Навбатдаги суверен халқаро облигацияларнинг бошланғич фоиз ставкаси эълон қилинди

0

Молия вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган роуд-шоу тадбири доирасида:

АҚШ, Буюк Британия, Дания, Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 га яқин халқаро инвесторлар иштирокида аудиоконференция (Global Investor Call) ўтказилди;

15 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка форматда виртуал учрашувлар ташкил этилди;

халқаро инвесторларнинг солиқ-бюджет сиёсати ва давлат қарзи динамикаси, пул-кредит сиёсати ва инфляцион таргетлаш режими ҳамда институционал ислоҳотлар, жумладан коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ бир қатор саволларига атрофлича жавоб берилди.

Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.

Молиявий консультантлар – андеррайтерлар (“Сiti”, “JP Morgan”, “Societe Generale”, “VTB Capital” ва “Gazprombank”) томонидан инвесторлар таклифларига биноан 750 млн. АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда – 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида – чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда, 4.25% атрофида ва 15.25% атрофида белгиланди.