Нотариусни алдаган фирибгарлар

0

Замонавий технологиялар жамиятни жадал ривожлантиряпти, бу унинг ютуқ томони. Аммо  кўпинча фирибгарлик жиноятини (ҳужжатларни сохталаштириш, сохта пуллар чиқариш ва ҳ.к) айнан компьютер технологиялари орқали амалга оширилаётгани ҳам бор.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Тошкент шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан  бир нечта ҳолатда Польшадан келган сохта ишончномаларга асосан нотариал ҳаракат расмийлаштирилган.

Энг қизиғи, фирибгарлар ёлғиз кексаларнинг, эгалари узоқ вақт бошқа манзилда истиқомат қилиб, ёлғиз қолдирилган уйларни топишган. Фирибгарлар тақдим этган ҳужжатларга кўра эгалари Польшага кетгану, ўша мамлакатда нотариал тасдиқланган уй-жой олди-сотдисига ишончнома юборишган. Ишончномалар ва унинг қонунийлигини тасдиқловчи апостиль белгилари шундай моҳирона қалбакилаштирилганки, нотариусда унинг қалбаки бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган.

Бир гуруҳ шахслар (риэлтор, маклер, машинафурушлар ва б.) тил бириктириб ишончномаларни сохталаштиришлари кузатилмоқда.

  • Ишончнома ва мерос очиш бўйича ҳужжатларни МДҲ давлатларидан келган бўлса, Кишинёв келишувига асосан, текшириш мумкин. Гаага конвенциясига қўшилган давлатларда апостиль қўйиш талаб этилади. Чет эллардан келган ҳужжатларни махсус сайтлар орқали текширилади, биз бу сайтларнинг электрон манзилини нотариусларга етказганмиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси бўлим бошлиғи З.Мусаева.

Бундай ҳолатда нотариуслар билан профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Чет элдан келган ҳар бир ҳужжат текширилиб, ҳақиқийлиги исботини топгандан кейин амалга оширилишини талаб қилинмоқда. Балки ҳужжатни текшириш бир оз вақт олиши мумкин, аммо гап фуқароларнинг мулки ҳақида кетмоқда. “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг мулкий жавобгарлиги белгиланган. Шу ўринда, фуқароларимизга ҳам ўз мулклари борасида эҳтиёт бўлишларини, кекса ота-оналари алоҳида яшаса, тез-тез хабар олиб туришлари, бегона шахсларга ҳужжатларидан нусха бермасликлари ва турли ҳужжатларни ўқимасдан туриб қўл қўймасликларини сўраймиз.

Енгил йўл билан бойлик орттирмоқчи бўлган юртдошларимизга эса, жиноятга жазо муқаррар эканини эслатиб қўйган бўлардик.

 

Баходир Зоиров,

Нотариал палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Аввалги мақолаОлий таълимда ўқишни қайта тиклаш қандай амалга оширилади?
Кейинги мақола14 ёшгача бўлган болали оилаларнинг ҳаммасига нафақа берилиши керакми?