Масофавий таълимнинг афзаллиги: Бу тизимнинг дунёда кенг оммалашишига сабаб нима?

0

Бугунги ахборот асри  ва пандемия даврида Олий таълим муассасаларида масофавий таълим тизимини шакллантириш муҳимдир.

Кўпгина мамлакатлар таълим тизимида сифатли кадрлар тайёрлаш учун ўқиш жараёни замонавий АКТларга асосланган масофавий таълим (МТ) шаклини қўллашади. Таълим тизими тажрибалари кўрсатмокдаки, ўқув жараёнида интернет тизими ва АКТни янги билимларни эгаллаш, сақлаш, узатиш ҳамда амалий қарорлар қабул қилиш воситасига айлантириш ҳисобига кадрларнинг сифат даражасини тубдан яхшилашнинг имкониятлари тобора кенгайиб бормокда.

Масофавий таълим нима?

Масофавий таълим – ўқув жараёнининг мақсади, мазмуни, услублари, ўқитиш воситалари ва интернет технологиялари ёрдамида тингловчи ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан туриб, интерфаол мулоқот қилиш жараёни ҳисобланади.

Масофавий таълим — бу, муайян соҳада мутахассислар тайёрлаш тизимидаги барча фанларни комплекс тарзда масофавий ўқитишга асосланган, бироқ, комплекс доирасида ўқиш жараёни учун қатъий белгиланган жой ва вақт мезони шартли ўрнатилмаган таълим шаклидир. Бу таъриф моҳиятини тўла ва тўғри тушуниш учун, уни юқорида қайд этилган масофавий ўқитишнинг таърифи билан бирга келтириш керак, албатта.

Масофавий ўқитиш замонавий таълимнинг энг муҳим ва тобора оммавийлашиб бораётган шакли саналади. Масофавий таълим услуби ўқитишнинг янгича замонавий шакли бўлиб, у талабанинг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса қилиш қобилиятларини ривожлантиради. Мустақил билим олишга, изланишга, фикрлашга ўргатади.

Масофавий таълимнинг афзаллиги шундаки, унда ҳар ким ўзига қулай вақтда, қулай жойда, қулай муҳитда билим олиши мумкин. Шу туфайли ушбу тизим бугунги кунда дунёда кенг оммалашмоқда.

Масофавий таълимнинг ижобий томонларини кўрадиган бўлсак, бугунги кунда дунёда кўпгина ОТМлар, йирик корхоналар мутахассислар малакасини оширишда ушбу услубдан фойдаланиб, йилига миллионлаб пул маблағларини тежамоқда.

Шунингдек масофавий таълимнинг ташкилий-иқтисодий афзалликлари ҳам мавжуд бўлиб, масалан, ўқитиш учун хоналар, доскалар, столлар ва бошқа ўқув қуроллари зарур эмас. Молиявий харажатлар асосан ўқув-услубий материаллар тайёрлаш ҳамда интернет трафик учун сарфланади. Табиийки, харажатлар камаяди. Ўқув-услубий материаллар қанчалик тушунарли ва батафсил бўлса, шунчалик талабага фойдали бўлади.

Талабаларни ўқитишда масофавий таълим қанчалик зарур?

Бу ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги онлайн дарс жараёнидир. Бундай дарслар учун аввало коммуникация, масофавий таълим услубий материаллари, электрон ва одатдаги дарсликлар, аудио ва видео дарсликлар, онлайн дарслар (интернет саҳифа) электрон кутубхоналар, тестлар, мультимедиа электрон дарсликлар ва албатта, интернетга уланган компьютер керак бўлади.

Бундай таълимда талаба ҳар куни таълим муассасасига бориши шарт эмас. Шу билан бирга бу тизим воситасида саломатлиги чекланганлар, узоқ ҳудудларда яшовчи болалар, ҳатто маҳкумлар билан бирга бўлиб турган ёшлар ҳам таълим олиши мумкин.

Катталарга эса масофавий таълимда ўз меҳнат фаолиятидан ажралмаган ҳолда таълим олиш ва малака оширишларига имконият яратилади. Бундан ташқари, масофадан туриб ўқиганда  бир неча курсларда бир вақтнинг ўзида таълим олиш имкони мавжуд.

