Яқинда Чилонзор туманининг “Чилонзор” кўчасида жойлашган минимаркетга кирдим. У ердан бир дона қадоқланган “ХРУСТОFF” бренди остида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, қуритилган, тузли сухарик сотиб олдим. Ишхонага келиб очсам, ҳидига чидаб бўлмайди. Яроқлилик муддати тугаганига аллақачон 4 ой бўлган экан. Шундан сўнг маҳсулотни минимаркетга олиб бориб, сотувчига ҳолатни тушунтирдим. У олдинига совуққонлик билан “бунақа маҳсулот менда йўқ, балки кўчанинг нариги бетидаги дўкондан сотиб олгандирсиз?”, деди. Яна беэътиборлик билан бор-йўғи бир ярим минг сўмлик нарса учун қайтиб келдингизми?, дегандай юзимга тикилди. Сотувчининг бефарқлигидан хунобим ошди. Камига бу ҳолатни сотувчи одатий ҳолдек қабул қилди-да “Нима бўпти орада бир-иккита аралашиб кетади”, деди. Ахир ана шу арзимаган бир ярим  минг сўмлик маҳсулотни ёш болалар ёки ҳомиладор аёллар истеъмол қилса-чи?..

Мазкур ҳолатдан дилим хира бўлиб бошқа бир дўконга кирдим. У ердан помидор шарбати борми, деб сўрадим. Сотувчи менга ташқи кўринишидан талабга жавоб бермайдиган, чанг босиб ётган маҳсулотни олдимга қўйди. Мен доимгидек ишлаб чиқарилган санасига эътибор қаратдим. Унинг ҳам муддати уч ойдан ошган, растада туравериб ранги униқиб кетган эди.

— Нега муддати ўтган маҳсулот сотяпсиз?, — десам, сотувчи — ҳали сизга буни сотганим йўқ, — деб қўпол муомала қилди.

— Ахир мен бу маҳсулотларни ҳар бирини кўриб чиқишим учун бир кун вақтим кетади. Олдин сиз дўконда ишлаб кўринг, кейин ақл ўргатасиз, деди худди мен айбдордек. Хуллас синчков харидорлигим иккита дўкон сотувчисига панд берди.

Сизчи? Сиз ҳам харид қилаётган маҳсулотингизнинг яроқлилик муддатига қарайсизми? Бунга беътибор бўлманг! Ахир бу Сизнинг ва оила аъзоларингизнинг соғлиги учун жуда муҳим.

Расталарда ана шундай муддати ўтган маҳсулотлар йўқлигига ким кафолат бер олади. Ҳар бир харидор маҳсулотни сотиб олаётганда муддатига эътибор қаратмаслиги мумкин, аммо бу дўкон эгаларининг вазифасига киради-ку! Шу ўринда сотувчиларимиздан дўкон пештахталаридаги маҳсулотнинг муддатига эътиборли бўлишларини сўраймиз.

Латофат ЮСУБОВА,
журналист

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг