Куним ўтса бўлди, деган тарбиячининг кераги йўқ…

0

Ўтда ёнмас, сувда чўкмас боғча мудиралари яна қайда бор?…

Бундан икки йил аввал ҳазрат Навоий номи билан аталган шаҳардаги болалар боғчасига “Навоийхонлик” кечасига таклиф қилишди. Хурсанд бўлиб бордик. Буюк мутафаккирга эҳтиром ва болажонларнинг Навоийдан олган сабоқлари маҳсулини кўриб завқланамиз, деб борган масканимиздан ғурурланиш эмас, афсусланиш билан қайтдик. Ўйлаганларимиз афсуски, тадбир давомида чиппакка чиқди. Мактабгача таълим муассасасида ишлаётган тарбиячиларнинг бирортаси Навоий ижоди ва асарлари ҳақида лом-лим деёлмади. Муассаса маънавиятчисининг бу ҳолатга берган изоҳи эса ҳаммасидан ошиб тушди: “Улар Навоий ижоди ҳақида гапиришга бироз тортинаяпти, аниқроғи, уялаяпти”, деган баҳона қанчалик кулгили ва аянчли эканлигини тасвирлашга сўз тополмадик. Бутун дунё Навоийни ўрганаётган, хорижликлар бизнинг ўзбек тилимизда тиллари келишмаса ҳам шоир ғазалларини ёд айтаётган, Навоий даҳосига таъзим қилаётган бир даврда бундай манзарага гувоҳ бўлганимиздан изза бўлдик. “Навоийхонлик” кечаси бор-йўғи икки оғиз гап ва магнит лентасидан қўйилган 2 та қўшиқ билан тугади.

Бу биргина мисол холос. Боғча опалар ҳақидаги бошқа “эртак­лар”ни ҳам кўп эшитгансиз. Бир вақтлар, аниқроғи, беш-олти йил аввал боғча мудираси болаларга бериладиган озиқ-овқатларнинг сифатлисини эмас, арзонини “келишиб” олиши, муддати ўтиб кетган, истеъмолга яроқсиз озиқ-овқатларни болаларга берганлиги учун судлангани, вазифасидан кетгани, аммо бир неча ойлар ўтиб, яна ҳеч нарса кўрмагандек, бошқа бир болалар боғчасига мудира “бўлиб олгани” ҳақидаги хабарлардан кўпчилик бохабар. Энг ачинарлиси, бундай тоифадаги “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” мудиралар сони битта эмас… Улар яна қайда бор, фақат бизда бор!

Қалби ҳам, ўзи ҳам тоза-покиза, беғубор болажонлар тарбияланаётган табаррук жойни исловатхонага айлантирган, иймонини сотган, инсофини ютган ювуқсиз “боғча опа”лар ҳақидаги видео лавҳаларни кўрганда эса ҳар биримизнинг лабларимизга учуқ тошгани, қўлларимиз мушт бўлиб тугилгани, ор-номусдан силкинганимиз рост.

Тўғри, бу иснодларга қарши кураш олиб борилиб, кескин хулосалар қилинаяпти. Бугун юртимизда болаларни кўз қорачиғидек асрашга эътибор кучайтирилаяпти. Болаларга ибрат эмас, нафрат уйғотадиган ҳолатларга барҳам бериш чоралари кўрилмоқда. Аммо тан олиш керак, тарбиячилар ҳамон тарбияга муҳтож!

Ахир, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва халқимизга қилган Мурожаатномасида жорий йил Давлат дастурининг биринчи вазифаси қилиб айнан мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришни тилга олиши бекорга эмас, албатта.

Юртбошимиз таъкидлаганидек: “2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим.

Биринчидан, бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз — боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоиз­га, 2023 йил охирида 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

Шунингдек, 2021 йилда мактаб­га тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар ­
6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади”.

Булар қоғозда қолиб кетадиган вазифалар эмас. Бу чораларда, бу тадбирларда мамлакатнинг, миллатнинг юраги бор, келажаги бор. Бу муқаддас вазифага панжа орасидан қараш гуноҳ. Зеро, ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш кабидир, дейишади. Бола тарбияси учун давлатни бошқаришдан кўра ҳам теранроқ мушоҳада, ундан ҳам чуқурроқ донишмандлик керак, деб бежиз айтилмаган.

Шу ўринда яна бир мулоҳазамиз бор. Мактабгача таълим муассасаларида болаларни қабул қилиш ёши ҳақида айрим норозиликлар ҳам йўқ эмас. Бизда болалар 3 ёшга тўлгач мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади. Алломаларимиз эса тарбияни қанча эрта бошласак, шунча мақбул эканлиги ва самара бериши ҳақида уқтиришган. Боз устига ҳомиладорлик таътилига чиққан оналар орасида яхши шифокор — қўли гул жарроҳ, яхши ўқитувчи — кучли спорт мураббийси, яхши сиёсатчи бўлиши мумкин. Оралиқ муддатда улар қанча-қанча эзгу ишларидан узоқлашади, ажралиб қолади. Қанча-қанча даволарда ва қанча-қанча зиёларда узилиш бўлиб қолишини тасаввур қилсангиз, мақсадимизни англайсиз. Лекин улар севимли ишини туғуруқ таътилидан сўнг давом эттириши учун фарзандини ишончли қўлга топшириши керак. Боласидан кўнгли тўқ бўлмаган она қанчалик моҳир, қанчалик эпчил, қанчалик яхши мутахассис бўлмасин, у жамиятга, давлатга салоҳиятига яраша фойда келтира олмаслиги аниқ.

