Мастлик жазони енгиллаштиришга баҳона бўла олмайди

0

Одам боласи ақлини йўқотса ҳайвондан фарқи қолмайди. Ичкилик балоси инсон ақлу хушини маълум вақтга йўқотиши билан хавфлидир. Афсуски, айрим ҳолатларда спиртли ичимлик таъсирида жиноятга қўл ураётганлар ҳам учраб турибди. Бу эса ичкилик балосинининг оқибати жудаям хунук эканлигидан далолат.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судида спиртли ичимлик таъсирида жиноятга қўл урган шахсларга нисбатан жазо белгиланди. Ибрат учун мазкур жиноят ишнинг айрим тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтганимиз маъқул.

Жамшид билан Жавлон (исмлар ўзгартирилган) кунларнинг бирида роса бўкиб ароқ ичади. Ярим тунда уй-уйига тарқалишса ҳам бўлар эди. Лекин улар ичкиликка қўшиб ақлларини ҳам “еб” қўйганди-да. Шу сабаб кўчада қаёққа боришини билмай гандираклаб юришади. Дайдиб юриб бир кичик ошхона қаршисидан чиқиб қолишади. Ичкарига кириб егулик сўрашади. Соат тунги 12 ларда ошхонадан овқат қолармиди? Ошхона эгаси ҳам овқат қолмаганлигини, айни пайтда идиш-товоқларни юваётганлигини айтади. Шунда икки шоввоз ошхона эгаси ўз ишини тамомлагунча ўтириб, ўзлари билан олиб келган пивони ичиб олишга рухсат сўрайди.

Маст ҳолдаги бу йигитлар билан тортишиб вақтини кетказишни истамаган ошхона эгаси иложсиз кўнишга мажбур бўлади. Телба тескари гапларни гапираётган йигитларнинг аҳволини кўриб уларга бирор насиҳат кор қилмаслигини тушунади. Хуллас ошхона шу куни бу икки ҳамтовоқни, деб бироз кеч ёпилади.

Жамшид билан Жавлон нега энди бизга егулик беришмади, деган гапни роса муҳокама қилишади. Бундан ўзларича ғазабланади. Ошхона эгасини ақлини киргазиб қўйишни ўйлашади. Кейин обдон режа тузишади.  Бу орада ошхона эгаси эшикларни ёпиб уйига кетаётганди. Уни узоқроққа кетишини кузатиб турган шекрикларнинг хаёлига ўғрилик қилиш фикри келади.

Икки ҳамтовоқ вазият пишиб етилганлигини тахмин қилиб ошхонага яқинлашишади. Эшик ойналарини синдириб, ичкарига кириб олишади. Нимани ўғрилаб кетсак экан, деб бош қотира-қотира охири ошхонада турган бозор нархи  1.000.000 сўмлик бир дона “Артел” телевизорини, 100.000 сўмлик бир дона қора рангли тюнерни, 335.000 сўмлик 15 кг товуқ гўшти ва 260.000 сўмлик 20 кг балиқни ва 7000 сўмлик 10 дона килька балиқ консерваларини,  жами 1.765.000 сўмлик мулкни ўғирлаб кетишади.

Ўғриланган нарсалар рўйхатини кўриб ажабланасан киши. Ўғрига фарқи йўқ, қўлга илинган нарсани олиб кетаверади, деганлари шу бўлса керак. Судда судланувчилар ичкилик сабаб жиноятга қўл урганлигини бот-бот такрорлаб суддан енгиллик беришини сўради. Жиноят ўз номи билан жиноят, у ичкилик таъсирида бўладими, фарқи йўқ. Жиноятчи тегишли жазосини олиши шарт. Қарангки, йигитлар жиноятга сабаб ичкилик бўлганлигини айтиб судни чалғитмоқчи бўлишди. Чунки улар ўғрилаган нарсаларини эртаси куни сотиш ҳаракатида бўлишган эди.

Жиноят иссиғида фош бўлади. Ичкилик туфайли икки ҳамтовоқ ўғри, деган номни олди.

Хайруллохон КАМОЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди раиси

 

 

Аввалги мақолаҲаммага берилган мукофот пули юридик хизмат ходимига берилмаган
Кейинги мақолаАёллар муаммолари ўрганилди