Ҳуқуқ
15.05.2024
1 402
Конституция ва Жиноят кодексида оила ҳимояси учун алоҳида боблар мавжуд, оилавий муносабатлар Оила кодекси билан тартибга солинади. Халқаро оила куни муносабати билан Hudud24.uz оилага оид муҳим ҳуқуқларни бир мақолага жамлади.
1. Никоҳ – икки жинс вакиллари ўртасида тузилади
Оила – икки жинс вакилларининг ўзаро розилиги асосида тузилган никоҳ асосида пайдо бўлади, никоҳ оиланинг вужудга келишида бирдан-бир асос бўлгани боис у фақат ахлоқ нормалари билан эмас, балки махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Хусусан, Конституциянинг 14-боби – оила, болалар ва ёшлар масалаларига бағишланган. Оиланинг Конституция даражасида тартибга солиниши жамиятимизда унинг ўрни ва мавқеидан келиб чиққан.
Унга кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Оилавий муносабатларни тартибга солиш учун эса алоҳида Оила кодекси қабул қилинган.
2. Никоҳга мажбурлаш – жиноят. Мажбурлаб тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади
Никоҳ ФҲДЁда тузилади, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁга my.gov.uz портали орқали онлайн ариза бериш ҳам мумкин.
Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш.
Никоҳ тузиш ихтиёрий, мажбуран тузилган никоҳ суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади. Бундан ташқари аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса бундай талаб хотин (эр) томонидан ҳам қўйилиши мумкин.
3. Қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўйилмайди
Қуйидаги ҳолатлар никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида.
4. Никоҳ шартномасини тўйгача ва тўйдан кейин тузса бўлади
Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида, эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек, никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради, никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
5. Жиноят кодексида Оилага қарши жиноятлар учун алоҳида боб мавжуд
Юқорида кўрдикки, Конституцияда оила давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган. Бу ҳимоя қуруқ норма билан битмайди, аввало, оилага қарши ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун аниқ механизмга эга оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалий чоралар кўриш лозим.
Жиноят кодексининг 5-боби – Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар учун бағишланган.
Мазкур бобда оилага қарши қаратилган бир қатор жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, қуйидаги қилмишлар жиноят ҳисобланади:
вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш;
ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш;
никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш;
кўп хотинли бўлиш;
оилавий (маиший) зўравонлик.
6. Оилавий сирни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади
Ўтган йили референдумда қабул қилинган Конституциянинг
31-моддасида ҳар бир инсон шахсий ва оилавий сирига эга бўлиш ҳуқуқини белгиловчи муҳим қоида мустаҳкамланди.
Шахсий сирлар – бу инсон ҳаётидаги воқеалар, фактлар, шароитлар тўғрисидаги ҳар қандай инсоннинг ўзи очиқлашни хоҳламаётган ва бу маълумотларни бошқаларга маълум бўлмаслигидир. Қачонки шахс бу маълумотларни ўз хоҳишига кўра очиқласа, унинг сир тутилиш мақоми бекор бўлади.
Оилавий сирларнинг шахсий сирлардан фарқи шундаки, у оиланинг бир неча аъзоларига тегишли бўлади. Бунда, сир оиланинг барча аъзолари томонидан эмас, балки бир-икки аъзоси томонидан ҳам махфий деб топилиши мумкин. Оилавий сирларда маълумотлар оиланинг барча аъзоларига ёхуд баъзи бирларига алоқадор ҳам бўлиши мумкин.
Оилавий сирни йиғиш ёки тарқатиш БҲМнинг 10 бараваридан 40 бараваригача маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Агар бу ҳолат яна такрорланса, бу жиноят ҳисобланади ва оғирлаштирувчи ҳолатларда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
7. Никоҳ давомидаги мулк умумий мулк – эр ва хотин унга нисбатан тенг ҳуқуққа эга
Никоҳ давомида олинган мол-мулк эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Хусусан, бундай мулк сирасига қуйидагилар киради: – меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан, шунингдек, интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлар; – пенсия, нафақа, шунингдек, моддий ёрдам ва компенсация суммалари (масалан, моддий ёрдам, майиб бўлиш ёки саломатлигига етган зарар учун тўланган сумма ва бошқалар) киради
Эр-хотиндан бири уй-рўзғор ишлари, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
8. Болага алимент тўлаш учун ота-она ажрашган бўлиши шарт эмас
Агар ота-она болага таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий бажармаса ота-онадан суд асосида алимент ундирилади.
Бола деганда – 18 ёшга тўлмаганлар тушинилади.
Болага таъминотни ихтиёрий бериш ёки алимент ундириш учун ота-она ажрашган бўлиши шарт эмас. Ота-она бирга яшаши ёки бирга яшамаслигидан қаъий назар, ҳар қандай ҳолатда болага таъминот берилиши шарт.
Шунингдек ота-она вояга етган, яъни 18 ёшдан ошган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳам таъминот бериши керак.
Ота-она болаларига таъминот бериш учун алимент тўлашни ўзаро келишиб ҳал қилиши мумкин. Лекин бу келишув боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак, масалан алимент миқдори қонунчиликда белгилангандан кам бўлмаслиги шарт.
Алимент келишуви ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Кейинчалик мазкур келишувга мувофиқ алимент тўланмаса, шу келишув асосида алимент мажбурий ижро бюроси идоралари томонидан ундирилиши мумкин.
9. Никоҳдан ажратиш суд ёки ФҲДЁ орқали амалга оширилади
Никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Яъни эр-хотин ўртасида ҳеч қандай низо бўлмаса ФҲДЁ орқали, агар низо бўлса суд орқали никоҳдан ажратиш амалга оширилади.
10. Оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредит берилади
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар Халқ банки ва Микрокредитбанк томонидан тўлиқ рақамлашган ҳолда фақат Ягона электрон платформа – oilakredit.uz платформаси орқали ажратилади.
Кредит фоизи 18 фоиз, мақсадга қараб имтиёзли давр ва муддат белгиланади. Масалан, чорвачилик учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилдан 4 йилгача муддатга, боғдорчилик учун эса 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга берилади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Боғча директорлари учун ўринбосарлар, 20 фоизлик устама, мобил малака ошириш хизматлари ва имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан белгиланган схемага мувофиқ берилади.
Меҳнат муносабатларида камситилиш ҳолати нима ва ундан шикоят қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар. Бу Меҳнат кодексининг 4-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган.
Транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш
Транспорт воситасини бошқаришни ўргатаётган вақтда ўргатувчида тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.