Мурожаатнома – эзгулик ғояларига асосланган ҳужжат

0

Давра суҳбати

2020 ЙИЛ 29 декабрда Президентимиз Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини йўллади.

Бугунги кунгача кенг жамоатчилик томонидан жуда катта қизиқиш билан ўрганилаётган бу йилги Мурожаатномада тараққиётимизнинг янги босқичида устувор мақсад қилиб белгиланган ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, замонавий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий нуқтаи-назардан жуда кўплаб ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди.

Қуйидаги давра суҳбатида мамлакатимиз тараққиёти учун концептуал аҳамиятга эга бўлган мазкур Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг ўзига хос жиҳатлари, ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритилади.

Убайдулла МИНГБОЕВ, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист:

— Мурожаатномада алоҳида қайд этилганидек, 2020 йил нафақат юртдошларимизга, балки бутун дунё ҳамжамиятига жуда катта ташвиш келтирган, синовлар йили бўлиб тарихга кирди.

Мен айни пайтда 85 ёшни қарши олаётган бўлсам, ҳаётим давомида халқимиз бошига тушган жуда кўп синовларни кўрганман. Болалигим, инсоният тарихидаги энг катта қирғинга сабаб бўлган Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Ундан кейинги даврларда ҳам ўзбек халқига кўплаб турли кулфатлар келтирган, унутиб бўлмайдиган воқеа-ҳодисаларга ҳам гувоҳ бўлганман. Мана шундай мураккаб синовларни бошидан ўтказган инсонлардан бири сифатида, айтишим керакки, мамлакатимизда бугун инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак инсонпарварлик намунасидир. Қуйида келтирилаётган рақамларга эътибор қилинг: “қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди.

Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошларимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди”.

Энди ривожланаётган иқтисодиётга жиддий зарба берган пандемия шароитида юқорида келтириб ўтилган амалий ишлар осонлик билан қилинган эмас. Бу рақамларнинг тагида жуда катта меҳнат ва матонат ётишини ҳаммамиз теран англашимиз лозим, деб биламан. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз”.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун судьяларимиз олдида турган энг муҳим вазифалар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Ўзбекистонимиз тараққиётидаги туб бурилиш палласида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда судья ва суд тизими ходимлари ўзларининг фаолиятига ниҳоятда масъулият билан ёндашиши талаб этилади. Унутмангки, сизлар томонингиздан қабул қилинаётган қарорлар нафақат инсон тақдири билан, балки давлат ва жамият тараққиёти тақдири билан чамбарчас боғлиқдир.

Барча судья ва суд тизими ходимларининг онгу шууридан Президентимизнинг “энди таъмагирлик қилган судья, сиёсатга, мамлакат Президентига ва халқига хиёнат қилган деб баҳоланади”, деган гаплари мустаҳкам ўрин олиши шарт.

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари:

 Парламент вакили сифатида депутатларимиз олдида турган ва ушбу том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлган Мурожаатномада белгиланган қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб биламан.

Мурожаатномада бундан 4 йил олдин қабул қилинган, жамият ва давлатни барқарор ривожлантириш бўйича устувор дастурий ҳужжат бўлган “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида бошланган, мамлакатимиз равнақини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтариш ва Янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи ренессансга мустаҳкам асос яратишга қаратилган туб демократик ислоҳотлар ҳолати ва истиқболлари, мақсад ва вазифалари чуқур таҳлил қилиб берилди.

Яна бир бор демократик ислоҳотлар йўли — яккаю ягона ва энг тўғри йўл эканлиги, уларнинг маркази, негизида айнан инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, одамларни ҳаётдан рози қилиш, эркин ва фаровон яшашини таъминлаш турганлиги аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди.

Бу йил Ўзбекистон тарихда илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарди. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими шаклланди. Бу тизимда Парламент омбудсмани, Бизнес омбудсман, Болалар омбудсмани ва Инсон ҳуқулари бўйича миллий марказ фаолият юритмоқда. Мурожаатномада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ноёб механизмини такомиллаштиришга оид аниқ ташаббус ва таклифлар берилди. Бундан ташқари, БМТ шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференциялар ўтказилади.

