Нега аёллар байрами айнан 8 мартда нишонланади?

0

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “аёл” арабча сўз бўлиб, “оила” калимаси билан ўзакдошдир дейилган. Албатта, оиламизни мунис оналаримиз-у кўркам ва бетакрор опа-сингилларимизсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар баҳордай гўзал ва беғубордир. Бу фасл ҳам айнан хотин-қизларнинг байрами билан бошланади. Хўш, сиз байрамнинг яратилиш тарихидан хабардормисиз?

Кун ўтмишига назар ташлайдиган бўлсак, хотин-қизлар байрами уларнинг ўз ҳуқуқлари учун курашиш кунидан келиб чиққан. Яъни 1857 йил 8 март кунида Нью-Йоркнинг пойабзал ва тикув фабрикаси ишчи хотин-қизлари манифестга йиғиладилар. Улар 10 соатлик иш куни, ёруғ ва қуруқ иш хоналари ҳамда эркаклар билан бир хил маош олишларини талаб қилиб чиқадилар. Худди шу кунда Нью-Йоркдаги юзлаб аёллар намойишларга чиқиб, сайлаш ҳуқуқини ҳам талаб қилишади. Бу воқеадан сўнг аёллар ташкилоти тузилади ва биринчи марта хотин-қизлар унга аъзо бўладилар.

1891 йил 19 мартдан бошлаб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария каби мамлакатларда 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами дея эълон қилинди. 1910 йилдан Копенгагенда, 1913 йилдан эса Россияда ҳам ушбу байрам кенг нишонлана бошланди. 1965 йилга келиб 8 март дам олиш куни дея эълон қилинди. Шу йилдан бошлаб давлатлар ҳукуматлари тантанали тадбирларда аёлларга нисбатан давлат сиёсатининг амалга ошираётган ишлари тўғрисида ҳисобот бера бошладилар. Аста-секин халқаро хотин-қизлар куни аёлларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилган кун эмас, балки уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш ва эъзозлаш куни сифатида нишонлана бошланди.

Маълумотларга кўра,  жаҳон аҳли Халқаро хотин-қизлар куни АҚШдаги “Оналар”  ва “Муқаддас Валентин” кунларининг аралашганига ўхшайди деб ҳисоблашар экан. Шу сабабми ушбу байрам асосан Ғарб давлатларида кенг нишонланади. Ва хотин-қизларга уларни жуда ҳам яхши кўришларининг рамзи сифатида бирон-бир совға ҳадя қилинади.

Хўш, Шарқда-чи? Айнан бизнинг мамлакатимизда байрам қандай нишонланади ва хотин-қизларимиз қай тарзда эъзозланадилар? Ислом динида бундай байрам ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Сабаби аёлларни эъзозлаш учун бизга алоҳида бир кунни белгилаш шарт эмас, улар шундоқ ҳам эркакларимиз эътиборида, эъзозида ва ҳимоясидадир!

Сарвиноз БАҲОДИРОВА

Аввалги мақолаЗамонавий технологиялар суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади
Кейинги мақолаАфсонага айланган аёл