Наманганлик нотариуслар жамоаси футболда ғолиб бўлди

0

Илгари хабар берганимиздек, мини-футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси турнири эълон қилинган ҳамда 4 та ҳудудда бўлиб ўтган турнирнинг нимчорак финал ўйинларида 4 та ғолиб жамоа – Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Бухоро вилояти нотариуслари жамоалари аниқланиб, ярим финалга йўлланмани қўлга киритган эди.
Тошкент Давлат юридик университетининг спорт залида бўлиб ярим финал ҳамда финал ўйинларига нотариуслар жамоалари катта тайёргарлик билан келишди.
— Турнирдан мақсад нотариуслар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботигина бўлиб қолмасдан, балки дўстлик ва бирдамлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат, — деди турнирнинг очилиш қисмида сўзга чиққан Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.

Ярим финал ўйинларида рақиблар аниқланди. Дастлабки ўйин Жиззах-Наманган вилояти жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ўйин юқори ноталарда бошланди. Наманганликлар жиззахлик нотариусларга тин бермасдан, дарвозага ҳужумни бошлаб юбордилар. Ўйиннинг 10 дақиқаси. Ҳисоб 3:0

Жиззахликлар вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишди. Аммо уларни омад тарк этди. Жиззахлик ҳужумчилар тепаётган тўпларни наманганликлар дарвозасига жойлаш имконини топмадилар.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси

Ўйиннинг 25-нчи дақиқаси. Наманганлик нотариуслар жиззахлик ҳамкасбларини 9:0 ҳисобида енгди.

Қойил қолиш керак, шунча гол ўтказганидан кейин ҳам жиззахлик нотариусларнт ҳужумкорлик руҳи тарк этгани йўқ.

Жиззах-Наманган 1:10

Ўйинни кузатиб ўтирган томошабинлар нотариуслар футболни баъзи профессионаллардан кам ўйнамаслигининг гувоҳи бўлдилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўрсатиб ўтилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда ходимларнинг спортга бўлган иштиёқини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубогини ташкил этдик. Бу турнир, шунингдек, ички туризмни ривожлантиришга ҳам бизнинг қўшган ҳиссамиз, – дейди палата раиси Дилшод Ашуров.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси

– Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг ходимлар ўртасида спорт ва ички туризмни тарғибот қилиш бўйича бошлаган ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз, – дейди тадбир ташкилотчиларини қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрган Ўзбекистон ННТлар ассоциацияси раиси Насим Алимов. – Бу ташаббусни давом эттирган ҳолда, Нотариал палата билан ҳамкорликда биз ҳам республика ННТлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказишни режалаштириб олдик.

Майдонда Бухоро ва Самарқанд жамоалари тўп сурди.

В-гуруҳида голлар жамламасининг кўплиги билан ғолиб бўлган самарқандлик нотариуслар жамоаси А-гуруҳида ғолиб жамоа Бухоро вилояти нотариусларига ўйиннинг 15-чи дақиқасидан 3:0 га ютқазди.

– Нимчорак финалда Хоразм ва Қорақалпоғистон жамоаларини енгиш осон бўлмаган эди, – дейди Нотариал палатанинг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрақул Хусаинов. – Нотариусларимиз ярим финал ва финалга катта тайёргарликлар билан келишган. Насиб қилса, биринчи ўринни қўлга киритишни ният қилганмиз. Нотариусларимизнинг жанговар руҳини кўриб турибсиз, бундай ўйинлар уларнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширади. Тадбир ташаббускори – Нотариал палатага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Бухоро-Самарқанд вилояти жамоалари 6:1.

Бухоролик нотариус Ботир Муллаев хет-трик – 3та кетма-кет урилган голлар муаллифига айланди.

Финал ўйинларида 3-ўрин учун кураш Жиззах ва Самарқанд жамоалари ўртасида қизғин кечди. Ярим финалда рақибларига йирик ҳисобда ютқазган ҳар иккала жамоа футболчилари бор куч-ғайратларини ишга солиб, учинчи ўрин учун кураш олиб бордилар. Учрашувнинг биринчи тайми ниҳоясига етиб бормоқда. Жиззахлик нотариуслар самарқандлик ҳамкасблари дарвозасига битта голни жойладилар. Аммо, бу ҳали ғалаба қозонилди, дегани эмас. Самарқандликлар шиддат билан жиззахликлар дарвозасига ҳужум қилмоқдалар.