Холмўмин ЁДГОРОВ,
Судьялар олий кенгаши раиси:

 Янги жамият бошқарувида ўзига хос анъанага айланган давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва у орқали Ўзбекистон халқига йўллайдиган Мурожаатномаси 2020 йил 29 декабрда тўртинчи марта янгради.

Мантиқий изчилликка асосланган ва бир-бирини тўлдириб бораётган барча Мурожаатномаларнинг туб негизида инсон, унинг манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириб бориш сингари инсонпарвар ғоялар ётади.

Бу йилги Мурожаатнома “ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда”. Гап шундаки, айни пайтда бутун дунёда рўй бераётган туб ўзгаришлар, тобора мураккаблашиб бораётган геосиёсий вазият, аллақачон глобал тус олиб улгурган пандемия келтириб чиқарган чуқур иқтисодий инқироз шароитида инсонни қадрлаш, унинг манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мана шундай мураккаб бир даврда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш орқали уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши, деб белгиланди.

Мурожаатноманинг муҳим аҳамиятга эга бўлган жиҳатларидан бири шундаки, у мамлакатимиз тараққиёти тарихида энг улкан воқелик сифатида нишонланадиган давлат мустақиллигининг 30 йиллигида амалга оширишимиз лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Қайд этилганидек, бу қутлуғ байрам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган эзгу ғоя асосида нишонланади. Мана шу эзгу ғоя замирида Мурожаатноманинг бутун моҳияти ўз аксини топган. Демак, бугунгидай мураккаб бир шароитда давлат ва жамиятни барқарор ривожлантириш фақат инсоннинг эркинлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириб бориш орқали таъминланади.

Давлатимиз раҳбари ушбу Мурожаатномада ҳам яна бир бора адолат ҳақида тўхталиб, уни “давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори”, деб атаб, уни таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашига алоҳида урғу қаратди. Бу бутун судьялар ҳамжамиятига, суд тизими ходимлари зиммасига жуда катта масъулият ва юксак вазифалар юклашини алоҳида таъкидлаш керак.

Бунинг учун, биринчи навбатда судьяларимиз нафақат профессионал касб фаолиятини амалга оширишда, балки кундалик турмушида ҳам “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат ва дилида поклик устувор бўлиши шарт”, деган ҳаётий шиорга қатъий амал қилишлари шарт. Ана шундагина мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар муваффақиятига асосий омил бўладиган коррупция, деб аталмиш балонинг олди олинади.

Мурожаатномада Президентимиз “янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд — бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим”лиги тўғрисидаги вазифани қўйди. Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари тақдимига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун, деган инсонпарвар ғоянинг ҳаётий ифодасини топтиришга асос бўлади.

Бахтиёр ҚИЛИЧЕВ,
Қашқадарё вилояти маъмурий суди судьяси:

 Бугун биз фикр-мулоҳазаларимизни билдираётганимиз, давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатларида суд соҳасини такомиллаштириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди.

Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида тинчликни, тотувликни сақлаш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда суд ҳокимияти алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида киритилаётган бўлиб, унинг 1-бандида маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши белгиланган.

Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан 2020 йил давомида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилган.

2020 йил мобайнида Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир жами 1297 та иш кўрилган бўлиб, шулардан 956 та ариза қаноатлантирилган, 274 та ариза рад этилган, 25 та ариза кўрмасдан қолдирилган, 42 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган.

Ўтган шу давр мобайнида маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан жами 1262 та, нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг (мансабдор шахснинг) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисида 5 та ариза келиб тушган ва мазмунан ҳал этилган.

Биргина Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан 2020 йилда ҳокимларнинг 144 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича айбдор, деб топилган мансабдор шахсларга нисбатан жами 107 та хусусий ажрим чиқарилган.

Абдулла МУХИДДИНОВ,
жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси:

 Президентимизнинг бу йилги Мурожаатномасини чуқур ўрганиб, шундай хулосага келдимки, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида сўнгги 4 йил давомидаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тадрижийлик асосида амалга оширилмоқда. Бу фикримга асос сифатида Мурожаатномада илгари сурилган келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилишини, бунинг натижасида одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинишини келтириб ўтмоқчиман.