Тўғри, ҳозирги кунда хусусий болалар боғчалари сони ҳам кўпайди, улардан фойдаланиш мумкин. Аммо улар ўз номи билан хусусий. Хусусий секторда ҳамиша хусусий, яъни моддий манфаат юқори туришини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бунинг устига тўловларнинг бирмунча қимматлиги ҳам хусусий мактабгача таълим муассасаларидан фойдаланишга ҳаммага ҳам изн, имкон беравермайди. Уларнинг барчасида ҳам давлат таълим стандартларига риоя қилинаяптимикан, деган саволни ҳам унутмаслигимиз керак.

Бошқалардан қаеримиз кам?

Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак. Балким кўплаб соҳаларни хусусий секторга бериш ўзини оқлаётгандир. Аммо мактабгача тарбия таълимини хусусий секторга бериш учун бизнинг ўзимиз ҳали тарбияга, тажрибага муҳтож эканлигимизни инкор эта олмаймиз. Хўш, бу борада халқаро тажриба қандай? Балким улардан ўрнак олсак арзийдиган жиҳатлари бордир?

Масалан, Францияда мактабгача таълим бепул. Болалар гарчи уч ойлигидан яслиларга қабул қилинса ҳам, уларга икки ёшдан беш ёшгача болалар боғчасида таълим берилади.

Японияда болаларни боғчага қабул қилишнинг асосий шарти — ота ҳам, она ҳам ишлайдиган бўлиши шарт. Агар ишламасангиз марҳамат қилиб болангизни уйингизда ўзингиз тарбияланг, деган ақида бор. Туғуруқ таътили бир йилдан ошмайди. Болалар боғчаларида болаларнинг билимини ошириш учун турли тоифадаги педагоглар шуғулланади. Ота-оналар ҳам болалар муассасалари ҳаётига байрамларда, спорт мусобақаларида бутун оила иштирок этиши муҳим бўлган тадбирларга жалб қилинади.

Япониядаги болалар боғчасида бўлган оналардан бирини бу муассасада 12 нафар болага 6 нафар тарбиячи ва бир нафар мудиранинг парвоналиги ҳайратга солди. Ҳар бир бола меҳр ва эътибор оғушида. Ухлаётган икки ёшгача бўлган болаларнинг нафас олиши ҳар 15 дақиқада текшириб турилади, ким қорни билан ётган бўлса, тўғрилаб қўйилади. Кичкинтойларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам, уларга манзур бўладиган бутилка ва (соска)эмизакни ҳам муассасанинг ўзи сотиб олади ва аллергия қўзғатадиган маҳсулотлар берилмаслиги қаттиқ назорат қилинади. Бу ердаги бахтли болалик кунлари ҳар қандай кишининг ёдида умрбод сақланиб қолиши аниқ.

Хитойда эса оналарнинг ҳомиладорлик таътиллари бир нафасда ўтиб кетгандек бўлади. Уч ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетгандан сўнг болакайлар асосан бобо ва бувилариникида бўлишга мажбур. Болаларни боғчаларга уч ёшдан жойлаштириш мумкин. Мазкур мамлакатда мактабгача таълим муассасасида олган тарбия ўта муҳим ҳисобланади. Болакайнинг қайси боғчага бориши унинг қайси мактабга қатнаши, қайси олий ўқув юртига кириши ва қаерда ишлашини белгилаб беради. Бир сўз билан айтганда, болалар боғчаси унинг тақдирини белгилаб беради.

Душанба куни кўпчилик гуруҳларда кун давлат байроғини кўтариш ва давлат мадҳиясини ижро этишдан бошланади. Болалар боғчалари билан қўшни уйларда яшовчи аҳолининг бу тонгги ватанпарварликка кўникиши осон эмас. Бунинг учун уларнинг асаблари метиндан бўлиши керак.

Нидерландияда пул тўланадиган ҳомиладорлик таътили бор-йўғи 4 ойдан иборат. Унинг бир ойи бола туғилгунига қадар олинади. Шунинг учун кичкинтойларнинг аксарият қисми уч ойлигиданоқ ҳафтада бир неча кун бўлса ҳам болалар боғчасига йўналтирилади. Бу давлатда барча болалар боғчаси хусусий ва пуллик. Тўлов нархини муассасанинг ўзи белгилайди. Бир соатига 7 евродан арзони йўқ. Бу оила бюджети учун катта миқдор ҳисобланади ва оғирлик қилади. Шунинг учун болалар боғчага 4 ёшгача қатнайди холос. Тўрт ёшга тўлган куниёқ биринчи сентябрни ҳам кутиб ўтирмасдан бепул мактаб­ларга бориши мумкин.

Жаҳон тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, болаларга боғча ёшиданоқ берилган тарбия ва таълим келажагига таъсир кўрсатади. Болаларга кунни кеч қилиш илинжида юрган тарбиячиларга эмас, уларни юрагида меҳр билан бағрига оладиган, маҳоратли, ўз соҳасининг ҳақиқий билимдони бўлган тарбия­чиларга муҳтожмиз. Фарзандлар камоли, миллат ғурури, ифтихори учун балки боғча тарбиячиларини ҳам саралайдиган вақт келгандир?

Яна бир мулоҳазали савол: болаларни кичик эмас, 3 ёшдан сўнг боғчаларга қабул қилиш ўзини оқлаяпдими? Тарбияланувчиларнинг қандай ютуқлари, қанчалик салоҳиятга эга эканлиги, келажакдаги ўрни билан буни исботлаш мумкин? Бу борада мактабгача таълим тизимининг қандай таҳлиллари бор? Бу ҳақида бошқа бир мақолада фикрлашамиз…

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

 

 

Аввалги мақола“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича нималар қилинади?
Кейинги мақолаЕр солиғи қанча?