Таҳлил“Лайк” йиғиш ҳақиқий ғолиб ва мағлубни аниқлаб бера оладими?

“Лайк” йиғиш ҳақиқий ғолиб ва мағлубни аниқлаб бера оладими?

«Лайкистон» ҳақида памфлет

Кўз ўнгимда талаба қиз йиғлаяпти. Овутмоқчи бўламан. У бўлса, ўксиниб йиғлайди яна аламзадалик билан.

— Мен ўтишим керак эди!..

— Шу танлов сенга нима беради ўзи, йиғлашингга арзирмикан?

— Қимматбаҳо совға, диплом…

— Минг долларлик ютуғи бормикан, дебман…

— Гап ютуқдамас-ку, мен ютиб мотивация олмоқчи эдим, мотивация!

Гап талаба қизнинг йиғлаганида ҳам, танловда совринли ўрин ололмаганида ҳам эмас, унинг мотивация ололмаганини билиб, унга мотивация беришга уриндим. Лекин қўлимдан келмади. У жиддий ҳафа бўлганди.

Қулоғимда унинг мотивация деган сўзлари қолиб кетди. Мотивация!

Ҳозирги танловларнинг “лайк” йиғиш ўйини эканини билсам-да, у мотивация ҳақида гапиргани учун индамадим.

Ёнидаги талаба қиз уни овутмоқчи бўлиб гап бошлади:

— Эй, шунгаям йиғлайсизми? “Лайк”ни тўғрилаб берадиган танишим бор эди айтмайсизми?

— Нима? Қандай қилиб?

— Китобхонлик танловида 2-ўринни олдик 16 мингта “лайк” билан. Танишим 12 соатда 16 мингта “лайк” уриб берди.

— Қанчага?

— Битта яхши гапга. Ҳеч қанақа пул олмади у блогер. Лекин танловда ғолиб бўлдик, барибир биринчиликни ололмадик…

— Янаги сафар танловда қатнашсам, айтаман, ёрдам берасиз-а?

— Эртароқ айтмабсиз-да…

“Савдо пишди”.

Бу гапларни эшитиб туриб, тилим лолу ўзим ҳайрон эдим.

Ёшларнинг фикри бузилиб, ҳатто ғирром ғолиб бўлишдан ҳам тап тортмаётгани, очиғи, ғашимни келтирди.

Бу ўткинчи танловлар ўтар-ку, кетар, янги ренессанс одамлари бўлган бу ёшлар-чи?! Улар Сизу биз ишонган Ўзбекистоннинг келажагими?!

Бу бир ҳаётий суҳбат. Бугунги кунда нафақат ўқувчи ва талаба ёшлар орасидаги танловлар, балки, катталар ўртасидаги танловлар ҳам “лайк” ўзар мусобақасига айланиб, танловлардан тобора одамларнинг кўнгли қолаётгани бор гап!

Сизга қандай туюлади, билмадим, масалан, мен яқинда бир ҳамкасбим ана шундай танловлардан бирида қатнашиб, очиғи, уч-тўрт кун “ўзида бўлмай” яшаганига гувоҳ бўлиб, ҳар қандай танлов унинг билимига, зеҳнига баҳо беролмаслигини, бу безовталикка сабабчи бўлаётган “лайк” ўзарлар унинг хотиржамлигига арзимаслигини тушунтирмоқчи бўлдим. Бу ҳақда унинг ўзига айтдим ҳам.

Лекин қани энди ўша кунларда унинг ишида унум бўлса… Ўзи ҳам буни тан олиб, анча кайфияти бузилганини, жами танишларига, қариндошларига, синфдош, курсдошлари-ю, ҳамкасбларига, контактларига хабар қилса ҳам, “лайк”лар сони бўйича орқада қолганини айтди.

— “Лайкистон”, — деди аллақандай норозилик ва жаҳл билан у. — “Лайкистон!”… Ҳа, лайлаклар лайк ташлаб кетмоқда, — давом этди киноя билан.

Шу биргина сўз ортида унинг шунча овворагарчилиги-ю, бор алами, камига танишларнинг “табрикласак бўладими?” деганга ўхшаш гаплари ҳам бор эди.

Ғирромчига жазо борми?

Юқоридаги ҳар икки мисолда ҳам танловлардаги мезонларнинг нақадар нисбий экани, улар ортида кимнингдир чаққонлиги-ю, ғирромлиги, ноҳақлиги яққол сезилиб турибди.

IT соҳаси билимдонлари мени кечирсинлару бу ғирромликлар ортидан манфаат топиш, таниш-билишчилик қилишлар қайси коррупция аломатидан, қайси жиноятдан кам?

Бундай ўйлаб қаралса, ким ғолиб ўзи?! Мағлублар асл ғолиб эмасми? Ҳар икки дунёси учун ҳам ҳақиқату адолат томонда турган, ғирром ўйин қурбони бўлаётган мағлубларнинг додини ким эшитади? Ғирромчи ғолиблар, аслида билими, савияси пастлар ғолиб эмас, мағлублигини қачон тан олади?! Бу каби жиноятларга, ҳа, майли, ҳуқуқбузарликларга ҳам жазо борми? Қонунчилигимизда бундай жиноятлар қандай тавсифланади?!

