Наманганда карантин даврида 1500 дан ортиқ тадбиркорлар фаолиятини қайта тиклади

80

Мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқ фаровонлиги даражасини юқори поғоналарга кўтариш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар сонини кескин ошириш, уларга давлатимиз томонидан енгилликлар яратиш бугунги куннинг муҳим масалаларидан саналади. Айниқса, карантин даврида қўлни-қўлга бериб аҳоли бандлигини таъминлашдек юксак вазифани адо этаётган юртдошларимизга бир қатор шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбирколик суъбектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони кўплаб ишбилармонлар учун айни муддао бўлди. Фармонда мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари жорий йилнинг 1 июнидан 1 сентябрга қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилингани, шунингдек, ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтирилгани ва шу каби имтиёзлар ишбилармон соҳа вакилларини янада руҳлантирди.

Коронавирус пандемияси бошланган кундан тадбиркорлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиш учун марказга кела бошлади. Улар билан малакали мутахассисларимиз  тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб бордилар. Бунинг натижаси ўлароқ, ҳозирда 1500 нафардан зиёд тадбиркор ўз фаолиятини қайта тиклади. Яна кўплаб фуқаролар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқдалар.

Наманганлик тадбиркор аёл Дилфуза Мўминова, икки йилдан буён ҳунармадлик билан шуғулланади. Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга яратилган шароитлар уни ҳам янги  ғоялар сари етаклади. У биринчи галда Наманган туман давлат хизматлари марказига келиб якка тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Кейин эса, банкдан 75 миллон сўм имтиёзли кредит олди.  Маҳалладаги қаровсиз ётган бинони таъмирлаб, ишга туширди. Ҳозирда, тумандаги “Пастқиёқ” МФЙда яшовчи 20 нафар аёлни доимий иш билан таъминлади. Шунингдек, Дилфуза Мўминова ташаббуси билан маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг 30 нафарига ўз хонадонида чеварчилик билан шуғулланиш учун шароит яратилиб, уларнинг ҳам бандлигини таъминлашга эришди. Ҳозирда тиббий ниқоб ва турли кийим-кечаклар тайёрлаб, юртимиз саноатига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ҳозирги кунда туманда 3290 та корхона мажвуд бўлиб, шундан 109 нафари оилавий корхоналарни ташкил этади. Тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан банд қилиш, уларнинг фаолият бошлаши учун имкониятлар яратиш мақсадида туман давлат хизматлари маркази, давлат солиқ инспекцияси ва туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида тадбиркор бўлиш истагини билдирган фуқароларни давлат рўйхатидан ўтказилиб, 68 та оилавий корхона ташкил этилди бунинг натижасида 172 нафар ишчи ўрни яратишга эришилди. Шунингдек, 32 нафар фуқарога бандликка кўмаклашиш маркази давлат жамғармаси томонидан давлат божлари тўлиб берилиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Давлат хизматлари маркази ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида маҳалларда сайёр қабул ўтказилиб, уларда тадбиркорлик фаолияти, оилавий корхонанинг афзалликлари, уларга бериладиган имтиёзлари юзасидан тегишли тушунчалар берилиб, иш билан банд бўлмаган фуқароларга иссиқхона ва чорвачилик йўналишларида  12 та оилавий корхона ва 1 якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу, ўз навбатида, қўшимча 38 нафар янги иш ўринларини ташкил қилиш имконини беради.

Нурбек ХАМИДОВ,
ДХА Наманган вилоят бошқармаси юрисконсульти

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг