Нотариат соҳасида автоматлаштирилган тизим коррупцияга барҳам берди

0

Нотариал идоралар фуқаролар  доимий мурожаат қилувчи даргоҳ. Хусусан, халқимиз учун оғир синовли йил бўлган 2020 йил давомида 3 325 минг 781 та нотариал ҳаракат амалга оширилгани гапимизнинг исботидир. Пандемия шароитида нотариусларимиз 23 323 маротаба сайёр хизмат кўрсатдилар. 39678 та нотариал ҳаракат давлат божидан озод қилинди.

Ислоҳотлардан аввалги нотариатга албатта эътирозлар кўп бўлган, хусусан, энг кўп норозилик вақтни кўп йўқотиш ва ортиқча пул ундириш юзасидан бўлган. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишда айнан шу жиҳатларга эътибор берилди. Яъни, нотариат тизими автоматлаштирилди, “e-notarius.uz” сайти ҳамда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга тушди, эндиликда нотариусга мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаро юқоридаги сайтдан ўзига яқин ҳудудда жойлашган нотариусни танлаши ва электрон қабулга ёзилиши мумкин. Белгиланган вақтда идорага ташриф буюрган мижозга “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хизмат кўрсатилади. Айниқса, мижозлар тўлаган пул ҳақида смс-хабар уларнинг телефон рақамига пул ўтган заҳоти юборилиши ортиқча тўлов ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси

Д.Ашуров суҳбат чоғида журналист ва блогерларнинг диққат-эътиборини шу ва шунга ўхшаш муҳим жиҳатларга қаратди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги директори ўринбосари, блогер Хушнудбек Худойбердиев, “Ўзбекистон 24” телеканалигининг мухбири Мазхсуда Султонова, “Ёшлар” телеканали мухбири Лобар Пўлатова, “ЎзА.уз” сайти мухбири Норгул Абдураимова ҳамда  “Kun.uz” сайти мухбири Аббосхон Азимовлар Палата ва нотариуслар фаолиятини эътироф этиб, шу билан бирга онда-сонда сизиб турган танқидий маълумотларга ҳам эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси

–        Фаолиятимиз карантин даврида бошланди,  нотариусларимиз хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомига 16 мартдан кейин ўтиб бошладилар. Албатта, фаолиятимизда ҳали тузатиш керак бўлган камчиликларимиз бор. Аммо, ютуқларимиз ҳам кам эмас. Хусусан, тизим автоматлаштирилиб, аҳолининг сарсонгарчиликларининг олди олинди. Нотариуслар ҳамда аҳоли учун нотариатнинг энг муҳим ҳужжатларини ўз ичига олган аудиобук яратдик.  Биз Адлия вазирлиги билан биргаликда тизимни янада такомиллаштириш бўйича қонунчиликка 10 га яқин  таклифлар бердик. Шу билан бирга, Ўзбекистон нотариати тажрибаси ҳақидаги мақолаларимиз хорижий давлатларнинг кўзга кўринган сайтларида эълон қилинди. Чет давлатлар Нотариал палаталари билан ҳамкорлик Меморандумлари имзоланмоқда. Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлишга катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хуллас, олдимизда бажаришимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп, – деди саволларга жавоб берар экан Палата раиси Дилшод Ашуров.