ЯнгиликларМаҳаллийОбод бўлаётган манзиллар: Бўка тумани

Обод бўлаётган манзиллар: Бўка тумани

Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишда мутасаддиларга инфратузилмаси ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган 1071 та аҳоли пунктини  ободонлаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди. Жумладан, 294 та мактабгача таълим муассасаси, 457 та мактаб, 325 та тиббиёт муассасаси, 58 та қишлоқ маданият уйини қуриш ва капитал таъмирлаш, 6,5 минг километр йўл ётқизиш, 109 минг дона темир-бетон электр узатиш линиялари таянч устунларини ўрнатиш масъуллар олдига қўйилган асосий вазифалардандир. Президент топшириғига асосан, бу муаммоларни комплекс ҳал етиш учун Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида вазирлик ва идоралар раҳбарларидан республика ишчи гуруҳи тузилди. Тошкент вилоятининг энг чеккасида жойлашган Бўка туманининг “Бўка” маҳалласи ана шундай кенг кўламли дастурни амалга оширишнинг биринчи манзилидир.

Иш йўлларни таъмирлашдан бошланди. Бўка аҳолисининг айтишича, бу масала  йиллар давомида эътибордан четда қолган. Ёзда чанг, қишда эса лой кўпчиликни қийнаб келган. Қишлоқ жойларда йўлларни текислаш шунчаки шағал-қум тўшаш емас, балки бу ерда махсус технологик усуллар татбиқ этилди.

“Бўка” маҳалласининг обод этилиши натижасида, нафақат ҳудуд қиёфасини, балки қишлоқ аҳолиси ҳаётининг ўзгаришига сабаб бўладиган 12,5 километрлик ана шундай йўллар таъмирланади. Энди мактабга, болалар боғчасига бориш ёки шаҳар бўйлаб сайр қилиш, ҳамюртларимизга ҳақиқий завқ бағишлайдиган бўлади. Аҳоли ҳам бу ишларга бефарқ эмас. Ҳамюртларимиз мутасадди ходимлар билан биргаликда шағаллаштириш ишларига кўмак беришмоқда.

Бўка қишлоқ хўжалигига ихтисослашганган ҳудуд бўлганлиги сабабли бу ерда коллекторларнинг, умуман, суғориш ва дренаж тизимининг соз ҳолатда  ишлаши муҳим аҳамиятга эга. Бироқ 30 йил давомида эътиборсизлик туфайли ушбу инфратузилма яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ободонлаштириш ишлари давомида коллекторлар тўлиқ тартибга келтирилди. Фермерларнинг фикрига кўра, талаб даражасидаги коллекторлар  ҳосил чўғига бевосита таъсир қилади.

Яқин вақтгача бу қишлоқ аҳолиси ичимлик суви ташиб ичар эди.  Эндиликда бу масала тез орада ҳал бўлади. Қувур ётқизиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Оби ҳаёт ҳар бир хонадонга кириб боради.

Маҳаллада электр тармоқлари тўлиқ алмаштирилди, ўнлаб километр кабеллар янгиланмоқда. Янги темир-бетон устунлар, замонавий трансформаторлар ўрнатиляпти. Демак, электр таъминотидаги узилишлар муаммоси энди ўтмишда қолади.

Ишлар ҳоким ёрдамчилари билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Эндиликда мутасаддилар қишлоқлардаги ижтимоий муҳитни назорат қилади. Тиббиёт муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий объектлар намунали ҳолатда бўлиши шарт. Бу эса одамларнинг турмуш фаровонлигига асос бўлади.  Маҳаллаларда  ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img