Ҳуқуқшуносларга таклиф

Ҳуқуқшунослар бу каби “замонавий қонунбузарликлар” учун ҳам тегишли жазо чоралари белгиланиши учун зарур қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиши, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик сингари замонга мос қонуний атамалар ишлатилаётганида шу каби қонунбузилишларни ҳам инобатга олишлари зарур, албатта.

 “Пешонамизни шўри экан…”

Бу каби саралашларнинг “кулминацион” нуқтасини топдим яқинда. Бундан баттари бўлиши мумкин эмас, ишонаверинг! Карикатурачи рассомларимиз аллақачон бу тўғрида карикатуралар ҳам чизиб, фикрини оммага етказиб бўлди. Лекин, кошки эди бу танқидлар тепароққа етиб борса. Кимдир бу нолаларга қулоқ солса, кошки эди…

— Пешонамизни шўри экан шу йўл, — дейди саксонни қоралаб қолган бир ҳамқишлоғим. — Энди кўчамизни асфальт қилиш тилпонда хабар қилишга қопти. Худоё тавба қилдим, қайси замонларга етиб келдик-а?! Симлар гапирадиган замонлар келади бир кун дерди кексаларимиз. Соч-соқолим оқариб, ёшим бир жойга борганда невараларга қўшилиб телепон титишим қолувди энди. Инсофга келгурлар-а, Худо инсофингни бергурлар етти ёшдан етмиш ёшгача овоз тўплаш билан овора. Нима эмиш, агар Эргаш мўйловни кўчаси кўп овоз йиғса, бизни кўчага тошам тўкишмасмиш! Бу нима деган гап?! Сал тепадагилар ўйлаб иш қилса бўларди. Ёш бор, қари бор, хотин-халаж бор, ҳаммаям хоҳлайди йўли асфальт бўлишини, ким хоҳламаслиги мумкин, ахир? Шуям гапми энди.

Маҳалланинг телеграмдаги гуруҳида қишлоқдаги учта кўча таъмирлашга тавсия қилингани, қайси бири кўп овоз йиғса, шуниси таъмирланиши айтилди. Молия вазирлиги ва БМТТДнинг “Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган “Open budget.uz” порталига ўтиш ҳаволалари ҳам гуруҳга ташланди. “Ташаббусли бюджет жараёнида иштирок этинг ҳамда бюджет маблағларини сарфланишида ўз таклифларингизни билдиринг!” деган эълон ҳаммани шошириб қўйди. Энди ҳақиқий томошани кўринг! Ким ўзарга пойга бошланди.

— Навоий кўчаси катта кўча, уни ҳеч қачон “Самарқанд 2-берк кўчаси” билан таққослаб бўлмайди, — дейди маҳалла раисининг хонасига норози бўлиб келган аёл. — Бобур кўчаси ҳам кичкина кўча, аҳолиси ҳам кам. Қандай қилиб хонадонлар сони ҳам, аҳоли сони ҳам кам кўчада кўп овоз йиғилиши мумкин?

Аёлнинг ҳақли саволига маҳалла раиси ўзининг ваколатидан келиб чиқиб жавоб берди. Лекин бу жавобдан аёл қониқмади.

“Лайк”бозликлар бир ёнда-ю, ҳаёт ҳақиқати бошқа томонда! Амалда Алининг кўчаси қолиб Валининг кўчаси таъмирланаяпти. Ким кўпроқ “лайк” йиғса, шунинг ошиғи олчи бўлиб қолди.

Одамлар кўчаларда қайси танишини кўрса, битта “лайк” босворинг, дейдиган бўлиб қолди. Салом-алик ҳам қисқа бўлиб қолди. Тўйда ҳам, азада ҳам, ишда ҳам, ўқишда ҳам, тадбирда ҳам шу гап. Пичир-пичир сўзлашув, “лайк”босар. Шоша-пиша “лайк” босворинг, кейин гаплашамиз, дейдиган бўлиб қолдик.

“Музқаймоқ пули”

Энг ачинарлиси, талабалар ўртасида ўзига хос “лайк”бозлик авж олмоқда. Қашқадарёлик икки талаба йигит курсдошлари қолиб бошқа курсларда ўқийдиган талаба ёшлардан ҳам “лайк” йиғаётганига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. “Лайк” босилди-ю, йигитлардан бири чаққонлик билан “лайк” босган талаба қизга 2 минг сўм тутқазди. Ишонаверинг, худди шундай бўлди! Қиз эса, кулиб, пулни олмади. Ҳожатбарор қизнинг дугоналарига ҳам пул таклиф қилинди. Ҳеч бўлмаса, “музқаймоқ пули” дейилди. Қизлар ёппасига “лайк” йиғиб беришди. Йигитчаларнинг кайфияти аъло, ишлари хамирдан қил суғургандай тез, айниқса, иш текинга битганидан ўзида йўқ хурсанд эди улар шу маҳалда.

Иккитагина гумманинг пулига юзта “лайк” йиғиб бераётганларни ҳам эшитаяпмиз. Бу аччиқ ҳақиқатга қачонгача кўз юмамиз, азизлар?!

Танловлардан воз кечолмас эканмиз, баҳолашнинг бошқа, адолатли мезонларини излайлик. Токи, берилаётган баҳо ҳалол ва ҳаққоний, адолатли бўлсин!

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img