ЯнгиликларМаҳаллийНоқонуний бўшатилган мусиқа ўқитувчиси ишга қайта тикланди

Ноқонуний бўшатилган мусиқа ўқитувчиси ишга қайта тикланди

Андижон шаҳрида яшовчи Ҳидоятхон Акбаралиева уч йилдан буён шаҳардаги 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида мусиқа раҳбари лавозимида ишлаб келади. Шу давр мобайнида болажонларнинг севимли устозига айланиб улгурган Ҳидоятхон сўнгги пайтда турли сабаблар туфайли раҳбарият билан келишолмай қолди. Босимлардан чарчаган фуқаро жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида ўз хоҳишига кўра лавозимидан бўшатишларини сўраб, ариза беради. Аризани тақдим қилаётганида унга сана қўймаслигини айтиб, қабул қилиб олишади.

Бироқ иш берувчи 15 июнь санасида тақдим қилинган аризани ўз вақтида кўриб чиқмайди. Қонунчиликда белгиланган муддат ўтиб кетган бўлса-да ишдан бўшатилмаган Ҳидоятхон ўз ишини давом эттириб келади. Жорий йилнинг 22 июль куни муассаса раҳбарияти Х.Акбаралиевага ўз аризасига мувофиқ 15 июлдан ишдан бўшатилганлиги билдирилади.

Ҳуқуқлари поймол бўлаётганини пайқаган Х.Акбаралиева вилоят адлия бошқармасига ноқонуний ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб, ишга қайта тиклашда ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Унинг мурожаати бошқарманинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида Х.Акбаралиеванинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризасида 2022 йил 1 июлдан ишдан бўшатиш сўралган бўлиб, имзо қисмида ҳам айнан ушбу сана қайд этилганлиги, иш берувчи томонидан буйруқ жорий йилнинг 15 июль санасидан расмийлаштирилгани маълум бўлди. Бундан ташқари мурожаатчи ишдан бўшаганлик ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ҳамда меҳнат дафтарчаси тақдим қилинмаганлиги ўз тасдиғини топди.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 99-моддасининг 4-хатбошисида ходим томонидан ишдан бўшаш ҳақидаги ариза берилгандан сўнг «Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди» деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи буйруқ нусхасини ходимга бериши керак эди.

Ўрганиш давомида Андижон шаҳар 20-сонли давлат МТТ мудираси З.Самиева ҳамда кадрлар билан ишлаш вазифаси юклатилган услубчи ходим З.Муродовалар ходимнинг буйруғини расмийлаштиришда ҳақиқатдан ҳам қўпол камчиликларга йўл қўйганликлари аниқланди.

Юқоридагиларга асосан, адлия бошқармаси томонидан фуқаро Х.Акбаралиевани ўз иш жойига тиклаш ҳамда қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Ҳидоятхон Акбаралиева ҳозирда ўз ишига тикланди. Қонун бузилишига йўл қўйган услубчи ходим З. Муродовага эса «Ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

Акмалжон Азимов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўлими бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img