Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби ишлаб чиқилди

0

Аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирди.

Сабаби, бугунги кунда 49 турда лицензияланадиган фаолият турлари мавжуд бўлиб, ушбу тартиб-таомиллардан ўтиш ва фаолиятни назорат қилишнинг унификациялашган тартиби ўрнатилмаган. Яъни, ҳар бир лицензияланадиган фаолият турлари бўйича алоҳида низомлар тасдиқланган.

Шу сабабли, лицензияланадиган фаолият турларини соддалаштириш ҳамда улар ягона ҳужжатга бирлаштириш мақсадида биринчи навбатда 30 та фаолият тури танлаб олинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланаётган низом лойиҳаси ва унга илова қилинаётган паспортлар “конструктор” усулида тайёрланган бўлиб, келгусида бошқа лицензияланадиган фаолиятларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва ушбу низомга илова қилиш орқали кенгайтириш мумкин.

Мавжуд 31 турдаги лицензиялар учун алоҳида низомларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони сунъий ошиб кетишига, бир хил мазмундаги тартибга солиш жараёни ҳар бир ҳужжатда қайтарилишига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида англашилмовчилик ва қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли лицензияланадиган фаолиятлар асосини белгилайдиган тартибларни унификациялаш зарурати юзага келмоқда.

Лицензияланадиган фаолиятларни турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши фойдаланувчиларга турли ноқулайлик ва қийинчиликлар олиб келаётган эди.

Қарор лойиҳасининг мазмуни

Лойиҳага асосан Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом тасдиқланмоқда.

Низом билан махсус электрон тизим орқали лицензиялашнинг умумий қоидалари, фаолиятни амалга оширишнинг умумий талаблари ва шартлари, лицензия олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби, лицензияни қайта расмийлаштириш, муддатини узайтириш, лицензияни ўзгартириш ва фаолиятнинг кичик турига лицензия олиш тартиблари, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тугатиш, фаолиятни назорат қилиш тартиби ва жавобгарлик, лицензияловчи органлар қарорларига (хатти-ҳаракатларига) нисбатан маъмурий шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби ҳамда лицензиялар реестрини юритиш жараёни батафсил ёритилган.

Қайд этиш лозимки, низом лойиҳасида маъмурий шикоятлар бериш ва уни кўриб чиқиш жараёни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқлаштирилган.

Хусусан, лицензия бериш тўғрисдаги қарор республика даражасидаги ваколатли орган томонидан қабул қилинса, ваколатли органнинг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан Апелляция кенгашига мурожаат қилиши белгиланмоқда. Низомда Апелляция кенгашининг таркиби ва унинг ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Низомнинг 1-31 иловалари билан ҳар бир лицензияланадиган фаолиятнинг паспортлари тасдиқланмоқда.

Паспортларда ҳар бир лицензиянинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб асосий маълумотлар жой олган. Бунда, лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар, фаолият талаб ва шартлари батафсил ва аниқ кўрсатилмоқда. Ваколатли орган томонидан назорат тадбирлари амалга оширилганда паспортларнинг
9-бандида кўрсатилмаган талаб ва шартларга риоя этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Кутилаётган натижалар

Лойиҳа тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес муҳитини яратишга, лицензия бериш ва ушбу фаолият устидан назоратни амалга оширишнинг ягона ва шаффоф механизмини яратилишига, ушбу жараёнларда коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишини олдини олишга, лицензиатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланиши аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига, қолаверса ваколатли органларга ҳам қулайликлар яратади.

Жамоатчилик муҳокамасида келиб тушган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилади.

Лойиҳа билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин: https://regulation.gov.uz/uz/d/29292