Шу билан бир қаторда масофавий (электрон) ўқитишни жорий этиш орқали қуйидаги вазифаларни амалга ошириш назарда тутилади:

масофавий, электрон ва аралаш таълимни жорий этиш орқали ҳар йили ўқитиладиган талабалар сонини сезиларли даражада оширишга эришиш;

талабаларнинг муайян соҳаларидаги қобилиятини аниқлаш имкониятини берувчи аниқ ва ҳар томонлама диагностикасини амалга ошириш асосида масофавий курсларни ташкил этиш;

талабаларини ўқитиш бўйича белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш;

масофавий ва анъанавий ўқитиш шаклларини интеграциялаш орқали ўқув жараёни самарадорлигини оширишга эришиш;

ахборот-коммуникация ва масофадан ўқитиш технологияларини жорий этиш;

масофадан ўқитиш – талабалар таълим жараёнига хос бўлган барча компонентларни (мақсад, мазмун, усул, ташкилий шакллар, воситалар) интернет технологияларидан фаол фойдаланган ҳолда масофадан туриб амалга ошириладиган ўқитиш шакли ҳисобланади;

электрон ўқитиш – ахборот-коммуникация технологиялари воситалари, электрон таълим ресурслари ёрдамида амалга ошириладиган ўқитиш тизими;

аралаш ўқитиш (“Blended Learning”) – бу анъанавий ўқиш билан электрон шаклда мустақил ўқишнинг интеграцияси бўлиб, ўқув жараёнининг айрим элементлари электрон таълим муҳитида олиб борилади;

адаптив ўқитиш – бу тингловчиларнинг тайёргарлиги, қобилияти, мақсадлари, мотивацияси ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал ўрганишга асосланган ўқитиш модели ҳисобланади;

on-line режимида (синхрон) ўқитиш – масофадан туриб реал вақт режимида машғулотларни олиб бориш;

off-line режимида (асинхрон) ўқитиш – масофадан туриб электрон ўқув ресурсларини мустақил ўзлаштириш;

амалий машғулотлари – умумлаштирувчи хусусиятга эга бўлган амалий машғулот, лаборатория иши, семинар-тренинг, интерфаол машғулотлар кўринишида ташкил этилади;

оммавий очиқ онлайн курслар (МООС) – бу интернет орқали кўпчилик кириш имконияти мавжуд бўлган онлайн курслар.

Масофавий малака ошириш курслари ўқув жараёнини қисқа муддатли курслар шаклида амалга ошириш учун шакллантирилган қуйидаги ўқитиш технологияларини тавсия сифатида келтириш мумкин. Масофавий шаклда қисқа муддатли курслар ўқув жараёни синхрон ва асинхрон шаклларида амалга оширилиши назарда тутилади:

синхрон ўқитиш – реал вақтда электрон шаклда ўқитиш. Бундай ўқитишни ташкил этиш воситаларига видеоконференция, чат, вебинар ва бошқа воситалар киради. Бу каби воситалар асосида ўқиш жараёни реал вақт режимида амалга оширилади;

асинхрон ўқитиш – бунда ўқитиш ҳар бир тингловчининг ўзи учун қулай бўлган турли вақтларда мустақил ўқиш шаклида амалга оширилади. Бундай ўқитишда таълим муассасасидан узоқда бўлган тингловчилар мустақил равишда тегишли ўқув дастурлари бўйича ягона ўқув-методик материаллар асосида олиб борилади.

Синхрон ва асинхрон режимида ўқиш жараёнида ўқув машғулотларга кўра талабалар белгиланган вақтларда модуллар бўйича жорий, оралиқ назорат ишларини бажариши лозим бўлади.

Шунингдек, мустақил малака ошириш жараёни охирида талабаларнинг модулларни ўзлаштирганлиги, назорат ишларини бажарганлиги юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари асосида таҳлилий хулосалар тайёрланиши назарда тутилади. Бунда сифатли ўқув натижаларига эришиш мезонлари сифатида ўқиш вақти, талабаларнинг ўзлаштириши, қайта алоқа сифатини талаб даражада таъминлаш мақсадга мувофиқ.

Шундай қилиб, ушбу шаклда амалга оширилган масофавий курслар талабаларга қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, соҳа фаолиятининг илғор ютуқларини ўргатиш, фаолият учун зарур касбий маҳоратини ошириш, тизимли камчиликларни бартараф қилиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ходимларнинг касбий фаолияти давомида тайёргарлигини доимий ошириши, ўз вақтида назарий ва амалий билими, кўникма ва малакаларини амалиётда қўллаши орқали касбий компетентлигини такомиллаштиришда самарадорликни таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Хориж тажрибаси

Хорижий мамлакатларда масофадан ўқитиш борасида бой тажриба тўпланган. 1969 йилда Англия премьер-министри Г.Вильсон ташаббусига кўра масофавий таълим технологияси шакллантирилган бўлиб, аммо масофадан ўқитиш анча олдинроқ, яъни, биринчи барқарор, мунтазам почта алоқасининг шаклланиш даврида юзага келган.

