ЯнгиликларМаҳаллийМеҳнат муносабатлари: қонунда бошқа, амалда бошқа(ми?)

Меҳнат муносабатлари: қонунда бошқа, амалда бошқа(ми?)

Тараққиёт шиддати ҳар бир инсондан ўз устида тинимсиз ишлашни, имкон қадар самарали меҳнат қилишни талаб этади. Аммо тартибсиз иш ва ҳаддан ташқари зўриқишлар инсон саломатлиги ва меҳнат унумдорлигига салбий таъсир кўрсатишини тиббиёт ходимлари ҳам, меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари ҳам кўп бора таъкидлашади.

Шу боис иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари қонунчиликка асосланиши ўзаро мувозанатни тутиб туришда муҳим омил ҳисобланади. Юртимиз меҳнат қонунчилигида бу жараёнга катта эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали меҳнат муносабатлари тартибга солинади. Қонунчиликда белгиланган нормаларга қатъий риоя этган ҳолда фаолият юритилса, иш берувчи учун ҳам, ходимлар учун ҳам манфаатли. Бироқ, афсуски, айрим ташкилот ва муассасаларда қонунчиликка кўз юмган ҳолда, уни қасддан четлаб ўтиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Қарс икки қўлдан

Меҳнат муносабатларидаги қонунбузилишларда, қарс икки қўлдан деганларидек, ҳам иш берувчи, ҳам ходимлар бирдек айбдор. Ходимларнинг ишга нисбатан лоқайдлиги, меҳнат муносабатларида ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслиги ёки талаб қила олмасликлари қатор муаммоларни юзага келтиради. Иш берувчилар эса ходимларни кўпроқ ишлатиш, солиқдан қочиш, натижага тезроқ эришиш, имкон қадар камроқ иш ҳақи бериш, ачинарлиси, «юқоридагилар»га ишлаётгандек кўрсатиш каби талай сабабларга кўра меҳнат муносабатларидаги қонуний талабларни четлаб ўтишади.

Умуман олганда, аксарият ҳолларда меҳнат қонунчилигини иш берувчилар бузишади. Чунки уларда ваколат катта, шу боис босим билан бўлсада, ўз ҳукмини ўтказиш пайида бўлади. Ходимлар эса даромаддан, иш жойидан ажраб қолмаслик учун бўйсунишга мажбур.

Айрим нодавлат ташкилотлар ва қатор бизнес субъектларида, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини имкон қадар чеклашга ҳаракат қилинади. Жумладан, ходимни меҳнат шартномаси тузмасдан ёллаш, иш ҳақини камроқ белгилаш, солиқдан қочиш мақсадида «конверт»да маош бериш, ходимларнинг дам олиши, таътилга чиқиши ва шу каби бошқа қатор ҳуқуқларига деярли риоя қилмаслик ҳолатларини кузатиш мумкин. Ҳукумат томонидан бу каби муаммоларнинг олдини олишда кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилаётган, солиқ маъмурчилигида қатор қулайликлар амалга оширилаётган бўлсада, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бирмунча қийин кечаётгани ҳам бор гап.

Хўш, айрим бизнес субъектлари имкон қадар ўз даромадини кўпайтириш мақсадида қонунбузилишларга йўл қўяётган экан, давлат ташкилотларичи? Асосан бюджетдан молиялаштириладиган идора ва ташкилотларда иш берувчининг меҳнат қонунчилигини бузишига нима сабаб бўлмоқда?

Биламизки, иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир. У меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Шунга қарамай, айрим ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасига ва бошқа меҳнатга оид қонунчиликка зид ҳаракатларни амалга оширади. Қизиғи, ходимдан иш унумдорлиги, зиммасидаги вазифаларни қай даражада сифатли бажараётгани эмас, раҳбариятга қанчалик содиқлиги, ишдан кейин, тайинли иш бўлмасада, ярим тунгача ўтириши, дам олиш кунлари ҳам ишга келиши каби «фидойилик»ларга урғу берилади. Айрим давлат ташкилотларида йиллар давомида шаклланган бу қолипдан чиқиш эса ўта секин ва оғир кечмоқда. Ходимлар меҳнат шартномасида акс этган ўзининг вазифаларини билмаслиги мумкин, аммо «де факто» иш берувчига қандай яхши кўриниш кераклигини, «силлиқ» ҳисоботларни тайёрлашни яхши билади.

