ТаҳлилКоррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асослари

Коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асослари

Ҳар бир давлатда коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда Конституция асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда ҳам мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Конституциямизда белгиланган мезонларга таянган ҳолда амалга оширилмоқда.

Асосий Қомусимизнинг преамбуласида Ўзбекистон халқи халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясини 2008 йил 7 июлда ратификация қилиши натижасида ўз зиммасига ушбу Конвенция билан белгиланган мажбуриятларни олганлиги уни Ўзбекистон қонунчилигига имплементация қилишни тақозо этди.

Бугунги кунга қадар мазкур БМТнинг Конвенциясини имплементация қилиш натижасида 7 тадан ортиқ яхлит қонун ҳужжатлари, 20 тадан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари ва 50 тадан ортиқ қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Мисол учун, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунлар ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу жараён бугунги кунда ҳам давом этиб келиб, 10 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларни қабул қилишнинг турли босқичларида бўлиб турибди.

Албатта, ушбу ва бошқа турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16-моддасида белгиланган яна бир мезонга: “бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслигига” – амал қилинади.

Шунингдек, Конституциямизнинг ушбу моддасида мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмаслги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ҳолатларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир қилишига имкон бермаслик мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палаталари, қонуности ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар бериши кўрсатиб ўтилган.

Бу борада, юритимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар натижасида Конституциямизнинг ушбу қисмига киритилаётган ўзгартишларда ҳам ўз аксини топди.

Бундан ташқари, инсон ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилишига имкон берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ва уларнинг лойиҳаларидаги коррупцион нормаларни бартраф этишда Адлия вазирлиги асосий ва стратегик ролни бажариб келмоқда. Хусуан, Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кундалик ҳаётини тартибга солувчи 800 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди.

Мазкур ҳужжатларнинг 224 тасида ёки 28 фоизида 650 дан ортиқ коррупциявий омиллар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Аниқланган коррупциявий омилларнинг асосий қисми ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги, дискрецион ваколатларнинг кенглиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги, ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилгани билан боғлиқ.

Адлия вазирлиги томонидан давлат органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг юздан ортиқ ходимларини билим ва кўникмаси оширилди. Ушбу йўналишда тарғибот, конференция, семинар ва брифинглар ташкил қилинди.

Бундай салмоқли ишлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда туман (шаҳар)–вилоят–республика даражасида қандай ишлаётганлигини тизимли таҳлил қилиш орқали амалга оширилиши билан бирга барча давлат органлари ва ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси фаолиятини мувофиқлаштириш орқали амалга оширилади.

Конституциямизнинг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги белгиланган.

Шунингдек, Конституциямизнинг ушбу моддасига инсон ҳуқуқларининг чекланишини тийиб туришга оид қуйидагича норма қўшилмоқда: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин”.

Мазкур норма, қонун ҳужжатларимиз билан келажакда белгиланадиган жавобгарлик чоралари ҳамда унга сабаб бўлувчи омилларга қарши чекловлар зарур бўлган меъёрларда бўлиши учун қонституциявий асос бўлиб хизмат қилади. Шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахслар учун адолатлилик ва қонунийлик тамойилларига мос равишда жазо муқарарлигини таъминлайди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу индекс бўйича давлатимиз рейтингдаги ўрнининг ўсиши юзасидан ижобий тенденсия кузатилмоқда, хусусан, 2012 йилдан буён Ўзбекистон 30 поғонага кўтарилган бўлса, мамлакатимизга берилган баллар мос равишда 11 баллга юқорилаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Коррупцияни қабул қилиш индексидаги ижобий ўзгаришлар ихтисослаштирилган орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тузилиши, коррупцияга қарши курашиш соҳасида, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиниши каби коррупцияга қарши курашиш амалиёти соҳасидаги қатор ислоҳотлар билан боғлиқдир.

Йиллик ҳисоботда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти Марказий Осиёда жамиятни демократлаштириш, давлат муассасаларида коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга қарши кураш соҳасида ўрнак бўлаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бу эса, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш сиёсати МДҲ мамлакатларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан истиқболлироқ эканлигидан далолат беради.

Т. Сафаров,
Адлия вазирлиги
бош маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img