2020 йил 24 июль куни қабул қилинган, янги босқич суд ислоҳотларида тарихий Фармон, дея эътироф этилган Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида айнан “суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш” масаласи алоҳида белгиланган эди. Албатта, бу бежиз эмас. “Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш”дан тўлиқ воз кечишни бугун суд амалиёти тақозо этмоқда. Сабаби, суд ишларининг қайта-қайта бир нечта инстанцияларда назорат тартибида кўрилиши, фуқароларнинг овора бўлишига, судларда иш ҳажмининг асоссиз ва мақсадсиз ортишига, қолаверса коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Бу борадаги халқаро амалиёт таҳлил этиладиган бўлса, ривожланган демократик мамлакатларнинг суд тизимида назорат тартибида кўриш институтининг йўқлигини кўришимиз мумкин. Айни пайтда, бутун дунёда тан олинган апелляция ва кассация тартибида ишларни кўриш амалиёти кенг қўлланилади. Собиқ иттифоқ давридан қолиб кетган назорат деб аталмиш яна бир инстанциянинг мавжудлиги суд амалиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, Олий суд томонидан ҳар қандай ишни назорат тартибида кўришдек номақбул амалиётдан тўлиқ воз кечилиши назарда тутилиб, судьялар мустақиллигини таъминлаш, уларга адолатли қарор қабул қилишда босим ўтказишга йўл қўймаслик, ишларнинг йиллаб қайта кўрилишига барҳам бериш мақсадида Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинди.

Бундан кўзланган асосий мақсад суд ишларининг юқори инстанцияларда қайта-қайта кўрилишига йўл қўймасдан, суд қарорини бир марта қайта кўриш билан унга тугал нуқта қўйишдан иборатдир.

Азизбек АСАДОВ,
Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири:

 Мурожаатномада янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши яна бир бор эътироф этилди. Демак, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилади. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилишларида судловга тегишлилик қоидаларининг бир мунча мураккаблиги боис, фуқаролик ишлари бўйича судлардан маъмурий судларга, маъмурий судлардан иқтисодий судларга қайта-қайта мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд. Шу билан бирга, вилоят судларининг амалдаги тарқоқ тузилмаси бир хил мазмундаги ишлар бўйича турлича қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиб, ягона суд амалиётини шакллантиришга, қонунларни бир хилда ва тўғри қўлланилишига тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар мансабдор шахснинг ноқонуний қарорига асос бўлган ҳужжатларни (баённома, хулоса, маълумотнома ва ҳ.к.) ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талабни судловга тааллуқли эмаслиги сабаб тугатаётган бўлса, айрим маъмурий судлар томонидан ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб топилмоқда. Албатта, мазкур турлича ёндашувлар фуқароларнинг судларга бўлган ишончини пасайишига ва суд қарорларидан ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозларини билдирган.

Мурожаатномада яна бир муҳим ғоя илгари сурилдики, бу дастлабки эшитув билан боғлиқ масаладир.

Суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида босқичининг жорий этилиши ҳам тадрижийликка мисол бўлади.

Бугунги кунда дунёнинг бир қатор мамлакатлари, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикалари суд амалиётида ушбу институт жорий этилган.

Дастлабки эшитув институтини суд амалиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан суд назорати шаклларидан бири, дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада суд тизимида белгиланган вазифалар бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига, янги жамиятнинг стратегик мақсадига айланган “адолатни қарор топтириш” учун суд органлари фаолиятини такомиллаштиришга мустаҳкам асос бўлади.

Шу ўринда Президентимизнинг “Адолат бу — давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир”, деган фикрини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, адолат азал-азалдан халқимиз онгида энг улуғ тушунчалардан бири сифатида шаклланган. Ва ота-боболаримиз уни юксак қадрият деб билган. Мана шу анъана, мана шу қараш бугун ҳам авлодлар тимсолида давом этмоқда. Мурожаатноманинг ҳам асл негизида мана шу адолат тушунчаси ётибди.

Давра суҳбатини Арслон ЭШМУРОДОВ тайёрлади.