Оила қонунчилигида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва хориж тажрибаси

0

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳар доим давлат ва жамият эҳтиёжида бўлиб келган. Бу ҳолат муайян давлатда шаклланган урф-одатлар, кишиларнинг дунёқараши ва жамиятдаги диний-дунёвий ақидаларнинг таъсирида турлича бўлиши мумкин. Бироқ ҳамма ҳолатларда ҳам давлатлар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, уларга нисбатан бўлиши мумкин бўлган турли тайзиқ ва тажовузлар учун кескин ва қаъий чораларни кўришга ҳаракат қиладилар.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган мазкур ислоҳотлар силсиласида ушбу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу боис аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг оилавий-ҳуқуқий масалалари ва Ўзбекистон Республикасининг оила қонунчилигида белгиланган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  механизмларини изоҳлаш долзарбдир.

Оила кодексида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб ҳуқуқий кафолатлар белгиланган. ОКнинг 2-моддаси оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилигига бағишланади. Ушбу моддага кўра бундай тенглик қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

1) эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи; 2) эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги; 3) ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши; 4) оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш; 5) вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги.

Мазкур тамойиллар оилавий муносабатларда аёлларнинг ҳуқуқлар эркаклар билан тенг эканлиги, ички оилавий масалаларни ҳал қилишда уларнинг фикри билан ҳисоблашиш лозимлиги каби ўта муҳим приниципал қоидаларни ифодалайди.

Оила кодексининг 4-моддаси учинчи қисмига кўра, она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади.

Оилада аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги гап кетганда оналик ва болаликнинг муҳофазаси масалаларига тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ, албатта. Оилада она ва боланинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг кўплаб механизмлари белгиланган. Кўп ҳолларда она ва боланинг манфаатлари бир-бирига мувофиқ кўрилади ва уларни алоҳида ҳолда талқин этиш мумкин эмас. Хусусан, ҳомиладорлик даврида ва бола ҳаётининг дастлабки даврларининг унинг манфаатларини она ифода этади ва инсофли она учун боланинг манфаатларини устувор тус касб этади.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш келин никоҳ ёшига етмасидан никоҳ қайд этилиши учун асослардан бири саналади (Оила кодексининг 15-моддаси), шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган бир ойлик муддат ўтмасидан олдин ҳам никоҳни рўйхатдан ўтказиш имконин беради (Оила кодексининг 13-моддаси). Мазкур нормалар аёлнинг қонуний никоҳда фарзандли бўлиши ҳамда боланинг юридик расмийлаштирилган оилада туғилиши ва ўсиши учун шароитларни мустаҳкамловчи нормалар ҳисобланади.

Аёлнинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари бевосита эр-хотининг шахсий-номулкий ва мулкий ҳуқуқларни амалга оширишдаги тенглигида ҳам намоён бўлади. Масалан, эр-хотиннинг болалар тарбияси ва оила турмуш масалалари ҳал этишдаги тенглиги (Оила кодексининг 21-моддаси),  эр-хотининг никоҳ давомида орттирилган мол-мулки уларнинг умумий мулки ҳисобланиши (Оила кодексининг 23-моддаси), умумий мулкни тасарруф этишда эр-хотининг ҳуқуқлари тенглиги (Оила кодексининг 24-модда) оилада аёлларнинг ҳуқуқлари юридик жиҳатдан тенг ва улар ушбу масалаларни биргаликда келишиб ҳал этишлари белгиланган.

Никоҳ оиланинг вужудга келишидан бирдан-бир  асос,  омил бўлиб хизмат қилади. Никоҳ муносабатлари қанчали соф, эркин, ихтиёрий, шунингдек, давлат томонидан қўйилган талабларга монанд равишда тузилса, албатта, шу оиланинг мавқеи, обрўи, шунингдек, ушбу оилада вояга етиб келаётган фарзандлар ҳам комил инсон бўлиб етишадилар.

Шу маънода, никоҳ тузиш шартларидан бири бўлиб, унинг ихтиёрий эканлиги ҳисобланишини таъкидлаш зарур. Никоҳ тузаётган шахсларни иродаси, мустақил ва тўсиқсиз, руҳий ва жисмоний зўравонликсиз ифода этилиши лозим; ўз иродасини ифода этишда чеклаш таъқиқланган. Шу билан бирга ҳар қандай давлатни ҳуқуқ никоҳ тузиш учун зарур бўлган шартларни ва никоҳ тузишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни белгилайди. Мазкур ҳолат замонавий жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ғалабасидир. Инсоният тарихида никоҳ тузаётган иккала тараф ёки бир тарафни, одатда аёлнинг иродасига қарши ёки келин ва куёв балоғатга  етмасдан уларнинг оилалари ўртасида никоҳ битимлари тузилган даврлар бўлган. Мазкур  муаммони яна бир жабҳаси, никоҳланаётган шахсда руҳий касаллик ёки ақлан заифлик мавжудлигидир, бунга боғлиқ равишда мазкур шахс ўз харакатлари ва уларнинг оқибатларини мувофиқ равишда баҳолай олмаслиги турли мамлакатларнинг қонунчилигида бу масалани ҳал қилишда ягона фикр мавжуд эмас.

