ЯнгиликларМаҳаллийМаъмурий ҳужжатлар оғзаки, белгили, имо-ишора шаклида ҳам қабул қилиниши мумкин

Маъмурий ҳужжатлар оғзаки, белгили, имо-ишора шаклида ҳам қабул қилиниши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти бўйича семинар бўлиб ўтди.

Унда дастлаб, Президентнинг “2022-2023 йилларга мўлжаланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишининг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш берилди ҳамда белгиланган устувор вазифалар ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонун лойиҳаси, унга киритилган ўзгартиришлар ҳақида фикр юритилди.

Қонун лойиҳаси жорий йил 24 сентябрь кун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланган.

Мазкур Қонун маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ҳуқуқий асосларини белгилаб беради, маъмурий-ҳуқуқий соҳасида жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, маъмурий органларнинг қонуний ишлашини таъминлайди.

Қонунга қуйидаги муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда:

маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ҳуқуқий асослари белгиланмоқда, қўлланилиш соҳаси кенгайтирилмоқда;

“маъмурий ҳужжат” тушунчаси кенгроқ маънога эга бўлган “маъмурий акт”га ўзгартирилмоқда;

эндиликда маъмурий ҳужжат нафақат ёзма шаклда, балки оғзаки, белгили, имо-ишора шаклида ҳам қабул қилиниши мумкин;

Қонун янги принциплар билан тўлдирилган, маъмурий шикоят тушунчасига аниқ таъриф берилган;

маъмурий кўмаклашиш, умумий вакил, далилларни сўраб олиш институтлари киритилмоқда;

процессуал ҳужжатни қабул қилиш тартиби ва механизмлари белгиланган;

маъмурий иш юритиш иштирокчиларидан маъмурий орган чиқарилмоқда;

маъмурий иш юр итишнинг энг кўп муддатлари белгиланди;

дастлабки маъмурий акт тушунчаси киритилди. Ушбу қарор маъмурий орган томонидан якуний қарор чиқаришга асос бўлади;

тингланиш имконияти манфаатдор шахсга маъмурий акт қабул қилинишидан олдин берилади;

маъмурий актни бекор қилиш ва ўзгартириш механизмлари тубдан янгиланди ва такомиллаштирилди, маъмурий актлар, ҳужжатлар ҳамда маъмурий ҳаракатлар устидан судгача маъмурий тартибда шикоят бериш механизмлари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги масъуллари, эксперт ва депутатлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, унинг давлат ривожидаги аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг, депутатлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img