Наманганда қурилаётган кўприк қулаши юзасидан расмий муносабат билдирилди (+фото)

0

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устида қурилаётган кўприк қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Наманган вилоят ҳокимлиги ушбу ҳодисага муносабат билдириб, кўприк қурилиши учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаганини маълум қилди.

Мазкур ҳодиса бугун, 8 январь куни соат 11:00 атрофида рўй берган. Бунинг оқибатида қурбонлар ёки жабрланганлар бўлмаган.

Узунлиги 37 метр, эни 3 метр бўлган ва пиёдалар қатнови учун мўлжалланган кўприк маҳаллий тадбиркор томонидан “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳига келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида барпо этилаётган бўлган. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаган.

Буни “Наманган кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари Санжарбек Шодмонов ҳам тасдиқлади.

—Кўприк қурилиши дастурларга киритилмаган, бюджет маблағи ҳам сарфланмаган. Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг ташаббуси ва шахсий маблағи ҳисобидан қурилаётган, ҳали якунига етмаган эди, — дейди Санжарбек Шодмонов.

Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг таъкидлашича, бу ишга яқинда 90 ёшида қазо қилган отасининг васиятини амалга ошириш учун киришган.

— Дадамнинг васиятларига кўра “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳига келадиганлар қийналмаслиги учун шу ишга қўл ургандим. Кўприк тайёр бўлганидан кейин шу атрофдаги автотураргоҳда бир ҳафта 5 тоннадан ошиқ юк қўйилган ҳолатда турди, қилт этмади. Кейин жойида синаб кўрдик. Ҳаво ҳарорати пасайиб, каналдаги сув оқими кўпайгани сабабли ҳали ишимиз охирига етмаган эди, — дейди Маъруфхон Ҳожихонов.

Тадбиркорнинг айтишича, кўприкнинг монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган, икки томонига яна трос ва темир ўрнатилади.

Буларнинг барчасига икки ҳафта атрофида вақт талаб этилади. Шундан сўнг кўприк аввалги жойига мустаҳкам этиб ўрнатилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати