Нодавлат суд экспертиза ташкилотлари  қандай ҳуқуққа эга?

0
Closeup of uditor scrutinizing financial documents at desk in office

Судларда кўрилаётган ишлар замирида инсонларнинг тақдири ётади. Демак, бу жараёнда тақдим этиладиган ҳар бир ахборотнинг ҳаққонийлиги ва рад этиб бўлмас далилларга асосланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Айнан ушбу муҳим далиллардан бири суд экпертизасидир.

Суд экспертизаси бу – бевосита суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат процессуал ҳаракатдир.

Сўнги йилларда ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 17 январда “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимиз қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишга ҳамда улар томонидан 44 та турдаги экспертиза турларини ўтказилишига рухсат берилди.

Қарор билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари давлат суд-экспертиза муассасалари каби ўз фаолиятини амалга ошириши, бир хил ҳуқуққа эга бўлиши белгилаб қўйилди.

Ушбу қарор асосида   нодавлат суд экспертиза ташкилотларида ҳам суд экспертиза тадқиқотлари олиб борилмоқда.

Бу эса давлат суд экспертиза муассасаларидаги иш юкламасининг камайишига, суд экспертиза тадқиқотларини янада сифатли ўтказилишига ҳамда рақобатни таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг  3 февралида қабул қилинган  6155-сонли Фармон билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 24-бандида Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда вазирлик ва идоралар томонидан нодавлат суд-экспертиза фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш механизмларини жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида:

  • нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишнинг давлат-хусусий шериклик асосидаги шаклларини жорий қилиш;
  • суд-экспертиза соҳасида илмий-тадқиқот ишларига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • нодавлат экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш, тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини белгилаш назарда тутилиши белгилаб қўйилди.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши бир қатор муҳим ижобий ўзгаришларга хизмат қилиши аниқ. Жумладан,   суд-экспертиза соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари ривожлантирилади, суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқлари кенг жорий қилинади, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятида давлат-хусусий шериклик шакллари жорий этилади.

Миркомил БОЗОРОВ,

  Адлия вазирлиги масъул ходими

 

Аввалги мақолаҚурилиш назорат инспекциясининг иддаоси ўтмади
Кейинги мақолаОлий таълимда ўқишни қайта тиклаш қандай амалга оширилади?