Сиртдан қараганда, ярим тунгача ўтирган, дам олиш кунлари ҳам ишга келган ходимлар меҳнаткаш ва ишхонага нисбатан садоқатли кўриниши мумкин. Аслида эса уларнинг хатти-ҳаракати хўжакўрсинга бўлади. Қилаётган ишларида ҳам «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида сифат эмас, сон устунлик қилади. Ишини имкон қадар сифатли бажариб, эртароқ уйга, оиласи бағрига шошилган, меҳнат муносабатларида иш берувчи билан керак бўлса баҳслаша олган ходимлар ишга нисбатан масъулиятли ва ташаббускорроқ бўлишади.

Иш вақтидан кейинги иш

Келинг, мавзу юзасидан долзарб бўлиб турган айрим муаммоларга эътибор қаратсак. Масалан, иш вақти тугагач, 18.00 дан кейин ҳам ходимларнинг ишда қолиши. Бугунги тезкор замонда оиласига, фарзандларига, ҳеч бўлмаса тунда вақт ажрата олмаслик жиддий эътирозларга сабаб бўлади. Бу ҳолат тизимли давом этса, ходимларда секин-секин стрессни кучайтиради, ишга нисбатан лоқайдликни ошириб, фақатгина маош учун, ишдан ажраб қолмаслик учунгина келиб-кетадиган шахсга айлантириб қўяди. Бундай ходимдан на ўз устида ишлашни, на ташаббусни ва на ишхона учун бирон-бир арзирли ғояни кутиш мумкин…

Маълумки, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Қонунчиликка кўра, ходим ўз розилиги билан иш вақтидан ташқари сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас. Масалан, агар ходим биринчи куни 4 соат иш вақтидан ташқари ишга жалб қилинган бўлса, эртаси куни ҳатто унинг розилиги бўлган тақдирда ҳам уни бундай ишларга жалб этиш тақиқланади.

Иш сменаси 12 соат бўлганда, шунингдек, меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам йўл қўйилмайди.

Эътибор қилинг: иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Муҳими, иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун камида икки баравар ҳақ тўланади. Бунда бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилади.

Айрим ҳолларда байрам (ишланмайдиган) кунлари ҳам ишга жалб этиш ҳолатлари учрайди. Бунда кўплаб ташкилотлар иш берувчилари на фармойиш чиқаради, на касаба уюшмаси ёки ходимлар билан келишади, ачинарлиси, на қўшимча иш ҳаққи беради.

Аслидачи? Ходимларни байрам кунлари иш берувчининг фармойиши бўйича ишга жалб этишга фақатгина жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда йўл қўйилади.

Ишлаб чиқариш шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам кунлари ишлашга йўл қўйилади.

Меҳнат муносабатларига оид қонунчиликни ўта қўпол тарзда бузиш ҳолатларидан яна бири ходимларни тунги вақтда ҳам ишлатишдир. Бу ҳолат узлуксиз давом этсачи? Билимли, ўзига ишонган, салоҳиятли ходим шундай шароитда ишлайдими? Албатта йўқ. Тезда бошқа иш топади, чунки бугунги даврда салоҳиятли ходим кўчада қолмайди. Уларнинг ўрнини эса иш берувчи нима деса хўп дейдиган ходимлар эгаллайди. Уларнинг билим ва салоҳияти ҳаминқадар, шунинг учун ҳамма нарсага рози. Аммо бундай ишхонада тамагирлик, таниш-билишчилик ва порахўрлик авж олиш эҳтимоли ошади. Чунки бундай ходимлар пул ишлаш учун, ўз ўрнида узоқроқ туриш учун ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатдан тоймайди.

Энди қонунчиликда белгиланган тунги иш вақти тушунчасига тўхталиб ўтсак. Маълумки, соат 22:00 дан то соат 6:00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади. Агар ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги иш вақти муддати бир соатга, иш ҳафтаси муддати ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартирилади.

