Нафс домига тушган бошлиқ ёхуд ишонган тоғда кийик ётмас

0

Маълумки, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор шаклидаги идоралараро йиғилиш ўтказилганди. Унда Н.Йўлдошев Данғара туман давлат солиқ инспекциясининг собиқ бошлиғи Ғанишер Янгибоев(исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг уюшган жиноий гуруҳга бош бўлганини алоҳида тилга олди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Ғ.Янгибоев қайси хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилди?

Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, Ғанишер 2018 йил 21 декабрда Данғара туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланади. Тайинланади-ю, бор-йўғи 3 ойгина рисоладагидек ишлайди холос. Бу орада муқаддам ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун солиқ органларидан ишдан бўшатилган Фарруҳ Шералиевни инспекциянинг камерал назорат шўъбаси бошлиғи лавозимига ва Бехзод Маҳмудовни шўъба инспектори вазифасига қайтадан ишга қабул қилади. Кейин улар билан хуфиёна иқтисодиёт ҳамда пулларни нақдлаштириш фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан жиноий тил бириктиради.

Қолаверса, мазкур жиноий гуруҳга пулларни нақдлаштиришни ўзига касб қилиб олган Дониёр Рўзиматов, Аброр Жуманов, Исожон Тўрабоев, Салтанат Шарипова, Искандар Аҳмаджонов ҳамда (жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувга ажратилган) Элдор Оқилов ва Шамсиддин Қулматовларни жалб қилишади. Сўнгра Ғ.Янгибоев жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиб, Бехзод Маҳмудов ва Фарруҳ Шералиевларга давлат хизматлари марказлари орқали ўзларининг танишлари номига хуфёна иқтисодиёт билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларни ташкил қилиш хусусида топшириқ беради. Шу боис “уддабурон” солиқчилар енг шимариб ишга киришишади. Яъни, 2019 йил 1 апрель куни Сурхондарё вилояти, Термиз туман давлат хизматлари марказидан “Diyor Saxovat Ziyo” масъулияти чекланган жамиятини давлат рўйхатдан ўтказиб, унга жиноий шериклари Дониёр Рўзиматовни раҳбар этиб тайинлашади. Аммо жамиятнинг барча савдо ва воситачилик фаолиятига ўзлари раҳбарлик қилишади. Шу билан бирга, акциядорик тижорат “Ҳалқ банки”нинг Тошкент вилояти филиали ва “Даврбанк”нинг Тошкент шаҳар Учтепа туман филиалида жамият ҳисоб рақамларини очишади. Кейин апрель-сентябрь ойлари давомида пул ўтказиш йўли билан сотиб олинган 1 миллиард 20 миллион сўмлик юқори ликвидли ва харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, савдодан тушган нақд пулларни назорат касса машинасига кирим қилмасдан, банк муассасасига топширмасдан бошқа мақсадларда ишлатиб юборишади. Натижада ана шу 6 ойлик ҳисоботларда товар айланмаси ҳажмини қасддан камайтириб кўрсатиб, 272.266.000 сўмлик қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлашган.

Шундан кейин – 2019 йил 13 июнь куни жиноий гуруҳ раҳбари Риштон туман давлат хизматлари марказидан Искандар Аҳмаджонов номига “High Flight Trading Industry” масъулияти чекланган жамиятини давлат рўйхатидан ўтказади. Сўнгра июнь-декабрь ойлари мобайнида пул ўтказиш орқали харид қилинган 4 миллиард 320 миллион сўмлик юқори ликвидли ва харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, пулларни назорат касса машинасига кирим қилмай ва банк муассасасига топширмай, шахсий мақсадлари йўлида сарфлайди. Оқибатда ДСИга топширилган ҳисоботларда савдо ҳажмини камайтириб кўрсатиб, 391 миллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини қасддан тўламайди.

Буни қарангки, вақт ўтган сари жиноий гуруҳнинг сафи янада кенгайиб кетади. Аниқроғи, гуруҳга Аҳаджон Ҳомидов, Дилшод Ўрмонов, Абдурашид Ҳошимов, Самариддин Иззатиллаев, Ҳикматилло Қодиров ва Содиқжон Раҳматовлар ҳам қўшилишади. Шунга яраша тўлашдан қасддан бўйин товланаётган солиқлар миқдори ҳам ортиб боради. Айниқса, Исожон Тўрабоев бу борада жонбзлик кўрсатиб, поччаси Ж.Иноғомов ва узоқ қариндоши У.Наимовларни ҳам жиноий қилмишларига шерик қилади. Жумладан, 2019 йил 2 декабрь куни Данғара тумани давлат хизматлари марказидан У.Наимов раҳбарлигида ташкил этилган “Making Help” масъулияти чекланган жамиятини давлат рўйхатидан ўтказишади. Бироқ бошқа субъектлар қатори айни жамият фаолиятига ҳам ўзлари раҳбарлик қилишади. Энг эътиборлиси, ҳисоботларда декабрь ойидаги товар айланмаси хажмини 41 миллиалрд 338 миллион сўмга камайтириб кўрсатиб, 3 миллиард 397 миллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлашган.