Оила кодексининг 14-моддасида бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши ҳамда никоҳ тузишга мажбур қилишни тақиқлаш каби қоидаларнинг киритилиши оилани мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий меъёр бўлиб хизмат қилади.

Никоҳ тузишнинг ихтиёрийлигининг бузилиши ва бу ҳаракатларда тарафларнинг айбдор бўлиши аниқланса, суд Жиноят кодексининг 136-моддасида кўрсатилганидек: “Аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғирлаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишга тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик берилган.

Никоҳ тузиш шартларидан бири бўлиб ҳисобланган никоҳ тузувчиларнинг эркига хилоф равишда қилинган ҳар кандай хатти-харакатлар инсон манфаатларига нисбатан зид ҳисобланади. Никоҳни ўзаро келишув-розилик асосида тузилиши, бу ўз навбатида бўлажак эр-хотиннинг оиласини тенглик асосида қурилганлигини билдирса, бошқа томондан оиланинг барқарор ва мустаҳкам бўлишини ҳам таъминлашга қаратилган тадбирдир.

Никоҳдан ажралиш масалаларида ҳам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид махсус механизмлар белгиланган. Жумладан, ОКнинг 39-моддасига кўра, хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр-хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

Болаларнинг насл-насабини белгилашда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қоидалар назарда тутилган. Хусусан, Оила кодексининг 60-моддасига кўра, Боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланади.

Оила қонунчилигига кўра, оналикни белгилаш – оталикни белгилашга қараганда енгилроқ таомил ҳисобланади. Бу, энг аввало, бола туғилишининг ташқи томони – аёлнинг ҳомилани кўтариб юриш юкидан халос бўлиши билан боғлиқ. Шунингдек, қонун боланинг онаси уни туққан аёл эканлиги тамойилидан келиб чиқади ва шу йўл билан оналик ва айни пайтда суррогат она – эмбрионни ҳомилани кўтариб юриш мақсадида имплантация қилинган аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бу ҳолат боланинг онаси сифатида эътиро этилиш суррогат онага тегишли ҳисобланади. Мазкур қоида ОКнинг 207-моддаси учинчи қисмида белгиланган бўлиб, унга биноан ўзаро никоҳда бўлган ва бошқа аёлга ҳомилани ривожлантириш мақсадида эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган шахслар болани туққан аёлнинг (қондош онанинг) розилиги билангина боланинг ота-онаси деб ёзилиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.

Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.

Оталикни белгилаш муносабатларида ҳам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари назарда тутилган бўлиб, унга кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади (ОКнинг 61-моддаси).

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг навбатдаги механизми алимент муносабатларида ўз ифодасини топган. Жумладан, оила қонунчилиги эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шартлиги белгиланган бўлиб, мазкур қоида аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолати сифатида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу қоиданинг амал қилиш механизми сифатида ОКнинг 117-моддаси хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож хотин ёрдам беришга қодир бўлган эрдан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга эканлиги сифатида мустаҳкамланган.

Шунингдек, алимент муносабатларида ҳам оила қонунчилиги аёллар манфаатларини таъминлаш, аёлга собиқ эри томонидан таъминот беришга оид нормаларни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида алимент ҳуқуқ ва мажбуриятларининг қуйидаги, яъни:

ота-онанинг вояга етмаган болаларига нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

болалар муассасаларига жойлаштирилган болаларга нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

муомалага лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг бир-бирларига нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

қариндошлар ва бошқа шахсларнинг бир-бирларига нисбатан алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби турлари мавжудлиги белгиланган.

Оилавий-ҳуқуқий муносабатларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоларидан бири оиладаги эр-хотин ҳуқуқларининг тенглиги ва оилавий масалаларни ўзаро келишиб ҳал этиш тамойилларининг бузилиши билан боғлиқ. Бунда эр ёки хотиндан бирига нисбатан оила бошлиғи иборасининг қўлланилиши аёллар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши мумкин. Маълумки, ўзбек оиласида эрнинг ўрни, унинг жамиятда ва оилада тутган мавқъе ҳамда диний нуқтаи назардан эркак оила бошлиғи сифатида кўрилади ва оиланинг ташқи муносабатларида у оила бошлиғи сифатида кўрилади. Бу ҳолат миллий менталитетдан келиб чиқади, албатта. Оилада аёларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлар билан боғлиқ муаммолар бугунги кунда алоҳида долзарблик касб этади. Бу ҳолат эр-хотининг никоҳдан ажралиши ва аёлларнинг кўп ҳолларда моддий таъминотсиз қолиши билан боғлиқ.