Меҳнат кодексининг 158-моддасига кўра тунги вақтдаги (122-модданинг биринчи қисми) ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади.

Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда тўланган ҳақ тариф ставкаларига (мансаб маошларига) қўшилмайди. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Бевосита тунги сменадан олдингиси кечки смена деб ҳисобланади.

Қонунчилик бадастир, аммо…

Қизиғи, қонунлар бадастир. Унда кўпроқ ходимларнинг манфаати ҳисобга олинган. Аммо амалда иш берувчининг айтгани айтган, дегани деган. Улар Меҳнат кодексини четлаб ўтиб, ходимни ҳар кўйга солиши мумкин. Ундай ташкилотда жамоат назорати жуда суст, касаба уюшма ташкилоти асосий вазифасини бажармайди. Сабаби у ерда барча оддий ходим, иш берувчи битта ва у дахлсиз. Хўш, иш берувчи қандай қилиб бунчалик ўзига ишонаяпти? Биринчидан, у шу даражага эришгунча турли лавозим пиллапояларида «тажриба» орттирган, ташкилотни шу тарзда бошқариш ҳадисини олган. Ундан юқоридагиларга ҳам шу маъқул. Иккинчидан, у битта ўзи эмас, атрофда ўзи кабилар саноқсиз эканини билади. Ходим ҳам биладики, бу ерда ўз ҳаққини талаб қилгани учун ишдан бўшатилса, бошқа жойга ишга ўтиши қийин, мабодо ишга ўтса ҳам, ёмғирдан қутилиб, дўлга тутилиш эҳтимоли юқори эканини ҳис қилади.

Ана борингки, иш берувчи билан даъволашиб, судда ютиб, ишга тикланган тақдирда ҳам уни атрофидаги аксарият ҳамскасблари қўлламайди ва иш берувчининг доимий тазйиқида қолади, охир-оқибат ўз хоҳиши билан ишдан бўшайди. Ўз билими ва тажрибасига ишонган ходим эса бу даражага олиб бормайди: шартта бўшайди, кетади. Ташкилотда эса ишчанлик муҳити бузилиб бораверади.

Муаммо бир-бирини чақиради деганидек, натижада мажлисвозлик авж олади, ижроси таъминланмайдиган вазифалар, режалар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилаверади. Фақат қоғозвозлик ва хўжакўрсингагина ўзини ишлаётгандек кўрсатаётган ходимлар армияси урчиб бораверади. Қарабсизки, бошқа давлатлар космосни забт этаётганда, биздаги раҳбарлар кунига мажлис қилиб одоб-ахлоқдан дарс беради. Ходимлар эса муътеларча куни ўтиб турганидан мамнун…

Мажлисбозликми ё унумдорлик?

Ҳа, ходимларни зада қилган асосий муаммолардан бири ҳам айнан мажлисбозлик ва қоғозбозликлар. Бунга барҳам бериш борасида энг юқори минбарлардан такрор-такрор айтилсада, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинсада, ижобий томонга силжиш жуда суст. Кўплаб танишларимни биламан, давлат ташкилотларида, нуфузли лавозимларда ишлайди. Кечаю кундуз тиним йўқ. Иш кўплигидан эмас, жамият ривожига деярли фойдаси тегмайдиган мажлисбозлигу қоғозбозликдан чарчаб кетишган. Дам олиш кунларини унутишган, уйга эртароқ келиши – оиласи учун байрам.

Бежиз айрим ривожланган давлатлардаги йирик компаниялар ҳафтасига тўрт кунлик ишни ёки бўлмаса, ишга бемалол келиб, вақтлироқ оиласи бағрига қайтиш амалиётини тажриба қилиб кўришмаяпти. Чунки хотиржам, зўриқишсиз, оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш, пировардида, ишга нисбатан меҳрнинг ошиши меҳнат унумдорлигини ошириб юбориши тажрибада ўз тасдиғини топмоқда. Ахборот технологияларининг ривожланиши ҳамда коронавирус пандемиясидан орттирилган амалиёт ҳам масофадан туриб ишлаш афзалликларини исботлади.

