Никоҳ шартномаси оила мустаҳкамлиги гарови

0

Оила жамиятнинг ячейкаси ҳисобланиб, уларнинг бирлигидан бутун бир жамият ҳосил бўлади. Бу тўғрида Конституциямизнинг 63-моддасида, «оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» эканлиги белгилаб қўйилган. Бу билан ижтимоий тузум ва оила ўртасида узвий боғланиш мавжудлигини кўриш мумкин. Асосий қонунда белгиланган тамойиллар, қоидалар оила ва оилавий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Оила кодексининг 32-моддасига асосан, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишувига кўра хоҳлаган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. қонундаги мазкур ҳолат никоҳ шартномасини талабларини ўзгартириш ва бекор қилиш учун эр-хотиннинг айнан бу борадаги келишувини шарт қилиб қўяди.

Бироқ вазиятнинг ўзгариши билан никоҳ шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида тарафлар ўзаро келишолмасалар, бундай вазиятда никоҳ шартномасини дастлабки кўринишда бажаришлик эр-хотиндан бирининг манфаати бузилишига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатларда никоҳ шартномаси манфаатдор эр-хотиндан бирининг даъвоси билан суд тартибида ўзгартирилиши мумкин. Бу қоида  Фуқаролик кодексининг 382-моддаси ўз тасдиғини топган бўлиб, унга кўра кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Баъзи тадқиқотчилар томонидан никоҳ қайси бир тарафнинг айби билан бекор қилинаётган бўлса, мулкий муносабатнинг тақсимоти айбсиз тарафга берилиши тўғрисида фикрларни илгари суришади. Мазкур тадқиқотчилар ўз фикрларини қадимги рим ҳуқуқи билан асослантириб, унга кўра қадимги рим ҳуқуқидаги анъанавий нормалар, яъни агар эр ёки хотин никоҳдан ажратилган тақдирда  уларнинг никоҳлари қай бирининг абли ҳаракатлари сабабли вужудга келган бўлса мулк айбси шахснинг тассарруфида қолдирилган.

Никоҳ шартномасини мажбуритятларини амалга оширишни бир томонлама рад этишга йўл қўйилмайди. Лекин никоҳ шартномаси мажбуриятларини эр-хотинлар томонидан амалга ошириш, агар бу ҳаракатлар улардан ҳуқуқий оқибатларни келиб чиқишини талаб этмаса, ҳатто уларнинг муомала лаёқатидан қатъий назар амалга оширилиши мумкин. Шунингдек никоҳ шартномаси мажбуриятлари муқаддам эр-хотин бўлган шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу никоҳ шартномаси тарафларнинг нафақат никоҳ жараёнидаги, балки у бекор қилингандан кейин ҳам пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солиши билан боғлиқ. Ҳатто никоҳ бекор қилинганидан кейин ҳам эр-хотинларда мол-мулк учун компенсация тўлаш, тарафларда бирининг иккинчисини таъминлаши каби маълум мажбуриятлар сақланиб қолади.

Эр-хотин ўзаро келишувга кўра никоҳ шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган ҳолларда улар никоҳ шартномасига ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида ёзма шаклда келишув тузишлари ва никоҳ шартномаси учун қонунчиликда белгиланган барча жараёнларни амалга оширишлари лозим.

Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган ҳар қандай ҳолатда никоҳ шартномаси ҳам ҳақиқий эмас деб топилади. Чунки, никоҳ шартномасининг ҳуқуқий мақсади никоҳ ва бекор бўлган ҳолдаги мулкий муносабатларни тартибга солиш бўлиб ҳисобланади. Бунда никоҳнинг тузилганлиги зарурий элемент бўлади. Никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши билан никоҳ шартномаси ўзининг асосидан маҳрум бўлади.

Оила кодексининг 35-моддасида никоҳ шартномаси тузиш, уни ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида кредиторлар ҳуқуқларининг кафолатларининг киритилиши мамлакатимиз қонунчилиги учун муҳим янгилик бўлиб ҳисобланади. Эр (хотин) никоҳ шартномаси тузаётгани, уни ўзгартираётгани ёки бекор қилаётгани тўғрисида ўз кредиторини (кредиторларини) хабардор қилиши шарт. Қонунчиликда белгиланган бундай муҳим талаб ноинсоф эр (хотин) томонидан бўладиган суиистеъмолчиликларнинг олдини олиб, кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Фикримизча, эр (хотин) никоҳ шартномаси тузилганлиги ёки унинг бекор қилинганлиги тўғрисида нафақат хабарнома юбориши керак, балки никоҳ шартномасининг мазкур кредитор ва никоҳ шартномасидаги эр (хотин) мажбуриятига оид қисмининг нотариал тартибда тасдиқланган шаклини юбориши керак. Мазкур шарт бажарилмаган ҳол учун қонун чиқарувси яна бир жавобгарлик турини белгилайди, яъни эр (хотин) никоҳ шартномасининг мазмунидан қатъий назар ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради. Бундан ташқари, қарздор эр (хотин)нинг кредитори (кредиторлари) шароит жиддий ўзгаргани туфайли никоҳ шартномасининг шартларини қонунда белгиланган тартибда ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик қонунчилиги никоҳ шартномасини кредиторларнинг талаби бўйича бекор қилишни тақиқлайди. Бундай чеклов нафақат белгиланган шартлар асосида, балки никоҳ шартномасининг бекор қилиниши ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга зарар етказадиган ва шартномани ижро этиш учун кетадиган харажатларни сезиларли даражада кўпайтирадиган бошқа ҳолларга ҳам тааллуқли бўлиб ҳисобланади.

Мамлакатимизда никоҳ шартномасини тузиш тўғрисидаги эр ёки хотин томонидан қабул қилинган қарор кўпинча шарқона менталитет, догматик дунёқараш белгилари, бир умр бирга яшаш аҳди, баъзан бу нозик мавзуга мурожаат этишни истамаслик ёки бошқа сабабларга кўра рад этилади. Шунингдек, сўнгги йилларда, айниқса, аҳоли фаровонлигининг ўсиши натижасида никоҳ шартномасини тузиш тўғрисидаги масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Никоҳ шартномасини тузишнинг мақсади нафақат мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ масалаларни ечишдан иборат балки, вояга етмаган фарзандларининг келажаги учун хизмат қиладиган моддий кафолат, уларнинг жамиятда ўз ўрниларини топишда бирламчи босқич сифатида баҳоланадиган имкониятлар манбаидан фойдаланиш ҳамда эр-хотин ўтасидаги мулкий низоларни судда кўриш вақтида асабни асраш ва вақтни тежаш имкониятини беради. Фикримизча никоҳ шартномаси келажакда ҳар қандай ҳолатда ҳам эр ва хотин ўз мулкий мавқеини йўқотмаслигининг кафолати бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Одил Ҳазрақулов,

фуқаролик ишлари бўйича

Миробод туманлараро судининг судьяси

 

 

 

 

Аввалги мақола700 га яқин топшириқларнинг ижро этилишида Адлия ва Халқ таълим вазирликлари ҳамкорлик қилади
Кейинги мақолаЎғлимни даволатиш учун меҳнатга лаёқатсизлик таътилига чиққан эдим. Энди ойлик маошим кам чиқадими?