ТаҳлилКоррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида ҳабар қилиш нега муҳим?

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида ҳабар қилиш нега муҳим?

Уйимизга ўғри кирганда, бу жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳабар беришга шошиламиз. Албатта, бунинг асосий сабаби бундай мулкни тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилиб топганлигимиздадир. Бироқ айрим ҳолатларда, жумладан порахўрлик, ўз мансабини суииъстемол қилиш ёхуд давлат бюджетидан олинган маблағларни ўзлаштириш орқали талон-торож қилиш ҳолатларининг гувоҳи бўлсак-да, эътибор бермаймиз, ўзимизни кўрмаганга ёхуд эшитмаганликка оламиз. Бинобарин, орамизда бундай ҳолларда: “Бу пуллар меники бўлмаса, давлат ўз пулига ўзи қайғурсинда” дейдиганлар ҳам учрайди. Ваҳоланки, бу ҳолатлар ҳам жиноят ҳисобланади.

Давлат бюджети шаклланишнинг асосий манбаи бу солиқлардир, солиқлар эса жисмоний ва юридик шахсларнинг даромадларидан келиб чиққан маблағлар ҳисобидан олинади. Мазкур ҳолат, давлат бюджетидаги пуллар ҳам халқники эканлигидан далолат беради. Чунончи давлат бюджети маблағларидан, фуқароларнинг меҳнатга ҳақлари, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлари, чегараларимизда куну тун бизларни ҳимоя қилаётган қуролли кучларимиз, жамиятда тинч яшашимизни таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моддий таъминоти амалга оширилади.

Кўриб турибмизки, давлат бюджетини толон-торож қилаётган шахслар, бир вақтнинг ўзида нафақат давлатимизга моддий зарар етказади, балки ўзимизнинг, яқинларимизнинг, ниҳоят, фарзандларимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигига ҳам зиён етказадилар. Наҳотки, буларни била туриб бизлар, давлат бюджетини толон-торож қилувчи “каламушлар” ёхуд порахўр мансабдор шахсларнинг коррупциявий ҳуқуқбузарликлари ҳақида тегишли муҳофаза қилувчи органларга маълумот бермаймиз.

 Қайси қилмишлар коррупциявий ҳуқуқбузарлик деб топилади?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига кўра, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликларга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 611, 1931 ва 1932-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар, коррупцияга оид жиноятларга Жиноят кодекси 167-моддасининг иккинчи қисми “г” банди, 168-моддасининг учинчи қисми “в” банди, 1929 ва 19210, 205, 209 – 214-моддалари, 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳамда 301-моддасида кўрсатилган жиноятлар киради. Мазкур коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг юқори даражадаги ижтимоий хавфлилиги уларнинг нафақат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиши, давлат органларига аҳолининг ишончини йўқотишига олиб келиши балки фуқароларимизнинг манфаатларига зарар етказишида намоён бўлади. Бу, ўз навбатида, бундай коррупциявий ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кўчайтириш ва янги чора-тадбирларни қўллаш долзарблигини келтириб чиқаради.

Коррупцияга қарши курашишга оид қандай рағбатлантиришлар бор?

Юқорида қайд қилинган Низомда, коррупцияга қарши курашишга қаратилган айнан шундай янги чора-тадбирларнинг тури келтирилган. Жумладан,  Низомда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға билан рағбатлантирилиши мумкинлиги таъкидланган. Хусусан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, содир этилган жиноят эса ўта оғир жиноят тоифасига кирса, унда пул мукофоти миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида белгиланади. Бинобарин, пул мукофоти шаклидаги рағбатлантириш, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг фоизи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин. Масалан, агарда жуда кўп миқдорда пора олинса ёки зарар етказилса ёхуд мулк ўзлаштирилса,  унда рағбатлантириш миқдори, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн фоизини ташкил этади. Ташаккурнома ва эсдалик совға, коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашган шахсларга берилади. Бунда эсдалик совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Бинобарин, шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.

Бундай рағбатлантиришларнинг қонуний тарзда жорий этилиши, коррупцияга қарши курашишда, албатта, самара беришига ишонамиз.

Рафик Шакуров,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази
катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img