Мансабдорларнинг масъулиятига оид муҳим лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

1

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ҳамда маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси 6 та боб ва 111 та моддадан иборат бўлиб, қуйидаги асосий янгиликларни ўз ичига олмоқда. Хусусан:

  • “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунни қўллаш доираси маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш нуқтаи назаридан энг муаммоли соҳаларни тўғридан-тўғри кўрсатиш орқали тўлдирилди;
  • маъмурий орган, маъмурий ҳужжат, маъмурий ихтиёрийлик тушунчаларига аниқроқ таърифлар берилди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида шаклланган тўсиқларни бартараф этиш бўйича “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг ислоҳотчи – ҳуқуқ яратувчилигини ролини кучайтирувчи янги принциплар таклиф қилинди;
  • қонунийлик тамойили қонунда маъмурий-ҳуқуқий фаолиятнинг асослилигини ва қонунларнинг тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминловчи муҳим элементлар билан мазмунан бойитилди. Мутаносиблик тамойили дунёда умумэътироф этилган герман ҳуқуқи стандартларига мувофиқ ифода этилди;
  • маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий институтлари, хусусан тегишли тарзда хабардор қилиш, манфаатдор шахсларни тинглаш, маъмурий ҳужжат, маъмурий шикоят қилиш ва мамурий ҳужжатни ижро қилиш кабилар такомиллаштирилди;
  • Қонун лойиҳаси оммавий характердаги маъмурий ишларда зарур бўлган “биргаликдаги вакиллик” институти, маъмурий ишда шаффофлик ва қарорларни аниқлигини таъминловчи “процессуал ҳужжатлар” институти, манфаатдор шахсларга маъмурий ишда ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз вақтида чора кўриш имконини берувчи “дастлабки маъмурий ҳужжат” институти, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминловчи “маъмурий ишлар реестри” институтлари билан тўлдирилди;
  • маъмурий ишда иштирокчилар ва ишни ҳал этишга кўмалашувчи шахсларни жалб қилиш, раҳбарларнинг рад қилиниши, далилларни баҳолаш, маъмурий ишдаги харажатларни юклаш, маъмурий ишни тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича процессуал қоидалар аниқлаштирилди ва тўлдирилди.
  • хорижий экспертларнинг тавсиясига кўра маъмурий шикоят бўйича иш юритишда мажбурий тарзда судгача шикоят қилиш тартибини киритиш таклиф қилинди.

Шунингдек, ижро ишини юритиш тартиб-таомиллари “Пуллик талабларни мажбурий ижро эттириш” қоидалари билан тўлдирилди.

Лойиҳа фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишда аниқ тартиб-таомилларни белгилашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ходимларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатларидан ҳимоя қилишга, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ва  шаффоф механизми яратилишига, ушбу жараёнларда коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишини олдини олишга олиб келади.

Шунингдек, Қонунда назарда тутилаётган янги нормалар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатларга ҳурмат ва ишончини кучайтиришга ҳамда мамлакатимизнинг инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Жамоатчилик муҳокамаси натижасида келиб тушган таклифлар асосида Қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади.

Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин: https://regulation.gov.uz/uz/d/29289