Мадҳиялар тарихига бир назар

0

Давлат тимсоллари, жумладан, давлат гимнлари ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, тарихи, анъаналари, маънавий дунёсини ўзида ифодалайди. Давлатнинг бош қўшиғи – мадҳия турли тилларда турлича номланади. Кўпгина Европа тилларида бу атама “гимн” сўзи билан ифодаланади.
Бу юнон тилидаги “hymnos” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “қўшиқ” деган маънони англатади. Гимнлар қадимда дастлаб диний мазмунга эга бўлиб, уларда асосан қадимги юнон маъбудлари шарафланган. Кейинчалик ҳукмдорлар, азиз-авлиёлар шарафига битилган мадҳиялар ҳам пайдо бўлган.
Қадимги шарқда мадҳия сўзи билан бирга “қасида” ҳам ишлатилган. Мумтоз адабиётимизда ҳам турли ҳукмдорларга бағишланган қасидалар кўпчиликни ташкил қилади. Хусусан, Саккокийнинг Мирзо Улуғбекка аталган “келди” радифли қасидаси, Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога атаб битилган “Ҳилолия” қасидаси ўзбек шеърияти дурдоналаридан саналади.
Қадимда диний мазмунга эга бўлган гимн ва мадҳиялар ҳам ибодатхоналарда, черков ва хонақоҳларда тез-тез ўқиб турилган, ислом оламида қўлёма манбалар одатда Яратганни улуғловчи ҳамдлар, пайғамбаримиз (с.а.в)га аталган мақтовлар – наътлар билан бошланган.
Давлат мадҳиялари ҳам ўзига хос тарихга эга. Аммо улар дастлаб асосан ҳукмдорларни шарафлашга қаратилган. Дунёдаги энг қадимги гимн – Япония давлат мадҳияси бўлиб, унинг матни Япония тарихининг Хэйан даврида (794–1185) яратилган. Фақат 1880 йилга келиб, унга куй басталанган.
Европада давлат гимнлари асосан XVIII аср ўрталарида, миллий давлатлар тузила бошлаган пайтда юзага келган. Бироқ Нидерландияда 1570 йилларда “Вильгельм” деб номланган давлат мадҳияси пайдо бўлган. Буюк Британия давлат мадҳияси эса 1619 йилда яратилган эди. Франциянинг илк давлат мадҳияси – “Марсельёза” эса 1792 йилда ёзилган. Испания гимни – “Марча Реал” эса 1770 йилда қабул қилинган.
Бугунги кунда Ер юзида расман тан олинган давлатлар ўз мадҳияларига эга. Ҳар бир давлат мадҳияси ўша юртнинг давлат тилида ёки энг кўп қўлланиладиган тилларнинг бирида ижро этилади. Масалан, Швейцарияда давлат мадҳиясининг ҳар тўрттала (француз, итальян, немис ва фламанд) тилдаги варианти яратилган.
Сингапурда тўртта давлат тили бўлгани ҳолда, мадҳия фақат малай тилида ижро этилади. Испанияда давлат мадҳиясининг матни йўқ, фақат мусиқанинг ўзи ижро этилади. Ҳиндистон мадҳияси (“Жанаганамана”) қадимги санскрит ва бенгал тилларида жаранглайди. Финляндия давлат мадҳияси (“Maamme”) эса фин ва швед тилларида ижро этилади. Афғонистон мадҳияси матни фақат пушту тилида битилган.
Ўзбек давлатчилиги тарихида миллий мадҳиялар ҳам алоҳида ўрин тутиб келган. Қадимги Турк ҳоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврида қўшинларнинг алоҳида саф қўшиқлари, ҳарбий маршлари бўлган. Жанг пайтида махсус мусиқачилар табл, карна, бурғу, ноғора ва бошқа махсус асосларда жанговар мусиқаларни ижро этишган, бу аскарларга ўзига хос жўшқинлик баҳш этган.
Замонавий кўринишдаги давлат мадҳияси илк бор юртимизда Туркистон Мухторияти даврида яратилган. Гарчи Туркистонда турли халқлар ва миллатлар яшаса-да, мадҳия матни айнан ўзбек тилида, буюк шоиримиз Абдулҳамид Чўлпон томонидан битилган ва 1917 йил 29 ноябрда қабул қилинган. Унда қуйидаги мисралар бор эди:
Кўз очинг, боқинг ҳар ён,
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон,
Фидо, бу кунларга жон!
Афсуски, бу давлат дунё саҳнасида 72 кун яшади, холос. У маҳв этилгач, табиий, мадҳия ҳам йўқолди.
Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистон гимни 1947 йилда қабул қилинган. Унинг матнини Туроб Тўла ва Темур Фаттоҳ ёзган. Мутал Бурҳонов мусиқа басталаган эди. 1956 йилда гимн матнига жузъий ўзгартиришлар киритилган.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси эса 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган.