ЯнгиликларМаҳаллийМаҳкумлар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга

Маҳкумлар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга

Конституциямизнинг 117-моддасида “…Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар…” деб белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда сайловга оид қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилиши натижасида сайлов жараёнларини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилган. Хорижда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа юртдошларимизга сайловда иштирок этишлари учун кенг шароитлар яратилди. Озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга овоз бериш имконияти яратилган.

Жумладан, Жиноят-ижроия кодекси 9-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилиб, жазо муддатини ўтаётган айрим тоифадаги маҳкумларга ҳам сайлаш ҳуқуқи берилди.

Яъни, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳозирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари давомида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумларга уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловида иштирок этиши тушунтирилиб, сайловга тайёргарлик жараёнларида инсон ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланиш ҳолатлари ўрганилмоқда.

Сайлов кодексининг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги белгиланган.

2019 йилда инсонпарварлик тамойили асосида сайлов қонунчилиги ва Жиноят-ижроия кодексига киритилган ушбу янгилик Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2014 йилги Парламент сайловларини кузатиш бўйича миссиясининг тавсиясида ҳам белгиланган эди. Аҳамиятлиси, Европанинг қатор демократик давлатлари сайлов қонунчилигида маҳкумларнинг сайлов ҳуқуқларини чеклаш ҳанузгача сақланиб қолган. Ўзбекистон эса халқаро демократик сайлов тамойилларига асосан, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этмаган маҳкумларга сайловда иштирок этиш имкониятини берган.

Сайлов куни 18 ёшга тўлган, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар эса овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Белгиланган тартибга кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчиларнинг рўйхатлари эса мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ва сайловчилар ягона электрон рўйхатига киритилади. Агарда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда маҳкумнинг сайлаш ҳуқуқи бўлатуриб унда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар келиб тушса, улар дарҳол жойига чиқиб ўрганилади.

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхати, сайлаш жойи ва вақти тўғрисида маҳкум-сайловчиларни хабардор қилганида бирор бир хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига шикоят қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Сайлов куни қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти маҳкумларнинг сайлов участкасига кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари мазкур муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради.

Шунингдек, номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилиши лозим. Шундагина маҳкумлар номзодлар томонидан кўтарилаётган ташаббуслар асосида улардан бирини танлайди ва сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади.

 Саломат Ниёзова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси профессор
вазифасини бажарувчи, ю.ф.д.

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img