Навальнийни аэропортда қўлга олишди

0

2020 йил декабрь ойидан бери қидирувда бўлган россиялик сиёсатчи ва блогер Алексей Навальний Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олинди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) расмийлари хабар қилган.
Навальнийга нисбатан ФСИНнинг Москва шаҳар бошқармаси томонидан 2020 йил 29 декабрь куни жазони ижро этиш тартиб-қоидаларини мунтазам равишда бузганлиги учун қидирув эълон қилинган. Бундан буён Навальнийга нисбатан қандай чора кўрилишини суд белгилайди. Унгача Навальний эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланади.
Эслатиб ўтамиз, Навальний 2014 йилда жиноий йўл билан орттирилган даромадларни легаллаштириш ва фирибгарлик туфайли 3 йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, 500 минг рубль миқдорида жаримага тортилган эди. Суд кейинчалик уни олти йилгача синов муддати билан шартли жазога ҳукм қилган. Унга кўра, ҳар ойда икки марта, белгиланган кунларда жазони ижро этиш маҳаллий инспекциясидан рўйхатдан ўтиб туриш топширилган эди.
Навальний Германияда даволанаётган пайтларда табиийки, инспекцияга бормай қўйган. Бироқ 2020 йил йилнинг октябрь ойидаги чиқишларидан сўнг, Навальний 23 сентябрда клиникадан чиққани маълум бўлган. У инспекцияга белгиланган вақдан рўйхатдан ўтиш учун келмаганини тан олган, бироқ бунга жиддий асосларни кўрсатиб ўтмаган.
Аввал хабар қилинганидек, Навальнийни 22 август куни Берлинга олиб кетишган. Чунки, бундан икки кун олдин у Томскдан Москвага учаётганида, ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли самолёт мажбуран Омскка қўндирилган. Шундан сўнг беморни Германиядаги “Шарите” клиникасига олиб кетишган. Бу ерда блогернинг организмидан “Новичок” гуруҳига мансуб заҳарли модда топишган. Россиялик шифокорлар ўтказган текширувлар натижасида эса, Навальнийдан заҳар топилмаган эди.