Суд очеркиМуштумзўрнинг тавбаси

Муштумзўрнинг тавбаси

Инсон ақлини танибдики, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириш йўлларини излайди. Бу йўлда фикри, эътиқодига таяниб иш кўради. Фаровон ҳаётни ҳалол меҳнатдан, бахтни эса гўзал одоб-аҳлоқдан излаш кифоя. Бунинг учун олим бўлиш шарт эмас. Ўз вақтида олинган тарбияга таянилса бас. Афсуски, баъзи бировлар мана шу оддий ҳаёт ҳақиқатини тушунмай жиноятга қўл уриб кетаверади.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида шундай кимсаларнинг бирига ўқилган ҳукм фикримизни тасдиқлайди. Келинг, яхшиси айримларга сабоқ бўлиши учун жиноятга сабаб бўлган воқеани қисқача баён қила қолайлик. Бир қарашда ҳеч бир сабабсиз, йўқ жойда келиб чиққан жиноятнинг туб илдизлари бироз мавҳумга ўхшайди. Лекин воқеани эшитиб, мулоҳаза қилсангиз, тарбиясизлик кўп ҳолатларда жиноятга йўқ очишини тушунасиз.

Шундай қилиб воқеамиз “қаҳрамон”и нафсига қул бўлиб, тўйгунича ичиб олади-да, кўча кезишга тушади. Айланиб-айланиб, пойтахтдаги бир савдо марказининг олдига келиб қолади. Қарасаки, бир йигит “Газел” русумли автомобилини таъмирлаётган экан. Оёқлари ўзига бўйсунмаётган Ботир (исмлар ўзгартирилган) ҳайдовчи Валини бошини қотиради. Унга 200 минг сўм берса машинасини ўзи таъмирлаб беришини айтади. Турган гапки, маст холатда бўлган Ботирнинг билдирган таклифи Валига ёқмайди. Лекин ароқхўрнинг қайсарлиги тутиб, хиралик қилаверади. Вали унга эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Бироқ бу натижа бермайди. Чунки, таклифига рад жавобини олган Ботир Валини дўппослай кетади.

Чиндан ҳам бу воқеани этшитган киши борки, ажабланиши турган гап. Лекин бу ҳаётда шунақа воқеалар ҳам бўлиб туради. Ҳар нима бўлганда ҳам жамиятдаги тартиб қоидани бузган, бошқаларга зарар етказиш пайида бўлган муштумзўрлар қонун таъқибидан қочиб қутила олмайди. Ботир ҳам қилмишига яраша жазосини олди.

Темур ҚОСИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img