Беллашувнинг 2-нчи тайми. Самарқандликлар ҳужумда фаоллашди. Ҳисоб 2:2. Томошабинлар ҳар иккала тарафни қўллаб-қувватламоқдалар. Ҳисоб яна ўзгарди. Самарқандликлар Жиззах дарвозасига яна иккита тўп жойладилар. 4:2

Самарқанд дарвозаси олдида юз берган ҳолатда учрашув ҳаками белгилаган пенальтидан жиззахликлар фойдалана олмадилар. Омад жиззахлик нотариуслардан юз ўгиргани тобора аниқ бўлмоқда. Учрашув ҳаками ҳуштагини чалди. Самарқанд вилояти жамоаси финалда 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубоги турнирининг финал ўйини. 1-ўрин учун Бухоро ва Наманган жамоалари кураш олиб боришди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ўйин қаттиқ курашлар остида кечиши билиниб қолди. 5-дақиқада Бухоро-Наманган 1:2

Наманган нотариуслари жамоаси ҳам шиддат билан бухоролик нотариуслар дарвозасига ҳужум қилмоқдалар. Бухороликлар кўпроқ ҳимоя позициясида. Кетма-кет қаттиқ ҳужум ва дарвозани кўзлаб тепилган тўплар наманганликлар ҳисобига яна 2 та гол қўшиши мумкин эди. Аммо, Бухоро жамоаси дарвозабони ҳам ҳимояда моҳир эканини намойиш қилди.

Танаффус. Финал якунига 15 дақиқа қолди. Ҳисоб 3:1, наманганлик нотариусларнинг қўли баланд келмоқда. Ҳозирча.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг кубоги учун мини-футбол бўйича мусобақалар финалининг сўнгги дақиқалари.

Майдонда Бухоро ва Наманган вилояти нотариуслари. Наманган вилояти жамоаси турнирда ғолиб бўлди.

Тантанали дақиқалар. Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров жамоалар вакилларини бугун бўлиб ўтган ўзига хос байрам билан самимий қутлади. Турнирда дўстлик ғалаба қилганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси ННТлар ассоциацияси раиси Насим Алимов ҳаваскор футболчиларни қутлаб, шундай деди:

-Биз нотариусларнинг ўйинларидан жуда завқландик. Насиб қилса, республика ННТлар орасида шундай кубок турнири ўтказишни режалаштирдик, нотариуслар бизнинг турниримизда ҳам фаол иштирок этадилар деган умиддамиз, – деди Н.Алимов.

Дастлаб Республика Нотариал палатасига ННТлар ассоциациясининг рамзий совғаси топширилди.

Шундан сўнг тақдирлаш маросими бошланди. тўртинчи ўринни эгаллаган Жиззах жамоаси, учинчи ўринни эгаллаган Самарқанд жамоаси, иккинчи ўринни эгаллаган Бухоро жамоаларига Нотариал палатанинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Энг тантанали дақиқалар. Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров Наманган вилояти жамоаси капитанига диплом ва кубокни топширди. Жамоа футболчиларига олтин медал ва дипломлар топширилмоқда. Спорт зални қарсаклар товуши тутди.

Энди “энг яхши дарвозабон” номинациясида тенгсиз бўлган Наманган вилояти вакили Зухриддин Йўлдошев ҳамда шу жамоа вакили, “Энг яхши тўпурар” номинацияси ғолиби Зокиржон Ҳолиқовга махсус диплом ва совғалар топширилди.

Кульминацион дақиқа. Наманган вилояти нотариуслари жамоасига кубок топширилди.

–        Андижон вилояти вакиллари ярим финалга чиқолмаган бўлса-да, Нотариал палатанинг кубоги учун мини-футбол кубогининг финал ўйинларини онлайн томоша қилиш бизга катта завқ бағишлади, нотариусларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тадбир учун Палата раҳбариятига, ташкилотчиларга  миннатдорчилик билдирамиз, — дейди Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Камолиддин Жалолиддинов.

Журналист Зебо Ҳайдарова шарҳи.