“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича нималар қилинади?

0

Жорий йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан қабул қилинган эди. Айни вақтга қадар ушбу дастурлар доирасида 1 мингдан ортиқ маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди.

Лекин бугун ҳам ушбу дастурларга эҳтиёжи бор ҳудудлар мавжудлиги инобатга олиб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5048-сон, 02.04.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги қишлоқлар рўйхати қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилади:

● олис ва иқлими оғир ҳудуддалиги;

● Халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга йўл, коммуникация тармоғи ва ижтимоий соҳа бўйича йўлланган мурожаатлар сони;

● аҳоли ва тадбиркорларда ўз ҳудудини ободонлаштириш ташаббусининг мавжудлиги;

● “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи”, “Туризм овули” мақомига эга эканлиги.

Қарорга кўра, 2021 йилда жами 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланди.

Дастурлар доирасида, жумладан:

  • 10 114,4 км ички йўллар қурилади ва таъмирланади;
  • 765 км пиёда йўлаклари қурилади;
  • 615 та боғча, 1 030 та мактаб, 376 та тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилади;
  • 710 та маҳалла биноси, 114 та маҳалла гузари, 27 та маданият марказлари қурилади ва таъмирланади;
  • 345 та автобекатлар қурилиб, таъмирланади, 104 та янги жамоат транспорти йўналишлари ташкил этилади;
  • 1 867 та спорт майдончаси, 490 та болалар майдончаси, 43,5 км узунликдаги велосипед йўлаклари барпо этилади;
  • 45 376 та якка тартибдаги уй-жойлар, 1 323 та кўп квартирали уй-жойлар таъмирланади, шунингдек 6 500 та якка тартибдаги уй-жойлар қурилади.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ““Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак”.

Пахтаобод тумани адлия бўлими бошлиғи Ғ.Соломов

Аввалги мақолаАдлия вазири Русланбек Давлетов “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди
Кейинги мақолаКуним ўтса бўлди, деган тарбиячининг кераги йўқ…