Ҳомиладорлик таътилидан қайтган аёл нега ишга олинмади?

0

ТЎРАҚЎРҒОН туман адлия бўлимига Салимова Дилором мурожаат қилди. У тумандаги умумий ўрта таълим мактабида ҳамшира бўлиб ишлаган, туғуруқ таътилидан сўнг ўз лавозимига қайтиш учун декабрь ойидан бери ҳаракат қилган. Лекин шу кунга қадар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан аризаси рад этиб келинаётганлигидан норозилигини айтган.

Мурожаат ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам, фуқаро Д.Салимова 2017 йилда Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғи билан умумий ўрта таълим мактабига ҳамширалик 0,5 ставка вазифасига қабул қилинганлиги, 2018 йилдан тегиш­ли буйруқ билан 1.0 ставкага ўтказилганлиги, 2019 йил 1 июнь кунидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққанлиги аниқланди.

Меҳнат кодексининг 234-моддасига биноан, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.

Шунингдек, мазкур Кодекснинг 224-моддасига биноан ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Д.Салимованинг тушунтиришича, у туғуруқ таътилидан қайтиш учун туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлимига учраганда унга бошқа жойга ишга ўтиши мумкинлиги, акс ҳолда, бир муддат, яъни унинг ўрнига вақтинча ишга олинган ҳамшира кетгунига қадар кутиб туришини айтишган.

Ўрганиш даврида туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи ҳам мазкур маълумотни тасдиқлади.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 96-моддасида “Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан ҳамда ходимнинг ташаббуси билан вақтинча бош­қа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун унинг аризаси, ҳомиладор аёлларни ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун эса, уларнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади”, деб белгиланган.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 78-моддасига биноан, иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни; ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Юқоридагиларга асосланиб, Тўрақўрғон туман адлия бўлими томонидан Тўрақўрғон туман тиббиёт раҳбарияти бирлашмасига тақдимнома киритилиб, фуқаро Д.Салимова ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққунига қадар ишлаган лавозимига ва иш жойига тикланди.