ЯнгиликларМаҳаллийНодавлат нотижорат ташкилотлари — сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси

Нодавлат нотижорат ташкилотлари — сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий ҳаётда нодавлат секторининг аҳамияти ошганлигини яққол кўрсатмоқда. Бугунги кунда энг чекка ҳудудда яшаётган фуқаро билан мамлакат раҳбари ўртасида алоқани таъминлашда айнан нодавлат сектори энг самарали механизм сифатида намоён бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 58-моддасига кўра, давлат жамоат бирлашмаларининг манфаатларини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларининг демократик жараёнлардаги иштирокини ҳуқуқий таъминлаш уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий фаоллиги тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда қарийб ўн мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, деган эзгу ғояни рўёбга чиқариш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жорий йилда мустақиллигининг 30 йиллик тўйини нишонлаётган Ўзбекистонда муҳим сиёсий кампания — Президентлик сайлови ўтказилади.

Юртимизда сайлов қонунчилиги бошқа соҳалар каби жамият ва давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда изчил равишда такомиллашиб бормоқда. Асосийси,  бунда фуқаролик жамияти институтлари ва умуман кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.

Дарҳақиқат, демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда фаол иштироки бўйича етарли асос ва имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятларни билиш ва улардан кенг фойдаланиш, нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Таъкидлаш жоизки, сиёсий партиялар — сайловларнинг “локомотиви” ҳисобланади. Айнан улар орқали номзодлар кўрсатилади, сиёсий рақобат муҳити юзага келтирилади ва турли табақаларнинг сиёсий қарашлари ифодаланади. Партиялар ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали сиёсий жараёнларда иштирок этадилар.

Дарҳақиқат, ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб бериши шарт. Бугунги кунда халқимиз партиялардан баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қозонишини кутмоқда.

Шубҳасиз, сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамлайди. Бу эса, ўз ўрнида, жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Б.Нариманов,
Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img