Медиатренер Нозима Тошпўлатова: Бугун журналистлар “эринчоқ аудитория” билан ишлаяпти. Уларни қандай жалб қилиш мумкин?

0

— Маълумотларга кўра, аҳоли 12 соатини интернетни кузатишга сарфлайди. Бугунги аудитория нимани хоҳлайди? Биз истаймизми-йўқми аудитория билан ҳисоблашишимиз керак. Эътибор қилинг, шарҳли хабарлар вақти ўтди! Ҳозирда узатилаётган материалларни визуаллаштириш керак. Бунда сторителлингдан фойдаланган маъқул!

Ҳозирда биз эринчоқ аудитори билан ишлаяпмиз. Хусусан, “Z” авлод шаклланганки, улар телефон орқали дунёни англайди. Телефон фонатлари десак ҳам бўлади бу авлодни. “Z” авлодни 1995 йилдан 2014 йилгача бўлган авлод вакиллари ташкил этади. Улар узундан-узоқ матнларни ўқишга эринади. Бу авлодни пазллар, мозайкалар, турли форматдаги суратлар, хариталар, инфографикалар, видео-аудио материаллар кўпроқ қизиқтиради. Шу билан бирга уларга космосдаги қаҳрамонлар ёки тарихий буюк сиймолардан кўра ўз ёнидаги қаҳрамонлар ҳаёти кўпроқ қизиқтиради. Шу сабабли муаммони атрофдаги қаҳрамонлар ҳаёти мисолида ёритиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, материални тақдим этишда кўпи билан 10 сўзда асосий фикрни бера олиш керак.

Банд одамни бу ахборот нима сабабдан қизиқтириши керак?

Энг асосан нималарни тақдим қилмоқчисиз? (3 та асосий саволни қўйинг)

Мобил телефонлар учун материаллар тайёрланг.

Лонгридлардан фойдаланиш керак. Яъни, аудио, видео, фотоларнинг материалда қамраб олинишига алоҳида аҳамият қаратиш зарур.

Материалларни ёритишда интерфаол фотолардан фойдаланиш керак.

Бу формат нега керак?

Биргина фотода кўплаб тафсилотлар бера олиш имконияти;

Аудиторияда “мос келиш” эффектини пайдо қилади;

Интерфаол формат — аудиторияни ўйинга жалб қилади;

Формат “вирусли” — юқори даражада тобелик хусусиятига эга.

 

Форматдан қандай ҳолларда фойдаланиш керак?

 Кўплаб иштирокчи қатнашган ҳодисалар ҳақидаги материалда;

Инсон, касб, тарихий шахслар тўғрисидаги материалларда;

Англатувчи материалларда;

Мустақил материал сифатида (масалан, виртуал саёҳат);

Яхши ҳиссиётли динамик фотосуратлар бўлмаган ҳолларда фойдаланиш зарур.

 Интерфаол фотосуратлар билан ишлашнинг  айрим муҳим қоидалари

  • Асосий фотосурат кўришга қизиқарли бўлиши керак;
  • Фотода кўплаб деталлар акс этиши лозим;
  • Ёрлиқ учун турли форматдаги таркибдан фойдаланинг;
  • Турли таркиб учун турли ҳил ёрлиқларни қўлланг;
  • Оммага маълум бўлмаган қизиқ фактларни жамланг;
  • Имкони бўлса, аввалги мақолаларга ҳавола беринг;
  • Бу таркибни, албатта ижтимоий тармоқларда ёритинг.

 

Эди/энди слайдери

“Эди/энди” слайдери — интерфаол визуал восита, у объект, маскан,  инсонларда вақт ўтиши билан юз берадиган ўзгаришларни намойиш қилади. Фойдаланувчи бир ҳаракат билан айнан битта объектнинг турли вақтлардаги кўринишини таққослаш имкониятига эга.

“Эди/Энди” слайдери билан ишлашда йўл қўйиладиган хатолар

  • Жуда ғариб кириш сўзи;
  • Зерикарли ёки сифатсиз фото;
  • Объект турли ракурслардан суратга олинган;
  • Объектлар турлича ўлчамда тақдим этилган;
  • Сарлавҳа ва изоҳларда етарли маълумот берилмаган.

(Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда журналистлар ва блогерлар учун “Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлар” мавзуида ўтказилган семинардан ёзиб олинди)