Қувадаги молиявий пирамида 95 нафар фуқарога жабр етказди

0

Жиноят кодексининг 1881-моддаси “Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолият” деб номланади. Аммо кундалик ҳаётимизда айни жиноятга деярли дуч келавермаймиз.

Қува туманида яшовчи Сайёра Маҳмудова эса таниши Расулжон Мирзаалимовнинг таклифи билан мазкур жиноятга қўл урганда хаёлан еттинчи осмонда учиб юрарди. Яъни йигит унга интернет орқали “APPI TRAVELS.COM” сайти орқали туризмни ривожлантириш бўйича электрон бизнес ишига қўшилишни, агар шундай қилса, дунёнинг барча мамлакатлари учун чегирмали нархда авиачипталар олиш, меҳмонхона, ресторанлар, ижарага автомашиналар буюртириш, интернет сайти очиш, реклама ва шунга ўхшаш электрон тарзда амалга ошириладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини тушунтиради.

— Айниқса, сайтнинг олтита рақамли “Матрица” хизмати сиз учун жуда фойдали, — дейди Р.Мирзаолимов Сайёрани янада қизиқтириб. — Бу хизматга аъзо бўлиш учун уч юз доллар тўлайсиз. Кейин танишларингиздан яна икки кишини аъзо қиласиз, улар ҳам иккитадан мижозни жалб этиши керак. Шунда сиз 750 доллар бонус — даромад оласиз. Қанча кўп одамни аъзо қилсангиз, шунча кўп бонусни қўлга киритасиз.

Буни қарангки, С.Маҳмудовага электрон бизнесдан ҳам кўра “Матрица” хизмати ҳақидаги иккинчи таклиф жуда маъқул келади. Натижада у енг шимариб, “иш”га киришиб кетади. Аввало, 300 АҚШ доллари миқдорида аъзолик бадали тўлайди. Кейин танишлари Шоҳсанам Носирова, Маҳсудахон Тиллаева, Дилрабо Солиева ва Фарруҳ Мўйдиновларни аъзоликка жалб қилади. Қарабсизки, 750 долларлик бонусни қўлга киритиб турибди-да.

Шундан сўнг Сайёранинг яна бошқа қадрдонлари Гуласал Арипова, Райҳоной Солиева, Роҳатхон Саидазимова, Лобарой Дадажонова, Наргизахон Султоновалар ҳам сайтнинг юқоридаги хизматига аъзо бўлиб қўшилишади. Бора-бора С.Маҳмудова билан бирга улар 10 кишилик жиноий гуруҳга айланади. Ахир ишламай пул топиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз? Яна денг, даромад хорижий валютада тўланса. Мана шу тариқа жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўз таниш-билишларини “Матрица” хизматига жалб қила бошлайди. Жумладан, кимдир 150, кимдир 200 АҚШ доллари берса, нақ 82 нафар фуқаро 300 АҚШ долларидан пул топширади. Ҳатто, 1000, 1200, 1500, 1800 АҚШ доллари берганлар ҳам бор. Айниқса, фуқаро Нафисахон Шералиева бир ой мобайнида ўзи, турмуш ўртоғи С.Шералиев, қизлари Ф.Тўхтасинова, З.Тўхтасинова, Г.Тўхтасинова, қайнонаси С.Шералиева, қайнисинглиси, унинг қизи ва жияни каби оила аъзоларининг ҳисобига “атиги” 2550 АҚШ долларини жиноятчиларнинг қўлига тутқазади. Оқибатда, 2019 йилнинг апрель-июнь ойларида 95 нафар фуқаронинг 71.200 АҚШ доллари (606.160.184 сўм) миқдоридаги маблағи ноқонуний равишда жалб этилади. Бироқ кимдир бонусга эга бўлса, бошқа биров берган пулини ҳам қайтариб ололмайди. Айниқса, сўнгги кунларда жалб қилинган фуқароларга ҳеч қандай бонус берилмаган. Шу боис улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишган. Пировардида қинғир ишнинг қийиғи чиқиб, мазкур жиноят фош этилади.

Шундан сўнг С.Маҳмудова, Ш.Носирова, М.Тиллаева, Д.Солиева, Ф.Мўйдинов, Г.Арипова, Р.Солиева, Р.Саидазимова, Л.Дадажонова ва Н.Султоноваларга нисбатан Жиноят кодексининг юқорида тилга олинган 1881-моддаси 3-қисми “а,в”-бандлари билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди томонидан эса “қаҳрамон”ларимизга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига биноан тегишли синов муддатлари белгиланди. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчилардан 15 нафар жабрланувчига етказилган 30.533.000 сўм миқдоридаги зарарни ундириш ҳам ўз аксини топди.

Албатта, мазкур жиноят иши тафсилотларидан воқиф бўлган ҳар қандай кишида бир талай фикр-мулоҳазалар туғилади. Судланувчиларку мўмай даромад илинжида ҳеч нарсадан тап тортмай жиноятга қўл урган. Аммо оз эмас, нақ 95 нафар жабрланувчиларнинг сўраб-суриштирмай иш тутгани ҳам жиноятга йўл очган. Уларнинг орасидан ҳеч йўқса, битта бўлса ҳам оқни қорадан, ҳалолни ҳаромдан ажратадиган киши чиқмагани ачинарли.

 Зафаржон ОМОНОВ,
                                                  жиноят ишлари бўйича Қува туман суди раиси

Хуршид СУЛТОНОВ,
                                                        журналист