Бундан ташқари, 1858 йилдан бошлаб уларнинг мустақил билим олишлари, барча ихтисосликлар ва барча соҳалардаги академик даража учун имтиҳон топширишларига рухсат этилган. 1938 йилдан буён Сиртқи таълим бўйича Халқаро кенгаш, 1982 йилдан бошлаб масофавий таълим бўйича Халқаро Кенгаш номи билан машҳур халқаро таълим ташкилотлари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Очиқ университетлардаги масофавий таълимда ўқиш харажатлари анъанавий институтларда ўқитишга қараганда 8–10 марта арзон. Масалан, Англияда турғун ўқишга 3000, масофавий ўқитиш орқали билим олишга эса атига 300 фунт стерлинг тўланади. Биноларга хизмат кўрсатиш, жиҳозлар ва лаборатория учун харажатлар, ўқитувчи, маъмуриятлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар штати қисқаради.

Қандайдир олийгохда ўтказилаётган ўқув курслар, маърузалар ёки семинарлар талабалар йиғиладиган узоқлаштирилган ўқув аудиторияларга синхрон телекўрсатув, видеоанжуман, радиоэшиттириш кўринишида телекоммуникация каналларидан узатилади. Бунда бир ўқитувчи бир вақтни ўзида талабаларнинг катта аудиторияси билан ишлайди. Ушбу модел бўйича АҚШ нинг Висконсия университети (Wisconsin University, USA) да, шунингдек, Хитойнинг марказий радио ва телеведение университети (China Central Radio and TV University)да масофали ўқитиш ташкил этилган. Узоқлаштирилган аудиториялар моделидан биз талабаларга барча фанлар модулини ўқитишда кенг фойдаланишимиз мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, таълим олувчиларга филиаллар тармоғи, телестудия ва компьютер тармоғи орқали маслаҳатлар берилади. Англияда ўқувчиларни тайёрлаш дастури 130 та курсни ўз ичига қамраб олади, уларнинг кўплари фанлараро боғланиш хусусиятига эга.

Масофавий таълим АҚШда ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталаридан, Европада эса 70-йилларнинг бошларида жадал ривожлана бошланди. Ўқитишнинг бу шакли таълим олувчилар ва ўқитувчиларнинг бир-бирлари ҳамда ўқитиш воситалари билан ўзаро таъсирининг мақсадга йўналтирилган интерфаол жараёнидан иборат бўлиб, бунда таълим жараёни уларнинг географик фазовий жойлашишига боғлиқ бўлмайди. Таълим жараёни кичик тизимлардан иборат, яъни ўқитиш мақсади, мазмуни, методлари, воситалари, ташкилий шакллари, назорат, ўқув-моддий, молиявий-иқтисодий, меъёрий-ҳуқуқий ва маркетинг каби элементларни қамраб олган ўзига хос педагогик тизимда кечади.

Масофавий таълим турли географик минтақаларда жойлашган ўқитувчи ва талабани боғловчи жараён бўлиб, ўзаро алоқалар махсус технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Ўзаро алоқаларни амалга оширишда турлича усуллар қўлланилади: почта ёки телефакс орқали босмахона материалларини алмашиш, аудиоконференция, видеоконференция, компьютер орқали виртуал конференция кабилардир. Ўқув юртидан узокда яшовчилар, қатнаб ўқиш учун шароити бўлмаганлар, малакасини оширишни хохловчилар, ногиронлар ва яна бошқа турли сабабларга кўра, бевосита олий ўқув юртига бориб ўқиш имкониятига эга бўлмаганларнинг масофадан туриб билим ва таълим олишга бўлган талаблари ортиб бориши табиийдир. Масофавий таълим ўқитишнинг анъанавий усулларидан фойдаланиш, турғун шароитда ўқиш имкониятига эга бўлмаган, имкониятлари тиббий шарт-шароитлар туфайли чегараланган шахслар, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг тингловчилари, хорижий мамлакатларнинг таълим муассасаларида ўқитиш истагида бўлган абитуриентлар, иккинчи мутахассисликни эгаллашни хоҳловчи кадрларга жуда қулай шароитни яратиб беради.

Ўзбекистонда масофавий таълим қандай йўлга қўйилган?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 27 мартда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида”ги буйруғига кўра республикамиздаги мавжуд ОТМлар масофавий ўқитиш технологияларини яратиш ва ишга тушириш юзасидан ишларни бошлаган.

