Суд очеркиОбрўига доғ туширган МИБ ходими

Обрўига доғ туширган МИБ ходими

Маълумки, Жиноят кодексининг 164-169-моддаларини ўз ичига олган Х боби “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” деб номланган. Афсуски, сўнгги пайтларда судларда кўрилаётган жиноят ишларининг аксарияти айни тоифадаги жиноятлардир. Айниқса, жамиятда юксак обрў ва эътиборга эга бўлган касб соҳибларининг бундай жиноятларга қўл ураётгани ачинарли ҳолдир.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси Илҳомжон Иномиддинов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам ўз нафсига алданиб, фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан жиноий тил бириктирди.

Гап шундаки, Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 15 январдаги ижро варақасига асосан Андижон вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасидан 423.323.673 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш белгиланган. Мазкур ижро варақа 2018 йил 24 апрелда Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси И.Иномиддинов томонидан “Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида” қарор қабул қилинади. Шунга кўра, корхонага тегишли, шаҳарнинг Қўшариқ даҳасида жойлашган ёқилғи омбори, автотураргоҳ ҳамда бино ва иншоотлар далолатнома асосида хатланган. Ўша йилнинг 15 ноябрида эса хатланган кўчмас мулклар электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Бироқ унитар корхонанинг мурожаатига асосан 2019 йил 4 январда ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги “TEPLOPODYOMNIK” масъулияти чекланган жамиятининг 2019 йил 22 февралдаги ТП-0175-22 – сонли хулосасига мувофиқ, хатланган 2 дона ёқилғи сиғимлари яроқсиз деб топилиб, утилизация қилиниши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Андижон вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбари Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев 2019 йил 23 мартдаги алоқа хати билан яроқсиз деб топилган 2 дона ёқилғи сиғимларини утилизация қилиб, ундан тушган маблағни бўлса корхонанинг солиқ қарздорлиги ва ходимларнинг иш ҳақига йўналтириб беришни сўраган. Бинобарин, 2019 йил 25 март куни Илҳомжон бу хусусда қарор қабул қилади. Сўнгра 2019 йил 11 июнь куни 2 дона ёқилғи сиғимлари 2019 йил 18 апрелдаги далолатномага биноан “Ўзметкомбинат” АЖнинг “Иккиламчи қора метал” шўъба корхонаси Андижон филиалига 60.000 килограм метал ҳисобида топширилганлиги ҳақида “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбарига хабар беради. Алоқа хатига юқоридаги далолатномани ҳам илова қилади. Шунга асосан, М.Тўхтабоев топширилган 60.000 килограм метални  корхона режасидан чегириб ташлашни сўрайди. Лекин “Иккиламчи қора метал” шўъба корхонаси Андижон филиали унга бунча миқдордаги метал топширилмаганлигини маълум қилади. Негаки давлат ижрочиси Илҳомжон Иномиддинов шаҳрнинг Бўстон даҳасида яшовчи, иккиламчи қора метал олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан бирга ҳужжатларни сохталаштириш орқали тилга олинган 2 дона ёқилғи сиғимларини аллақачон 72.173.726 сўмга сотиб, пулларни ўзлаштириб юборган экан. Шу боис И.Иномиддинов ва Ж.Солибоевга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а,в,г”-бандлари билан жиноят иши қўзғатилади.

* * *

Андижон давлат университетининг Санъатшунослик факультети доценти Азизбек Тиллабоевни вилоятда кўпчилик яхши танийди. Чунки у нафақат олийгоҳ ўқитувчиси, балки таниқли санъаткор ҳамдир. Аммо олтмиш ёшдан ошган А.Тиллабоев фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этиб, ўзининг мисқоллаб йиққан обрўсини тўкиб қўйди.

Тергов ва суд мажлисида аён бўлишича, 2019 йил ноябрь ойида Азизбек ака муқаддам Мустақиллик байрами тадбирларида танишиб қолган фуқаро Санжар Оқиловнинг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ишга кириш ҳаракатида юрганидан хабар топади.

— Ука, мен ишга киришингизга ёрдам беришим мумкин. Фақат бу иш осонликча битмайди, ўзига яраша чиқимлари бор, — дейди у бир куни.

— Қанча бўларкин?, — ҳам умид, ҳам иккиланиш билан сўрайди С.Оқилов.

— Уч минг доллар берсангиз, бошқармадаги танишларим билан гаплашаман, — дея тегишли ҳужжатларни тайинлашни таъкидлайди санъаткор устоз.

— Майли, мен дадам билан маслаҳатлашиб кўраман.

Шундан сўнг эртаси куни А.Тиллабоевнинг олдига Санжарнинг отаси Давлатали Оқилов ташриф буюради.

— Кеча ўғлим билан иш масаласида гаплашган экансизлар, — деб вазминлик билан сўз бошлайди Давлатали ака. — Аммо бизнинг унча пулимиз йўқ-да.

Албатта, Азизбек Тиллабоев Д.Оқиловдан бундай гапни кутмаганди. Шунинг учун ўз оёғи билан келиб турган даромад манбаини қўлдан чиқармаслик мақсадида ишга киритиш “ҳаражати”ни ярмига — 1500 АҚШ долларига туширади.

— Бир куни ўғлингиз менга юз доллар қарз берганди. Шу сабабли қолган бир минг тўрт юзни берсангиз бўлди, — деди домла изоҳ бериб.

— Хўп, розиман. Фақат пулни эртага олиб келаман, — дея унинг ҳузуридан чиқди Давлатали Оқилов.

У шундай деб А.Тиллабоевнинг шартига кўнишга кўнди-ю, бироқ кейин пора эвазига ўғлини ишга жойлаштириш ноқонуний ҳолат эканлигини англаб, фикридан қайтди. Энг муҳими, бу хусусда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилоят бошқармасига мурожаат қилди. Оқибатда Азизбек Тиллабоев эртаси куни ўзи ишлайдиган факультет биноси олдида Д.Оқиловдан 1400 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

* * *

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти саналади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ҳар иккала айбдорнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Энди ҳақли савол туғилади: sонунни билмаган, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тушунмаган фуқарони-ку қўя турайлик. Лекин ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлган И.Иномиддиновнинг нафс домига тушганини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, у суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида Мажбурий ижро бюроси зиммасига нечоғлик улкан масъулият юкланганини унутган бўлса? Ёки талабаларга мусиқа санъати сирларини ўргатадиган доцентнинг ҳаракатларичи? Нега бу “қаҳрамон”имиз Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши мислсиз кураш олиб борилаётганини ёдидан чиқарди?

Хулоса ўрнида ҳар иккала судланувчининг ҳамкасбларига “Ҳамиша огоҳ бўлинг! Ўзингизнинг ғайриқонуний ҳаракатларингиз билан касбу обрўингизга доғ тушириб қўйманг!” деймиз.

Рустамжон ТУРГИНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Андижон шаҳар суди раиси

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img