Хориж тажрибаси

Бу борада айрим хорижий давлатлар қиёсий таҳлил этилганда хорижий ҳуқуқ соҳасида никоҳ тузишда ихтиёрийлик мажбурий шарт қилиб белгиланган. Баъзи бир мамлакатларда мазкур ҳолат конститутциявий принцип мақолига эга. Масалан, Испания Конституциясининг 32- моддаси 1- бандида “аёл киши ва эркак киши тўлиқ худудий тенг ҳуқуқлик асосида никоҳ тузиш ҳуқуқига эга”, деб қайд этилган. Худди шундай аналогик меъёр Португалия Конституциясининг 36- моддасида ҳам мавжуд. Францияда “розилик бўлмаса, никоҳ йўқ” деган қоида амалда (Франция ФК 146-моддаси). Герман фуқаролик қоидалари никоҳланаётганларни никоҳ тузиш ҳақида шахсий аризани назарда тутади, шарт остида никоҳ тузиш мумкин эмас (1311, 1312- бб) Латвия Республикасида шундай қоида ўрнатилганки, унга мувофиқ фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими бошлиғи келин ва куёвдан никоҳ тузишга розилигини сўрайди. Агарда иккала томон хоҳишини ифода этса, бошлиқ мазкур розилик ва қонун асосида никоҳ тузилган ҳисобланади (Латвия ФК 57-моддаси). Грузия қонунчилиги никоҳ тузаётган шахсларни розилигини никоҳ тузишни зарурий шарти деб белгилайди. (Грузия ФК 1107-моддаси) Беларусь Республикасининг никоҳ ва оила ҳақидаги кодекси никоҳ тузиш шартларини зарури сифатида никоҳланаётган шахсларни ўзаро розилигини кўрсатади (17-модда). Украина оилавий ҳуқуқида никоҳ тузишда ихтиёрийлик ҳамда аёлни ёки эркакни никоҳга мажбурлаш мумкин эмаслигини кафолатловчи меъёр мавжуд (Украина ОК 24- моддаси).

Хитой қонунчилиги бўйича никоҳ, нафақат эркин ёки ихтиёрий, балки эркак ва аёлни тенг ҳуқуқли ва ўзаро иттифоқи эканлиги нормаланади. Эркинлик (ихтиёрийлик) ва тенг ҳуқуқлар (ўзаролик) никоҳланаётган эркак ва аёл учун асосий шартдир, бундай шарт 1950 йилда ХХР “никоҳ ҳақида” қонуни билан киритилган. Ушбу шарт амалдаги қонунчиликда 1981 йилдаги “Никоҳ ҳақида” қонунида ҳам (2001 йил таҳрири) мавжуд. Эркинлик дегани никоҳ тузишга хоҳиш кимнингдир таъсиридан ҳоли равишда шаклланади, никоҳ ришталари билан боғланиб, оила тузишни мустақил англанган тайёрликдир. Никоҳни тузишга мажбурлаш никоҳланаётганни биридан ёки қариндош ва бошқа шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда никоҳ эркинлигига аралашув жисмоний ёки руҳий зўравонлик шаклида бўлиши мумкин. Асрлар мобайнида Хитойда никоҳлар оилалар, одатда никоҳланаётганларни оталари ўртасидаги келишув асосида тузилган.

Шундай қилиб, никоҳ тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Россияда никоҳланаётганларнинг шахсан  ўзлари бўлганидагина никоҳ тузиш мумкин  (РФ ОК 11-моддаси 1-банди). Никоҳ тузаётганлар никоҳ, тузишга ўзаро ихтиёрий розилигини ҳамда мазкур актни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни тасдиқлайдилар. РФ нинг амалдаги  ЖКси маълум ҳолатларда инсонни ўғирлашни жиноят деб квалификациялайди (126-модда). Қонунчилик никоҳ тузишга мажбурлашга нисбатан махсус таркибни ўрнатишини бундай жиноятлар сони аҳамиятсиз бўлганлиги сабаб мақсадга мувофиқ деб топган.

Хулоса қиладиган бўлсак, оила қонунчилигида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари тўла ўз аксини топган.

Саломат Ниёзова,

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят ҳуқуқи, криминология

ва коррупцияга қарши курашиш

кафедраси профессор вазифасини

 бажарувчи, ю.ф.д. (DSc)
Азизахон Алланова,

 ўқитувчи, ю.ф.ф.д.

 

Аввалги мақолаСудлар фаолияти:  кеча ва бугун
Кейинги мақолаСамарали ижро назорати: адлия органлари – ҳуқуқий-услубий кўмакчи