Бу борада Тошкент давлат юридик университетида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан,  2020/2021 ўқув йили учун масофавий таълимни йўлга қўйиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:

университет Ўқув-услубий бошқармаси таркибида Масофавий таълим бўлими ташкил қилинди;

масофавий таълимни ташкил этиш учун MOODLE-объектга йўналтирилган динамик таълим муҳити асосида http://distant.tsul.uz масофавий таълим платформаси ишга туширилди;

285 нафар профессор-ўқитувчилар ва 4191 нафар талабалар масофавий таълим платформасидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилди;

2020/2021 ўқув йили ўқув режасининг кузги семестрида ўқитилиши режалаштирилган 77 та фан ўзбек тилида, 77 та фан рус тилида 8 та фан инглиз тилида, жами 162 та модул тизимдан рўйхатдан ўтказилди;

2020/2021 ўқув йили ўқув режасининг кузги семестрида ўқитилиши режалаштирилган фанларнинг ҳар бир мавзуси учун видеодарс, аудиодарс, маъруза матни (ўқув дарслигидан олинган), тақдимот, казус саволлари, назарий топшириқлар, тест саволлари 12953 та маълумот (элемент) кўринишида платформага юкланди ва қўшимча маълумотлар юклаб борилмоқда ҳамда барча қўшимча 10 мингдан зиёд адабиётлар ва манбалар library.tsul.uz электрон кутубхонасига жойлаштирилган ва унга ҳаволалар платформага ҳам киритилган.

2020/2021 ўқув йили учун профессор-ўқитувчилар ўртасида ўқув юкламаларини ўқув жараёни масофавий ташкил этилиши ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш заруратини ҳисобга олган ҳолда тақсимланди;

видеомаърузаларни сифатли қилиб тайёрлаш учун университет медиамарказида тегишли мутахассисларни таклиф қилган ҳолда профессионал видеомаърузалар ёзилди.

Бугунги кунда ўқув жараёни distant.tsul.uz масофавий таълим платформаси ҳамда Zoom дастури орқали амалга оширилмоқда, шунингдек Zoom орқали олиб борилаётган маърузалар ёзиб олиниб университетнинг youtube каналига ва талабаларнинг телеграм ижтимоий тармоғидаги гуруҳларига юклаб борилмоқда;

таълим платформасида талабалар ҳар бир фанни мавзулар кесимида ўзлаштириб бориши, бунда мавзуни ўзлаштиришда уни тўлиқ кўриб чиқиши талаб этилади, мавзуни якунламасдан кейинги мавзуга ўтиши бўйича чеклов ўрнатилган;

Семинар машғулотларини олиб бориш учун учун MOODLE тизимининг ЧАТ ва ФОРУМ элементлари ҳамда семинар ўтказиш, топшириқ бериш ва уни жавобини текшириш механизмларидан фойдаланиш йўлга қўйилган.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун MOODLE тизимидан фойдаланиш бўйича йўриқнома, қўлланма, видоетушунтиришлар тайёрланиб етказиб борилмоқда, жумладан электрон таълим платформасига тизимдан фойдаланиш бўйича ўзбек ва рус тилларида йўриқномалар ва видеороликлар жойлаштирилган. Шунингдек, тизимли равишда ҳар хафта профессор-ўқитувчилар учун масофавий таълим платформасидан фойдаланиш ва масофавий ўқитиш методлари бўйича онлайн тренинглар ташкил этиб келинмоқда.

Электрон таълим платформасидан фойдаланиш (фаоллик) ҳолати ҳам таҳлил этиб борилмоқда.

Узоқ ҳудудларда яшайдиган ҳамда электрон таълим платформасидан фойдаланиш имконига (техник ва бошқа сабаблар туфайли) эга бўлмаган талабалар учун туман адлия бўлимлари ва туман давлат хизматлари бўлимларида интернетга уланган компьютерлар ажратилган ҳолда шароит яратилди.

Хулоса қиладиган бўлсак, масофавий таълими концепциясини ишлаб чиқиш лозим. Мазкур ҳужжатда масофавий таълимнинг илмий асосларини, унинг инновацион ўқув-услубий тизими ва асосларини такомиллаштириш, бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳамда таълимда масофавий таълимнинг самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий “Йўл хариталарини” ишлаб чиқиш лозим.

Таълимда янги рақамли технологияларни қўллаш унинг норматив ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб боришни тақозо этиб, бу эса ўз навбатида, инновацион масофавий таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини унификация қилишни ва уни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Саломат Ниёзова,
ТДЮУ профессори в.б, ю.ф.д. (DSc)
Азизахон Алланова,
ўқитувчи