Марказий Осиёнинг “Ўлик” денгизи

0

Давоми. Боши кеча эълон қилинган.

Ниҳоят, Орол денгизига етиб келдик. Денгиз ботаётган қуёш нурлари остида жуда ҳам маҳзун эди. Оролни кўриб ҳайратландим, ва… юрагим ачишди, тўғрироғи оғриди. Салкам уч соат давомида бир пайтлар денгиз тўлқинлари мавж урган, 40 дан ортиқ балиқ турлари, денгиз жониворлари яшаган, ҳозирда эса бепоён чўлга айланган денгиз тубида юрдик. Гидимиз (йўл бошловчимиз) Октябрь Дуспановнинг айтишича, Оролда ҳозирда бир дона ҳам балиқ яшамайди. Сувнинг минераллашув даражасининг ортиши (ҳозирда бир литр сув таркибидаги туз миқдори 152 граммборат) уни ҳаёт учун мутлақо яроқсиз қилиб қўйган. Оролнинг ботаётган қуёш нурлари остида мавжланаётганини кузатар эканман, ҳаёлимга Исроил давлати ҳудудининг бир қисмида жойлашган “Ўлик” денгиз келди. Унинг шўрланиш даражаси шу қадар кучлики, бир пайтлар тирик уммон вақт ўтиши билан “ўлган”. “Ўлик” денгизнинг тиниқ сувлари тубида ғайритабиий жониворларни эслатувчи туз кристалларини, Орол денгизи қирғоқларида эса бу ерга энди ҳеч ҳам етиб келмайдиган Амударёнинг лойларини кўриш мумкин. Бугунги кунда денгизда фақат артемия, деб аталувчи планктонларгина истиқомат қилади. Уларни ейдиган жониворлар йўқ, аммо шу ерда ҳам инсон “ўлиб” бораётган денгиздан сўнгги маротаба фойдаланиб қолишга, унинг охирги “жони”ни суғуриб олишга ҳаракат қилаётганининг гувоҳи бўлдик. Орол қирғоқлари бўйлаб қазилган кичик ҳавзаларга артемияларни йиғишмоқда. Чунки ташқи бозорда уларнинг нархи анча баланд.

Денгиз бўйида бўлиб чарлоқларнинг қичқириғини эшитмадим. Қора, Ўртаер, Мармар, Сариқ, Оқ, Каспий денгизлари… Қаерда бўлмай чарлоқлар қичқиришар, сувга яшин тезлигида шўнғиб, тумшуқларидаги кичкина балиқ билан кўкка парвоз қилишар эди. Орол денгизида эса жимлик, сукунатни фақатгина сувнинг заифгина қирғоққа келиб урилаётган овозигина бузади. Марказий Осиёнинг “Ўлик” денгизи…

Устюрт платоси ва тарихий Ипак йўли

Ўзбекистон 2016 йилдан буён амалга оширилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан илгари сурилган 17 та барқарор ривожланиш мақсадларининг 16 тасига қўшилди. “Денгиз экотизимларини асраш”, деб номланган 14-мақсадга қўшилишдан фойда йўқ, деб ҳисобланди. Чунки Марказий Осиё республикалари, хусусан, Ўзбекистоннинг иқлимини мўътадиллаштириб, минглаб одамлар, ҳайвон ва ўсимликларга жон бахшида этиб турган Орол денгизи инсонлар хотирасида ўтмишга айланди.

Инсонлардан жабр кўриб, 200 километр ортга чекинган Орол денгизига йўл Устюрт кенгликлари узра ўтган эди. Археолог, тарих фанлари номзоди Октябр, Дуспанов бошчилигидаги йўлда кетаётиб, бундан минг йиллар илгари яшаб ўтган сак, массагет қабилалари руҳи уйғонгандек бўлди. Устюрт платосигача бўлган ҳудуд ҳам бундан минг йиллар илгари денгиз туби бўлган. Аммо денгиз чекиниши билан одамлар ўз боқувчилари ҳисобланган Оролнинг ортидан кетишган.

Қўнғирот туманининг энг машҳур қисми Устюрт пасттекислигига ўтганимизда кўз олдимизда ажойиб манзара ҳосил бўлди. Кўз илғамас кенглик яшилликка бурканган. Қушларнинг чуғури, машиналарнинг овозидан чўчиган юмронқозиқлар бир пасда инларига яшириниши ажойиб.

Октябрь аканинг айтишича, Устюрт платоси 200 минг км² майдонга эга бўлиб, текислик 6 миллион 700 йил илгари жаҳон океани тубида пайдо бўлган. Ҳудуд ғарб ва шимол шамолларининг кесишган жойидир. Унинг деворлари — чинкларни узоқдан кўриш мумкин. Деворлар турли хил рангга эга — оч сариқдан, ним яшил, қўнғир тусгача. Айнан уларнинг нураган жойлари худди ўзга сайёрага ўхшаб каньонларни ҳосил қилган.

Наргис Қосимова,
журналист

Давоми бор…

Аввалги мақолаСудлар фаолиятида рақамлаштириш қанчалик аҳамиятли?
Кейинги мақолаНогирон фарзанд парвариши даври пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши керакми?