Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этди

0

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Турсунов Ёрқин Эргашевич 55 ёшида  оламдан ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ёрқин Эргашевич Молия вазирлиги тизимида ишлаган. Унинг бутун фаолияти ҳудудлар ва бутун мамлакатни ривожлантириш учун хизматга бағишланди.

Ёрқин Турсунов 1965 йилда Самарқанд вилоятинг Хатирчи туманида туғилган. 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини бакалаврини тамомлаган. Мутахассислиги молиячи.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими аҳолини ижтимоий ҳимоялашни молиялаштириш бўйича назоратчи инспектори, бюджет инспекцияси I тоифали иқтисодчиси лавозимидан бошлаган.

1993- 2002 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими мудири ўринбосари – бюджет инспекцияси бошлиғи, кейинчалик бўлим мудири бўлган.

2002-2006 йилларда Навоий вилояти ҳокимияти молия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

2006-2012 ва 2016-2018 йилларда Молия вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Ижтимоий ва молиявий таъминот хизмати бошлиғи

Молия вазири ўринбосари лавозимига қадар, Ёрқин Турсунов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимини эгаллаган.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, уларни молиялаштириш бўйича самарали фаолият олиб борган.

Айрим манбаларда Ёрқин Турсуновнинг коронавирус юқтириб олганлиги туфайли вафот этгани айтилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Ёрқин Турсуновнинг коронавирус ва икки томонлама пневмония туфайли вафот этганини тасдиқлади.