Маклерга алданган Басир. Ҳаммаси шартнома тузмасликдан бошланди…

0

2020 йилнинг баҳорида Яшнобод тумани ИИО ФМБга Басир Б.дан мурожаат келиб тушди. Унда у ўз турар жойини сотиб, бошқасини харид қилиш ниятида эълон бўйича риеэлторлик агентлигига мурожаат қилганини маълум қилди. Агентлик ходими хонадонни кўздан кечиргач, хизмат кўрсатиш ҳақида шартнома тузмаслик афзаллигини ва бу аслида шарт эмаслигини айтган. Шартнома унинг учун кафолат бўлишини билмаган Басир таклиф қилинган шартларга кўнган.

Хонадонга харидор топилганда, нотариусда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди. Харидор Басир Б.га хонадон учун 18 700 АҚШ долларини тўлиқ берган. Сўнг агентлик ходими 47 ёшли Сергей Т. Басирдан қарзга 500 АҚШ доллари бериб туришини илтимос қилиб, буни келгуси хизмат ҳақига қўшишини ваъда қилган. Кейинчалик Сергей Басирга турли хил хонадонларни таклиф қилган ва ниҳоят, маъқули топилган.

Қайд этиш зарурки, ўтган давр мобайнида маклер Басир билан дўстона муносабатда бўлган, меҳмондорчиликка келиб турган, совғалар улашган. Дўстона алоқа ўрнатилгач, Сергей осонликча Басирни 12 000 АҚШ долларига хонадон топилганига ишонтирган ва олдиндан 1000 АҚШ доллари бериш зарурлигини айтган. Сўнг турли баҳоналарда Сергей Т. Басирдан жами 4 500 АҚШ доллари олган. Тез орада хонадон харид қилишидан умидвор бўлган Басир маклерга пул бериб, буни ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат билан расмийлаштирмаган. Бир оздан сўнг эса маклер қўнғироқларга жавоб бермай қўйган.

Олиб борилган тергов олди текшируви натижасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддасининг (“Фирибгарлик”) 3 қисми “б” банди бўйича жиноий иш қўзғатилди. Аниқланишича, Сергей Т. муқаддам бир неча бор фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш фактлари билан судланган бўлиб, ўзига керакли хулоса чиқармаган.

Тергов давомида Сергей риэлтор ёрдамчиси бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қонунга хилоф тарзда 6 000 АҚШ долларини ўзлаштирган ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, аслида харид қилинаётган хонадоннинг ўзи бўлмаганини маълум қилди. Бу ҳақда жабрланувчи оиласи билан агентликка боришганида билишган. Риэлторлик агентлигининг раҳбари ҳам хайрон бўлган, чунки у баҳордаёқ карантин чекловлари сабабли агентлик фаолияти тўхтатиб, ишчиларнинг гувоҳномалари қайтариб олганини маълум қилди.

Тергов давомида гумонланувчи томонидан моддий зарар тўлиқ тўланди. Мазкур факт бўйича тўпланган маълумотлар Яшнобод тумани ИИО ФМБ 3-сон ички ишлар бўлимидан судга йўналтирилди.