Муштумзўрлар жазосини олди

0

Баъзан икки инсон ўртасидаги тушунмовчиликка гўзал муомала кифоя қилади. Бунинг учун киши оиласида чиройли тарбия кўрган бўлиши керак. Ножўя босилган қадам охир-оқибат жиноят кўчаси томон бошлар экан, демак оилаларда тарбиявий муҳитни яхшилаш долзарб бўлиб қолаверади.

Навбатдаги суд мажлиси якунида шу фикрларга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Суднинг қора курсисида ўтирган Жасур Тўлаевнинг (исм-фамилия ўзгартирилган)  хатти-ҳаракатидан аён бўлдики, у ўзига муштумзўрликни касб қилиб олгандек, муаммоларини шу йўл билан ҳал қилишга одатланган бўлиб чиқди.

Гап шундаки, у таниш акахони Карим Алиевни Қосим исмли шахс жонига қасд қилганидан кейин кўча-куйда тарқалган ҳар хил гап сўзлардан ғазабланиб юради. Бу орада Жасурга чақимчилардан бири Абдували “Каримнинг укахони ҳеч нима қилолмаяпти”, деган гапни айтганини етказишади.

Шунда унинг муштумзўрлиги тутиб таниши Шокир билан Абдувалини танобини тортиб қўйишни маслаҳат қилади. Бетайин ҳамтовоқ Шокир жилла қурса  “Абдувалини дўппослагандан нима наф, кел яхшиси, чиройли муомала билан гаплашиб, уялтириб қўя қолайлик”, дейишга ярамайди. Аксинча, томошаталаб, кайфиятдаги гумашталикни ўринлатади.

Кимларгадир сабоқ бўлиш мақсадида ёзаётганимизнинг “қаҳрамон”ларини таъбир жоиз бўлса, кўзи очиқ кўрлар дейиш мумкин. Тубанликка юз тутган бу кимсалар биргаликда қилган жиноий хатти-ҳаракатлари туфайли бир шахсга оғир тан жароҳати етди.

Буни қарангки, улар жиноятга обдон тайёргарлик кўриб Абдували яшайдиган маҳаллага икки марта бориб, унинг уйини излашади. Шеригинг олақарға бўлса, титганинг гўнг бўлар, деганларидек икки ҳамтовоқ Абдувалини излаб юришган вақтида уларга яна икки гумашта қўшилади. Улар ҳам жиноят содир этилишини била туриб, Жасурни йўлдан қайтаришмайди. Текин томоша илинжида унга эргашишади.

Шундай қилиб, тўртовлон кеч соат 6 ларда Абдувалини маҳалласининг бошида учратиб қолишади. Қарашсаки, вазият бироз ноқулай, у уч киши билан суҳбатлашиб турибди. Абдувалининг ёлғиз қолишини кутишади. Жасур вақтдан унумли фойдаланиб бейсбол таёғини тайёрлаб туради.

Вазият келгач, Жасур Абдувалига ташланади. Жон ачиғида қочиб кетаётган Абдувалини ортидан таъқиб қилиб бораверади. Ниҳоят ўз мақсадига етиб, Абдувалини аямай ура кетади. Унинг азоб билан инграб ҳолдан тойиб бораётганини кўрса-да, асло ачинмайди.

Жиноят жазосиз қолмади. Аммо увол бўлган умр-чи? Бу саволга ким жавоб беради? Виждони қийналармикин йигитнинг? Қилмишидан тўғри хулоса чиқарармикан? Буни вақт кўрсатади.

 Темур ҚОСИМОВ,
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси