ТаҳлилLyabi-Hauz эмас, Labi Havuz – жой номларини бошқа тилларга таржима қилишда жиддий...

Lyabi-Hauz эмас, Labi Havuz – жой номларини бошқа тилларга таржима қилишда жиддий ўйлаб кўриш зарур

Lyabi-Hauz эмас, инглизчада Labi Havuz деб олиш тўғрироқ бўлади, менимча. Русчаси ҳам Ляби-Хауз бўлмаса керак. Нега рус тилидаги жой номларини биз бор ҳолича оламиз-у, лекин ўша тилга таржима қилаётган “грамотей”лар ўзбекча сўзларни истаганча “бураб” ўз тилига ўтказаверади? Энг ёмони, бу номлар бошқа тилларга рус тили орқали бузилган тарзда кўчади. Худди Шаҳрисабз инглиз тилига Shakhrisabz (Шакрисабз) бўлиб ўтгандай. Ваҳоланки, рус тилида бўлмагани билан, инглиз тилида h ҳарфи бор. Бунинг учун русча орқали эмас, ўзбек тилидан таржима қила оладиган мутахассислар керак.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилаётган пайтда, юртимизга йилига миллионлаб сайёҳлар келаётган пайтда жой номларини бошқа тилларга таржима қилишни ҳам жиддий ўйлаб кўриш зарур. Алам қиладигани, бунақа рекламаю эълонларни биров эмас, ўзимиз тайёрлаб, интернетга, ижтимоий тармоқларга қўйяпмиз. Ҳатто ҳукуматнинг қарорларида ҳам шу каби ҳолатларни кузатамиз.

Ўзимиз, мамлакатимиз, халқимиз ҳақидаги маълумотларни бошқа тилларга рус тили орқали эмас, тўғридан-тўғри етказишнинг аллақачон йўлга қўйиш вақти етган.

Олдинги гапимни яна қайтараман: бизга ягона тил сиёсатини юргизадиган марказ керак. У Вазирлар Маҳкамасида департамент бўлиши шарт эмас. Масалан, ваколатни Фанлар академияси таркибидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ёки Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетига бериш мумкин. Токи ваколатли орган тилга кираётган ҳар бир атамани ҳар томонлама пухта ўрганиб, ўзбекчалаштириб, рўйхатга олиб, барча идоралар қўллаши учун мажбурий қилиб қўйсин. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, ўша марказ барча турдаги луғатлар (икки ёки кўп тилли луғатлар, изоҳли луғатлар, глоссарийлар) тайёрлаб чоп қилиш учун масъул бўлиши шарт. Шунда истаган одам луғат тузиб чиқаришидек ўзбошимчаликка барҳам берилади.

Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: тилимизда расман қайд этилган қанча сўз бор? Ҳеч қайсимиз билмаймиз, чунки бизда сўзларни (жумладан, атамаларни ҳам) рўйхатга олиб борадиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Фақат миқёсни имло луғати ёки изоҳли луғатга киритилган сўзлар миқдори билан чамалаш мумкин, холос. Мустақилликдан сўнг тилимизга қанча янги сўз кириб келганини бирор мутахассис ҳисоблаб кўрдими ёки уларни алоҳида луғат қилиб чиқардими? Тўғрисини айтайлик, бунга жуда катта эҳтиёж бор.

Маълумот учун: АҚШнинг “Merriam-Webster, Inc.” корпорациясининг онлайн луғатида 470 мингга яқин сўз киритилган, Оксфорд университетининг инглиз тили луғати расмий веб-сайтида 600 мингдан ортиқ сўз бор, “Collins” инглиз тили луғати эса 750 мингдан ортиқ сўзни қамраб олган.

Дунёнинг немис, рус, италян, испан ва бошқа кўп тарқалган тилларида қанча сўз борлиги билан pickwriters.com веб-сайти орқали танишиш мумкин.

 Фахриддин НИЗОМ

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img