Нотариуслар лицензияси қандай ҳолатларда тўхтатилади?

0

Республика Нотариал палатаси ва ҳудудий бошқармалар томонидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг қонун ҳужжатларига ва касб этика қоидалари ҳамда касб мажбуриятларига риоя этиш бўйича мониторинг ўтказилди.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан нотариатга оид қонун ҳужжатларига ва касб этика қоидалари ҳамда касб мажбуриятларига риоя этилишида унинг ҳақиқий ҳолатига баҳо бериш, кузатиб бориш, таҳлил қилиш, қонун ҳужжатларини бузилиши аниқлаш ва уни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш мониторинг қилишнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Статистик маълумотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг қарорлари нотариуслар фаолиятини мониторинг қилиш объекти ҳисобланади.

 Мониторинг ўтказишнинг асосий вазифалари бўлиб:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан нотариатга оид қонун ҳужжатларига, шунингдек Касб этика Қоидаларига ва Нотариал палатининг ҳудудий бошқармаларининг низомига риоя этиш;

нотариал ҳаракатларни амалга оширишда қонун ҳужжатларини ва қоидабузарликларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш;

нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлари амалга оширишда йўл қўйилган ўзига хос хато ва камчиликларни аниқлашда нотариусларнинг касбий фаолиятини мониторинги натижаларани умумлаштиришдан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 3250, 2020 йил 26 июнь) мувофиқ, Малака комиссияси томонидан нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш Қонуннинг 152-моддаси биринчи қисми ҳамда мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатларига асосан амалга оширилади.

Қоидабузарлик содир этилганлиги учун малака комиссиясининг нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир йил давомида нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ёки Нотариусларнинг касб этикаси қоидалари ёхуд нотариал ҳаракатларнинг сири ва нотариус қасамёдини такроран бузилганлиги мунтазам равишда қоидабузарлик содир этилган деб ҳисобланади.

Қуйидаги қоидабузарликлар нотариуснинг бир марта қўпол равишда қоидабузарлик содир этилганлиги деб ҳисобланади:

нотариал ҳаракатларнинг махфийлигига риоя қилинмаганлиги;

бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилган ва (ёки) хатланган мол-мулкни тасарруф этиш тўғрисида битимнинг тасдиқланганлиги,

нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда имзонинг факсимилесидан фойдаланилганлиги ва (ёки) муҳрни бошқа шахсларга берилганлиги;

нотариал ҳаракатларни бошқа шахс томонидан амалга оширилишига йўл қўйганлиги;

нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш учун ўзи ёки воситачи орқали қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари моддий манфаат кўрганлиги.

Статистик маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йил апрель ойидан то 20 ноябрь ойига қадар республика бўйича 171 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан қоидабузарликлар ҳоллари ва муддатларида назарда тутилган қоидабузарликларнинг бир нечтаси содир этилганлиги аниқланиб, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш аниқланган қоидабузарликлар учун белгиланган муддат доирасида амалга оширилган.

Хусусан,

нотариал ҳаракатларни амалга оширишда махсус мосламаларда мурожаат этувчиларнинг бармоқ изларини сканер қилиш талабига риоя қилинмаганлиги учун;

кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ шартномаларни (келишувларни) тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорлиги мавжудлиги текширилмаган ҳолда амалга оширилганлиги учун;

нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар (давлат божи, герб йиғими, ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳақ) нотўғри ундирилганлиги ёки тўловлардан ноқонуний равишда озод қилинганлиги ёхуд тўловнинг имтиёзли тўланишини асослантирувчи ҳужжатларнинг ксеронусхаси олинмаганлиги учун;

нотариус томонидан ваколатли органлар ва мансабдор шахсларнинг қонунга асосланган ҳолда сўраган ҳужжатларини, маълумотларини тақдим этилмаганлиги ёки талаблари бажарилмаганлиги учун;

давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва (ёки) хатланмаганлиги «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилмаганлиги ёки нотўғри текширилганлиги учун;

нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларга оид маълумотлар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига аниқ ва тўлиқ киритилмаганлиги ёки хато киритилганлиги учун;

автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирилганлиги ҳақида маълумотнома олмаганлиги учун;

эрнинг (хотиннинг) умумий биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тузиш учун хотиннинг (эрнинг) ёзма розилиги олинмаганлиги учун;

нотариал ҳаракатларни бажариш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда нотариус томонидан уларга ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва битимнинг аҳамияти тушунтирилмаганлиги учун;

кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган, яъни чет эл фуқароларига ва фуқаролиги булмаган шахсларга расмийлаштирилганлиги учун;

тақиқ текширилганлиги хақидаги ҳужжатни қалбакилаштирилганлиги учун;

нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатларнинг нотариус иштирокида имзоланмаганлиги учунтухтатилган.

Нотариал идораларда иш юритиш Қоидаларида ( рўйхат рақами 2170, 2010 йил 22 декабрь нотариал идорада ижро қилиниши лозим бўлган барча ҳужжатлар, шу жумладан аризалар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши назарда тутилган. Нотариал идораларда ҳужжатларни рўйхатга олиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш учун «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидан (бундан кейинги ўринларда Тизим деб юритилади) фойдаланилади.

Республика Нотариал палатаси томонидан Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча тўловларнинг максимал миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида (рўйхат рақами 3235, 2020 йил 29 май) норматив ҳужжатни нотариуслар амалиётида қўллаш ва ундириш тартиби ва нотариал фаолиятда улар бўйича юзага келиши мумкин бўлган айрим ҳолатларга тушунтириш мақсадида Республика Нотариал палатаси томонидан услубий қўлланма ишлаб чиқилган.

Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, нотариус нотариал ҳаракатларни бажариш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда нотариус томонидан уларга ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилиши лозим.

«Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги  Қонунда Нотариал палатанинг асосий вазифаларига қуйидагилар киритилган:

– хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек қонун ҳужжатларининг бир хил тарзда қўлланилишига доир таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини ёйиш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш билан бирга нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касбий мажбуриятларга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, хизмат текширувлари ўтказиш, ҳамда нотариусларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида малака комиссияларига таклифлар киритиш ҳам белгилаб қўйилган.

Нотариал палата мутахассислари томонидан  мониторинг олиб боришдан мақсад  – келгусида қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш, аҳолидан тушаётган эътирозларнинг камайтиришдан иборатдир. Нотариуслар томонидан олиб борилаётган ижобий фаолиятни кенг тарғиб қилиш, энг яхши нотариуслар фаолиятини оммалаштириш ҳамда рағбатлантириб бориш, нотариуслар ўртасида ҳалол рақобат ва соғлом муҳит яратиш – Палатанинг ўз олдига қўйган асосий вазифаларидан биридир.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолатларда ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Нотариал палатаси Жамоатчилик билан ишлаш бўлим