Бундан ташқари, Ғанишер Янгибоев “Abdurashid Omad Baraka”, “Innovatsion Ideal Trade”, “Caravan Real Star”, “Concernment” ва “Enterprize Gold” масъулияти чекланган жамиятларининг расмий ва норасмий раҳбарлари билан жиноий тил бириктириб, мазкур жамиятларнинг жами 2 миллиард 737 миллион 400 минг сўм миқдоридаги солиқ қарзини тўламаслик учун Қўқон туманлараро иқтисодий суди томонидан банкрот деб эътироф этилган “Abdurashid Omad Baraka” МЧЖ таъсисчиларининг 2019 йил 18 декабрдаги 1-сонли қўшма умумий йиғилиш қарорини қалбакилаштирган. Натижада 2019 йил 20 декабрь куни юқоридаги жамиятларни “Abdurashid Omad Baraka” МЧЖга бирлашишига эришган. Лекин инспекция бошлиғи бу билан қаноатланмай, содир этган жиноий қилмишларини хаспўшлаш ва яшириш мақсадида “Permit”, “Sales Trusted Business” ҳамда “High Flight Trading Industry” масъулияти чекланган жамиятларини анчадан буён фаолият кўрсатмаётган ва тўловга қобилиятсиз ҳолга келган “Constand Trade Progress” МЧЖга бирлаштириб юборган. Кейинчалик – Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 10 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан эса ушбу жамиятни банкрот деб эътироф этилишига эришган. Бу ҳаракати билан у Данғара туман ДСИ манфаатларига 2.139.336.000 сўм миқдорда зарар етказган.

Қолаверса, туман солиқчилари етакчиси ўз жиноятлари изларини йўқотишга тушади. Аниқроғи, 2019 йил 19 декабрдан 2020 йил 12 майга қадар “Diyor Saxovat Ziyo”, “Cristall Centr” “Comfort Life City” маъсулияти чекланган жамиятларини Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ ва Китоб туманларига, “Karavan Gold Silk” МЧЖни Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманига, “Blessed Inter Trade” МЧЖни Хоразм вилояти Шовот туманига, “Reliable Trade Centr” МЧЖни Қўнғирот туманига ва “Sales Trusted Business” МЧЖни Нукус шаҳрига, ундан  Данғара туманига, у ердан эса Шўрчи тумани ҳамда Когон туманига, “Premium Samama”, “Sindikat Star” ва “Answer Life” МЧЖни Самарқанд шаҳри ҳамда Қўшработ туманига, “Making Help” МЧЖни Саросиё туманига, “Vita Prog Systems” МЧЖни Жондор туманига, “High Flight Trading Industry” МЧЖни Риштон туманидан Данғара туманига, кейин Пскент туманига кўчиртириб юборади. Бу ҳам етмагандек, Ғанишер Янгибоев қўл остидаги 4 нафар инспекторга ўзига қарашли масъулияти чекланган жамиятлар ҳисоб рақамини тўхтатиш ва уларда камерал назорат ўтказиш чораларини кечиктириб туриш ҳақида ноқонуний топшириқ беради. Оқибатда ана шу жамиятлар томонидан жами 6 миллиард 821 миллион сўмлик ягона солиқ ва қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмасдан ҳамда ундирилмасдан қолинишига шарт-шароит яратиб берган.

Мана шу тариқа инспекция бошлиғи раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ 2019 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 июнга қадар 22 та сохта фирмалар орқали 268 миллиард сўмлик товар айланмасини амалга ошириб, 19 миллиард сўм миқдоридаги солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Пировардида Ғ.Янгибоев ва жиноий гуруҳнинг 14 нафар аъзоларига Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан эса айбдорларга қонуний жазолар тайинланди. Қолаверса, суд ҳукмида улар томонидан давлат бюджетига етказилган зарарлар Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармасига ундирилиши белгиланди. Судланувчиларнинг жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига ёзган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Шуни алоҳида таъкилаш лозимки, давлат бюджети даромадларининг салмоқли қисми солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳиссасига тўғри келади. Энди ўзингиз ўйланг: хизмат вазифаси жисмоний ва юридик шахслардан солиқ ҳамда мажбурий тўловларни давлат бюджетига ундириш, шу орқали давлат манфаатларини ҳимоялаши шарт бўлган туман давлат солиқ инспекциясининг бошлиғи ҳам давлатга, ҳам касбига хиёнат қилганини қандай тушуниш мумкин? Биргина унинг жиноятлари ҳамюртларимизнинг давлат органларига бўлган ишончини сўндирмайдими?

Афсуски, бу саволларга жавоб салбий эканлиги тайин.

 

Оловиддин ҲАСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг раиси