ЯнгиликларМаҳаллийМулк ҳуқуқи дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланган

Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланган

Мулк ҳуқуқи дахлсиздир. Ушбу дахлсизлик мулкдорга бошқа барча шахсларнинг ўз мулкига ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларидан давлат томонидан кафолатланган ҳимояни тақдим этади. Бу ҳимоя кўчмас мулкларга нисбатан, ушбу кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб вужудга келади. Шуни аҳолида таъкидлаш керакки, қонун чиқарувчи мулк дахлсизлиги оид қоидаларни нафақат мулкдорга, балки инсофли эгалловчиларга нисбатан ҳам тақдим этади. Айрим ҳолатларда бу дахлсизлик мулкдор ва инсофли эгалловчиларнинг манфаатлари ўзаро тўқнаш келадиган вазиятлар вужудга келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида низо ҳал қилишда муайян мураккабликни келтириб чиқаради.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2022 йилдаги ПФ-198-сон Фармонида юқоридаги каби низоли вазиятларни қонуний ва адолатли ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишнинг Торренс тизимини қўллашни жорий этиш фармоннинг мазмунини ташкил этади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишда Роберт Торренснинг рўйхатга олиш тизимини оддий, тез, фойдаланиш учун арзон ва фирибгарликнинг олдини олиш учун ишончли деб ҳисоблади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни Торренс тизимида рўйхатга олиш тизими учта асосий тамойилга асосланади:

1. Очиқлик тамойили;

2. Компенсация тамойили;

3. Баҳссизлик тамойили.

Ушбу тамойиллар Торренс рўйхатга олиш тизимининг барқарорлиги ва иқтисодий ҳаётийлигини таъминлайди.

Фармон мазмунига қарайдиган бўлсак, ушбу принципларга асосланган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини рўйхат ўтказиш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, фармонда 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (УЗКАД тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди. Ушбу қоида очиқлик принципининг мазмунини ифода этиб, регистрдаги маълумотлар мулк ҳақидаги барча маълумотларни тўғри акс эттиришини таъминлайди. Мисол учун фуқаро А. х ер участкасининг эгаси сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, А. мулкни сотиш ҳуқуқига эга бўлган кишидан сотиб олганми ёки олдинги ҳужжатларда нуқсонлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ортиқча оворагарчиликка йўл қўйиб, қўшимча ҳужжатлар йиғишининг ҳожати йўқ. Чунки регистрдаги ёзувлар мулк ҳақидаги маълумотларнинг ҳақиқий эканлигини кафолатлайди.

Очиқлик принципи реэстрда маълум бир ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ва унга нисбатан мавжуд бўлган барча манфаатлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар бўлиши кераклигини англатади. Реэстр ер участкасига бўлган барча ҳуқуқларнинг кўзгуси бўлиши керак. Шу нуқтаъи назардан қараганда янги УЗКАД тизимига Гаров реестри, «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестри, Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри, «Давлат мулки» ахборот тизими, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари реестри, лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари ва кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган бошқа барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилиниши ундан фойдаланувчига ягона интеграциялашган тизим орқали осон ва қулай тарзда ишончли маълумот олиш ҳуқуқини яратади.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган. Бунда юқорида назарда тутилган Торренс тизимининг компенсация тамойилини йўлга қўйилиши режалаштирилганини кўришимиз мумкин.

Ушбу тамойилга кўра давлат томонидан компенсация жамғармаси ташкил этилади. Мазкур жамғарма кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилиши жараёнида ундириладиган давлат божининг маълум бир қисмини йўналтириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилишида нотўғри маълумот берган ёҳуд нотўғри маълумот киритилишида айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинадиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Ушбу жағарма маблағлари кейинчалик ҳуқуқи бузилган ва бунинг натижасида зарар кўрган шахсларнинг зарарини қоплашга йўналтирилади.

Фармоннинг 4-бандида қайта ташкил этилган жамғарманинг маблағлари қандай мақсадлар учун сарфланиши белгилаб ўтилган. Эътибор қаратадиган бўлсак, жамғарма маблағлари зарар кўрган жисмоний ва юридик шахсларга ундириб берилиши назарда тутилган.

Бироқ шуни эътиборга олиш керакки, жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аввалги тизими сақланиб қолинган. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра жамғарма маблағлари:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда республика буджети ва республика буджетининг қўшимча манбалари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари тарзидаги маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Таъкидлаш керакки, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Торренс тизимини тўлиқ жорий этиш, унинг принципларини амалиётга татбиқ этиш учун юқоридагиларга қўшимча сифатида жамғарманинг манбаси сифатида:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилиши жараёнида ундириладиган давлат божининг маълум бир қисми;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилишида нотўғри маълумот берган ёҳуд нотўғри маълумот киритилишида айбдор шахслардан ундириладиган товонни киритиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Дониёр Имомниёзов,
Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси ўқитувчи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img