Навоийдан баҳрамандлик ифодаси

0

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига

Алишер Навоий асарлари асрлар давомида жаҳон адабиёти ихлосмандлари эътиборини тортган, турли тилларга таржима қилинган. Дунё адабиётининг бир қатор буюк намояндалари асарида Навоийга ҳамоҳанг фикрлар, ҳикматлар, ўхшатишлар учрайди.

Албатта, Навоий ўзига қадар яшаб, ижод қилиб ўтган кўплаб буюкларнинг асарларидан баҳраманд бўлган, ўз навбатида, кейинги асрларда Шарқ ва Ғарбда яшаб ўтган кўплаб мутафаккирлар асарларида ҳам навоиёна донишмандликни кўрамиз. Жумладан, кўплаб Шарқ халқлари адабиёти намояндалари Алишер Навоий анъаналарига эргашиб, дилбар шеърлар, ўлмас асарлар яратишган. Улар қаторида Фузулий, Бедил, Махтумқули, Андалиб, Абай, Бердақ сингари туркий ва форсий адабиёт вакилларини тилга олиш мумкин.

Ҳатто, Ғарб халқлари адабиётида ҳам Навоийга хос бўлган сўз заргарлиги, донолик, шеърий иқтидор намуналари учрайдики, эҳтимол, улар ҳам Навоий асарларидан хабардор бўлгандир, деган фикрга бориш мумкин. Масалан, буюк испан адиби Мигель Сервантеснинг (1547-1616) ўлмас “Дон Кихот” асарида шундай доно фикрни ўқиймиз: “ҳаёт худди шахмат тахтасига ўхшайди: ўйин тугаши билан шоҳ ҳам, пиёда ҳам битта қутига тушади”.

Нақадар пурҳикмат нақл. Бу фикрни Сервантес қаердан олган бўлиши мумкин? У Навоийни ўқиганмикин? Бунга аниқ жавоб бериш мушкул. Аммо Навоий бу фикрни Сервантесдан аввалроқ айтгани ҳақиқат.

“Лисонут-тайр” достонида шахмат усталари ҳақида битта ривоят келтирилади. Унга кўра, ҳар икки шаҳматчи арсага сипоҳларни жойлаб чиқишади. Биламизки, шахматда ҳар бир сипоҳ ўз позициясига, ўз юриш услубига эга. Унда шоҳ ўз ўрнида, пиёдалар ўз ўрнида туради. Оддий пиёдадан то фарзингача шоҳни ҳимоя қилиб, рақиб шоҳини мот қилиш учун курашади. Аммо, ўйин тугаши билан ҳар икки шахмат устаси доналарни битта халтага солишади. Энди арса устидаги тартиб, низом бузилади. Халтада шоҳ пиёданинг тагига тушиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Чун харита ичра боғланди бари,
Шоҳ қуйидур ё пиёда юққори,
— дея хулоса ясайди ҳазрат Навоий.
Албатта, буюклар турли замон ва маконларда туриб, бир хил фикр юритиши, бирор масала бўйича умумий хулоса чиқариши ҳам мумкин. Аммо¸ бундай ҳодисабитта мутафаккир ва бошқа буюк салафлар ижодида такрорланаверса-чи?

Француз уйғониш даврининг буюк вакили, файласуф Ларошфуконинг (1613-1680) ҳикматлари (уларни максимлар, деб ҳам аташади) икки ярим асрдан бери ўқувчиларни мушоҳадага ундаб келади.

Мана унинг бир мантиқий фикрига эътибор қиланг-а: “Ҳеч қачон ҳеч кимга сирингизни айтманг. Агар биров сирингизни фош қилса, ундан хафа бўлманг. Чунки ўзингиз асрай олмаган сирни бошқалар қандай сақласин?” Чиройли фикр, тўғрими? Лекин Ларошфукога қадар бу “қанотли ибора” айтиб бўлинган эди.

Фош қилманг роз, чунким асраёлмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ бори таманно қилмангиз.

Ҳа, топдингиз. Бу байтни улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий Ларошфукодан анча аввалроқ айтган.

Яна бир мисол. Буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов (1928-2008) яратган манқурт образи бугун ҳар бир адабиёт муҳиби учун таниш. “Асрга татигулик кун” романида келтирилган афсона қаҳрамони – Жўломоннинг тақдири ҳар бир ўқувчини даҳшатга солади. Ёвуз душман томонидан асир олинган йигитнинг сочлари қириб ташланади ва тақир бошига янги сўйилган туянинг териси қопланади. Шундан сўнг минг уқубатларга бардош берган асир ўз хотирасини йўқотади. У энди ўз хожасидан бошқа бировни танимайди. У бошидаги қалпоғини тортиб олмасликлари учун ҳатто ўз онасини ҳам қурбон қилишга тайёр…

Чингиз Айтматов ушбу асари орқали дунёнинг турли тилларига янги – манқурт атамасини олиб кирди. Бу сўз қайси тилдан олинган, қандай ясалгани ҳақида турли тахминлар бор. Бу ҳақда, афсуски, ёзувчининг ўзи ҳам ҳеч нарса демаган.

Аммо Айтматовга қадар манқурт афсонаси мавжуд бўлган. Эҳтимол хотирасидан жудо қилинган қуллар қадимда бошқача аталгандир. Аммо, шуниси аниқки, Навоий беш аср муқаддам “манқуртлик” ҳақида ўз шеърларидан бирида айтиб кетган эди.

Фалак бошингга қоплаб ит терисини,
Сен они жаҳлдин деб кишу синжоб,
Ажаб йўқ, одамийликни унутсанг,
Ўзунгни телба ит чармида асроб…

Эътибор қилсак, бу ерда ҳам бошига ит териси қопланган, лекин уни сувсар мўйнаси деб ўйлаётган кимсанингшу тариқа инсонийлик қиёфасини йўқотиши акс эттирилган. Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул ёзганидек, “тўғри, Навоий манқурт сўзини ишлатмаган, лекин у хотирасиз ваҳший қулга кимлигини тушунтирган”.

Албатта, бу билан биз буюк ёзувчилар, мутафаккирларнинг ижодини камситиш ниятида эмасмиз. Фақат,буюк Навоийнинг тафаккур қаноти, ҳаёл оти жаҳоннинг энг буюк адиблари забт этган ҳақиқат манзилларига улардан аввалроқ етиб борганини яна бир бор эътироф этишдир.

Рустам Жабборов