Нотариал идораларда навбат кутишлар ўтмишда қолди…ми?

0

Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариал тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нотариат институтини  илғор, замонавий босқичга кўтаришдаги энг катта қадамлардан  бири бўлди.

Мазкур соҳада мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда  ҳам бир қатор талаблар бекор қилинди. Жумладан,  жорий йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмаслигининг ўзи ортиқча сарсонгарчиликни бартараф этди. Иккинчи қулайлик, мазкур фармон билан 2019 йил 1 октябридан буён яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончноманинг бекор қилинганидир.

2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши жисмоний ва юридик шахслар учун яратилган қулайликлардан бири бўлди.

Республикамиз  ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар нотариусга тақдим этилмасдан туриб, уларни ноёб рақам орқали текшириш мумкинлигининг ўзи ҳам янгиликдир.

Сарсон-саргардонликнинг олдини олишда эса, нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш хизмати жорий этилгани ҳам ютуқдир.

Яна битта муҳим ҳолат — бу васият масалаласига оид бўлиб, ҳар бир инсонни ўйлантирадиган жиҳатдир.

Эндиликда васиятномаларни расмийлаштириш тартиби ҳам замон билан ҳамнафас ўзгарди. Васиятномаларни расмийлаштириш видеоёзув орқали йўлга қўйилгани инновацион усулнинг жорий этилишидир дейиш мумкин.

Хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилгач, Президентимиз томонидан 2020 йил 14 январь куни қабул қилинган “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонуннинг янги киритилган 22-(6)-моддасига кўра нотариал палатанинг конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, заруратга кўра, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

22-(7)-моддага мувофиқ эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Компенсация фонди ташкил этилганининг ўзи нотариал ҳаракатларнинг қонунийлиги, адолатлигини таъминлашга хизмат қилади.

Энг асосийси, эндиликда нотариуслар томонидан медиатор вазифасини бажариш, далилларни таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни, электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканини тасдиқлаш каби ҳаракатларнинг амалга оширилиши фуқароларга ва иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим ҳисса қўшаётган тадбиркорларимизга қулайлик яратди.

Биз ҳам юқоридаги имкониятлардан фойдаланиб, пандемия шароитида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда самарали фаолият кўрсатдик. 2020 йил январ-апрель ойи Давлат нотариуси сифатида 1357 та ҳаракат 9 та сайёр ҳаракат амалга оширилган бўлса, май ойидан шу кунга кадар хусусий амалиёт нотариуси сифатида 2500 та нотариал ҳаракат 11 та сайёр ҳаракат амалга оширилди. Иш ҳажми ва кўлами, фуқароларни қабул қилиш шароитлари кенгайганлиги бизга ишончни орттирди.

Хусусий нотариус сифатида амалга оширилган ҳаракатларимизнинг 120 таси авто олди-сотдиси, 250 таси авто ишончнома, 180 таси кўчмас мулк, тураржой. 140 таси нотурар жой ва 385 таси  гаров шартномаси, 39 таси авто ижарасига оид шартномалар эканлиги фаолиятимиз самарадорлиги ошганлигидан далолатдир.

Каримбек МУҚИМОВ,
Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус