ЯнгиликларМаҳаллийНогиронлиги бўлган шахсларга қандай ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади?

Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади?

Ногиронлиги бўлган шахсларга қуйидаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади:

пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);

реабилитация қилишнинг техник воситалари, сурдотехника, тифлотехника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия мосламалари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтирувчи аппаратлар ва сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдотаржимали видеоматериаллар, шунингдек автомобиллар билан таъминлаш;

тиббий, ижтимоий, касбий, жисмоний реабилитация қилиш бўйича хизматлар ва маиший хизматлар;

транспорт хизматлари;

дори воситалари билан таъминлаш.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосалари асосида кўрсатилади.

Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Бу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда ҳаёт фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар таъминланади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиш ташкил этилади.

Иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўрсатмаларга биноан иш берувчининг (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) маблағлари ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник ва махсус транспорт воситалари билан таъминланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.

Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторий-курортда соғломлаштирилишини таъминлаш тартиби ҳамда дори воситаларининг, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмларнинг ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш соғлиқни сақлаш органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари, хайрия ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари иштирокида амалга оширилади ҳамда қуйидаги турларни ўз ичига олади:

ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари юзасидан маслаҳат бериш;

тегишли органлар ва ташкилотларга юбориш;

соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига нисбатан ҳомийлик белгиланишига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш ва ҳомийларнинг ўз мажбуриятларини бажариши устидан назоратни амалга ошириш;

протез-ортопедия мосламаларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олишда кўмаклашиш;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни дори воситалари билан бепул ёки имтиёзли таъминлаш;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена воситалари билан бепул таъминланишига, шу жумладан овқат тайёрлашига ва уй-жойни йиғиштиришига, гигиенани амалга оширишига кўмаклашиш.

Агар ходим иш берувчининг айби билан ногирон ва ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлиб қолган бўлса, ногиронлиги бўлган шахс меҳнат қобилиятини йўқотган вақтда уни парвариш қилувчи шахсни иш берувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг ёки педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосасига биноан ўз ҳисобидан таъминлаши ҳамда жабрланган ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаши ва маънавий зиённи компенсация қилиши шарт.

«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими
Чарос Юлдашева тайёрлади.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img