Суд очерки“Меҳмондўст" куёв...

“Меҳмондўст» куёв…

                                                           Суд залидан

Авваллари қайнона-келин муаммоси трендда эди. Эҳ-ҳе, улар ўртасидаги можароларнинг минг хил саҳнаси бор. Бузилган оилалар, жонидан тўйган келинлар, етим қолган болаларнинг уволидан қўрқмайдиган қайноналар кўпайиб, аллақачон “замонамиз қаҳрамони”га айланиб улгурган.

            Янги саҳнада: қайнона ва куёв можароси 

Энди  эса замон ўзгарди. Энди ҳаётнинг янги саҳна кўринишлари — қайнона-куёвлар можаросини “томоша” қилаяпмиз.

Тўғри, бундай можаролар авваллари ҳам бор эди. Масалан, бундан бир неча йил аввал фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судида оила ажрими иши кўрилаётган кунда содир бўлган қотилликни ҳар эслаганда, одамнинг юрагини ваҳима босади.

Ўшанда суд мажлисига  никоҳни бекор қилиш мақсадида чақирилган ички ишлар ходими — милиционер йигитнинг хизмат қуролини топширмасдан келгани, суд  мажлиси ва танаффус чоғида қайнонанинг унга айтган ҳақоратли ва эркаклик нафсониятига тегадиган гапларидан ғазабланиб, қайнонаси ва аёлини хизмат тўппончаси билан отиб қўйгани ва оқибатда иккиси ҳам оламдан кўз юмгани ҳақиқий фожиа эди. Отанинг узоқ муддатга темир панжара ортига кетгани, икки бегуноҳ боланинг  етим қолгани ҳақидаги  бу воқеа ҳақиқатан ҳам жуда даҳшатли эди.

          Оилавий қадриятлар қаерда қолди?

Бугунги кунда ҳам  ғазаб ва жаҳлга қул бўлган, шафқатсизликни касб қилиб олган айрим эркакларнинг ўйламай қилган зўравонликлари турли кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. “Навоийазот”  акциядорлик жамиятида цех бошлиғи бўлиб ишлайдиган Рустам Камоловнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси бўла туриб, ёши қирқдан ошиб ҳам қуйилмагани, эркак зотига ярашмайдиган бу қилмиши оилавий қадриятларимизга  умуман зиддир.

Ҳаммаси оддий қўполликдан, сабабсиз танбеҳ ва  тортишувдан бошланди. Тўғрироғи, ҳаммасига  оқ ароқнинг қора қилмиши сабабчи.

Август  оқшомларидан бирида  соат  23.30 ларда  ишдан қайтаётган Р.Камолов ўзлари яшайдиган “дом” олдида турмуш ўртоғи Манзура Жумаеванинг фарзандлари ва меҳмонга келган қайнонаси билан ўтирганлигини кўриб, “кеч бўлганда ташқарида нима гап бор?” деган савол билан жазаваси тутади. Жаҳл устида хотинини ҳақорат қилиб, уйга киргач, баттар қуйишқондан чиқади. Болаларини  ҳам  қаттиқ  ранжитади. Спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун  ўзини бошқара олмай, турмуш ўртоғи билан  тортишиб, уни жаҳл устида ураётганини кўриб, қайнонаси Г.Солиева  “қизимни нега урасан, набираларимга нима учун сабабсиз зуғум қилаяпсан, ўзинг шу вақтгача қаерларда юрибсан, нега ичиб олиб жанжал кўтараяпсан?”, деб  сўраганида, у қайнонасига “бизнинг оилавий ишларимизга аралашманг”, деб   қайнонасининг меҳмонлик иззатини ҳам билмай, уни ҳақорат қилиб, аёлини эса  баттар эза бошлайди. Бунга чидаб тура олмаган  қайнона уларни ажратмоқчи бўлганида, Г.Солиевани ҳақоратлагани етмаганидек, муштумзўр куёв ошхонадан ўқловни олиб, қайнонасининг бошига уриб, унга тан жароҳати етказади. Қайнона боши ёрилиб, ҳушини йўқотади  ва “Тез ёрдам” машинасида  вилоят тез тиббий  ёрдам марказига ётқизилади. Қасддан   шикаст етказгани учун қайнона “меҳмондўст” куёвни судга беради.

                  “Бошингга не бало келса…”

Доноларимиз жуда тўғри айтишган: “Бошингга не бало келса бировданмас, ўзингдан кўр…”.  Рустам ҳам  ўз қилмишидан, қилган хатосидан пушаймон. Аммо энди  сўнгги пушаймондан  фойда йўқ. Қайнонадан узр сўраши ҳам, бундай ҳол бошқа такрорланмаслигини билдириб, минг тавалло қилгани-ю, қайнона уни кечирмаганлиги ҳам, қарамоғида тўрт нафар фарзанди борлиги ҳам, ҳамма-ҳаммаси унга  сабоқ бўлса-ку яхши… Аммо ўрганган одати яна панд бериб,  ичкиликнинг касрига қолишда давом этса, ўзини бошқара олмаса ундан ёмони йўқ.  Чунки ўзини бошқара олмайдиган одам  оилани қандай бошқариши мумкин?

Ота-боболаримиз  “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун хайру барака кетади”, деб бежизга  айтишмаган. Суднинг қора курсисига ўтирган одам  албатта жазосини олади.  Суд, судланувчи  Р.Камоловнинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканини Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб ҳисоблайди,  жиноятни маст ҳолатда содир этганлигини эса Жиноят кодексининг 56-моддасига кўра оғирлаштирувчи ҳолат, деб инобатга олишни лозим топади.

Суд ҳукмига кўра, Р.Камолов Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилди ва унга  иш ҳақининг 20  фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1  йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.  У ўз қилмиши ўз оёғига  тушов, ўз ҳамёнига зарар бўлганидан, фарзандлари насибасига жабр қилганидан тўғри хулоса чиқарармикан?

                                                 Дилобар ПАРДАЕВА,
 жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,

                                               Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

                                                       

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img