг самарали усуллардан бири ташкилотда комплаенс-назорат тизимини яратиш ҳисобланади.

Ушбу тизим дастлаб, 1906 йилда АҚШда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар фаолиятини назорат қилиш федерал хизматининг (FDA, Food and Drug Administration) ташкил этилиши натижасида вужудга келган.

«Комплаенс-назорати» тизимининг шаклллари: тиббиёт, давлат фуқаролик хизмати, банк, божхона соҳаларида, жиноий даромадларни легаллаштириш, монополияга, коррупцияга қарши курашиш кабилар ҳисобланади.

Коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими – давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, банклар ва хусусий сектор фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилишини таъминловчи, коррупция хавф-хатарлари ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш каби қатор профилактик чораларни ўзида мужассам этган самарали тизимдир.

Бугунги кунда 100 дан ортиқ мамлакатлардаги давлат ташкилотлари ва хусусий компанияларда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилган.

Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Туркия, Сингапур, Малайзия, Бразилия, Словения, Қозоғистон каби бир қатор хорижий давлатларда ушбу тизим коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги асосий профилактик чоралардан бири ҳисобланади.

Шунингдек, аксарият хорижий давлатларда “комплаенс-назорат” тизими алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солингани аҳамиятга моликдир.

Масалан, Словенияда мазкур хизмат фаолияти 2014 йил 26 апрелида қабул қилинган “Cловения давлат холдинги акти тўғрисида”ги(The Slovenian Sovereign Holding Act) алоҳида қонун  билан тартибга солинади.

АҚШда “Хорижий коррупциявий амалиётлар тўғрисидаги Акт” (Foreign Corrupt Practices Act, 1977); “Сарбейнз-Оксли Акти” (Sarbanes-Oxley Act, 2002), “Додд-Франк Акти”  (Dodd-Frank Act, 2010)  номли қонун ҳужжатларида ҳам айни тизим вазифалари ва мажбуриятлари кўрсатилган.

Бундан ташқари, БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш Конвенцияси (31.10.2003) да ҳам хатарларни бошқариш ва ички назоратнинг самарали ва таъсирчан тизимлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши қабул қилинган қатор халқаро стандартларда ҳам комплаенс тизим яратилишини назарда тутади. Бунга мисол сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин;

– халқаро стандартлар (ISO 37001 –“Коррупцияга қарши бошқарув менеджементи”;

–  ISO 19600:2014 Compliance management systems;

– ISO 37301:2021 Compliance management systems – Requirements with guidance for use.

Албатта, юртимизда ҳам сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг раҳбарлигида мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали курашни ташкил этиш, бу  иллатга  батамом чек қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда ҳамда бу борадаги халқаро рейтинг ва  индексларда  Ўзбекистоннинг  ўрни  ошиб  бормоқда.

Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида эълон қилинган Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Ҳуқуқ устуворлиги” индексининг 2021 йилги натижаларига  кўра, Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, 139 та давлат орасида энг яхши натижа кўрсатган мамлакатлардан бирига айланди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида дастлабки босқичда асосий эътибор қонунчилик базасини халқаро талабларга мос тарзда такомиллаштириш, давлат бошқарувини демократлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш  масалаларига  қаратилди.

Бу борада, мавзумиз доирасидаги иккита ҳужжат айниқса диққатга сазовордир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.

Қарорда таъкидланишича, ички назорат тузилмалари ўз ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.

Мазкур тузилмаларнинг асосий вазифа ва мажбуриятлари Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом (Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган рўйхат рақами: 3319) билан белгилаб берилди. Низомда, комплаенс-назорат тузилмалари қўйидаги йўналишларда фаолият юритиши кераклиги белгилаб берилди:

  • коррупцияга қарши курашиш бўйича ташкилот фаолиятини такомиллаштириш;
  • ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш;
  • ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва назорат қилиш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш.

Хулоса қилиб айтганда, давлат ташкилотлари ва органларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг пайдо бўлиши келгусида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда муросасиз  муҳит яратишга хизмат  қилади.

Жасур Сирожев

Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img