Life styleМутахассис изоҳи: Грипп — ўзидан ҳам асоратлари хавфли касаллик

Мутахассис изоҳи: Грипп — ўзидан ҳам асоратлари хавфли касаллик

Об-ҳавонинг совиб бориши оқибатида ҳозирда юртимизда мавсумий касалликларнинг тарқалиши кўпаймоқда. Грипп — улардан энг фаоли бўлиб, пандемия шароитида бу касалликка эътиборсиз бўлиш асло мумкин эмас.

ССВ Матбуот хизмати бу борадаги саволлари билан Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё АСИЛОВАга мурожаат қилди:

— Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан, куз ва қиш ойларида кўп ҳолатда рўйхатга олинади.

Грипп касаллиги кўрсаткичларининг мавсумий кўтарилиши ноябрь ва март ойларига тўғри келади.

Грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Касаллик манбаи фақат бемор одам ҳисобланади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга, асосан, ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади.

Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамга тезда юқади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тўсатдан бошланади.

Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил, айниқса, заиф (нимжон, яъни иммун ҳолати паст) болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлган инсонларда тез ривожланади ва оғир кечади.

— Грипп юқиши қандай оғир асоратларга сабаб бўлади?

Грипп нафас йўлларини яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик:

  • беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши,
  • бош ва томоқ оғриши,
  • бурун битиши,
  • бурундан суюқлик ажралиши,
  • йўтал,
  • мушакларда оғриқ,
  • ҳолсизлик,
  • иштаҳанинг бузилиши,
  • баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади.

Касаллик беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади.
Касалликнинг энг хавфли асоратлари:

  • ўпка тўқималарининг яллиғланиши – пневмония (зотилжам),
  • менингит (мия пардасининг яллиғланиши),
  • менингоэнцефалит (мия пардаси ва моддасининг яллиғланиши),
  • отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши),
  • синусит (бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши),
  • нефрит ва пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши) кабилардир.

Шунинг учун ҳам, халқ орасида гриппнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари ёмон, деган фикр бежиз айтилмаган.

Баъзида гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради. Чунки бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар. Уларни касал ҳолатида жамоат жойларда, барча транспортларда, ўқиш ва иш жойларда учратиш мумкин.

Шунинг учун ҳам касалликнинг дастлабки аломатлари сезила бошлаши билан дарҳол даво чоралари кўрилиши лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img