Инсоният иш унумдорлигини ошириш, параллель равишда дам олиш кунларини кўпайтириш учун доимий ҳаракатда. Аввал бир кунлик, кейин икки кунлик дам олиш жорий этилган бўлса, аллақачон 4 кунлик иш ҳафтаси устида ҳам тажрибалар ўтказила бошланди.

Масалан, 2018 йилда Янги Зеландиянинг «Перпетуал Гуардиан» компаниясида ходимлар иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда беш кун ўрнига тўрт кун ишлашган ва натижа аъло бўлган: ходимларда ҳаётдан умумий қониқиш янада ўсган. Бандлик ҳисси пасайиб, зўриқиш даражаси 45 фоиздан 38 фоизга тушган. 2019 йилда «Миcрософт» корпорациясининг Япониядаги филиали ходимларига бир ой давомида жума кунлари ишламасликка имкон берганидан сўнг тўрт кунлик иш ҳафтаси компаниянинг иш унумдорлигини оширади деган хулосага келган.

Ҳатто давлатлар миқёсида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш устида ишланяпти. Охирги пайтларда Испания, Бельгия ва АҚШда иш вақтини қисқартириш бўйича режалар амалга оширилаётгани эълон қилинди. Бунда иш соати ўртача 40 соатлик меъёрдан 32 соатга туширилади. Лекин бу ходимга тўланадиган маош ва ишхонанинг умумий фойдаси пасайишига хизмат қилмайдиган қилиб амалга оширилиши керак. 4 кунлик иш ҳафтаси бўйича қилинган таҳлиллар ходимлар кўпроқ соат ишлаши қайтага уларнинг самарадорлиги тушиб кетишига сабаб бўлишини кўрсатмоқда.

Швейцарияда жойлашган инсон ресурслари бўйича ихтисослашган «Адеccо Гроуп» компанияси эълон қилган таҳлилга кўра 4 кунлик иш ҳафтасининг ижобий томонлари ҳам, салбий томонлари ҳам бор.

Аммо дунёда иш унумдорлигини ошириш борасида шундай тажрибалар амалга оширилаётган бир пайтда, бизда қонунда белгиланган меҳнат муносабатларини тартибга сола олмаётганимиз ачинарли. Бу одамларнинг жамиятга нисбатан ишончсизлик, энг ёмони, қонунларнинг амалда ишлашига шубҳа билан қарашига олиб келади.

Риоя этсак кифоя

Юқоридаги мулоҳазалардан ойдинлашадики, ташкилотда меҳнат муносабатларида қонунчиликка риоя қилишда жамоат назорати муҳим ўрин тутади. Бу тизим аслида деярли барча ишхоналарда мавжуд. Бу ерда муаммо тизимнинг қанчалик мустақил ва шаффоф ишлашида. Ходим якка ҳолда иш берувчининг ноқонуний ҳаракатларига қарши чиқа олмаслиги мумкин. Аммо ташкилотдаги касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг асосий вазифаси бевосита ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва бунда иш берувчи билан ҳамжиҳатликда ишлаш, керак бўлса, музокара олиб бориш, шартлар қўя олишидир.

Меҳнат кодексининг 23-моддасида ходимлар вакиллик органларининг қуйидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланган:

– музокара олиб бориш, жамоа шартномалари ва келишувлари тузиш, уларнинг бажарилишини текшириб туриш, иш берувчига корхонада меҳнат тўғрисида норматив ҳужжатлар тайёрлаш юзасидан таклифлар киритиш;

– корхонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

– меҳнат низоларини кўрувчи органларда ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш;

– иш берувчи ҳамда у вакил қилган шахсларнинг қарорлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки бошқа норматив ҳужжатларга зид бўлса ёхуд ходимларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда бузаётган бўлса, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиш.

Кўриниб турибдики, меҳнат қонунчилигида белгиланган жамоатчилик назорати тизими яхши ишласа, юқорида келтирилган муаммоларнинг ҳаммасини жамоанинг ўзида ҳал этса бўлади. Бунинг учун эса меҳнат муносабатларида қонунийликка иш берувчи ҳам, ходимлар ҳам қатъий риоя этишса кифоя…

 

Акмал ТОШEВ,
журналист

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img